Намангандаги 270 килограммлик қабртош. У кимга тегишли?

18:03 24 Июль 2018 Маданият
630 0
Фото: "Халқ сўзи"

Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли Ибрат ҳар соҳада замонасининг илғор маърифатпарвари бўлгани унинг эзгу амалларида ўз ифодасини топган. Жумладан, яқинлари мангу қўним топган Наманган туманидаги “Хилват” қабристонидаги чиллахона мақбарасига аждодлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида у ўзига хос қабртош ўрнатган. Қабртошга арабча ёзувда шундай сўзлар битилган:

Фото: "Халқ сўзи"

“Бу қабр яхши хислатлар ва одатлар ҳамда кароматлар эгаси, етук ва комил шайх Неъматуллоҳ Хожа Эшон Туркистонийникидир. У киши ҳижрий 1251 (милодий 1835) йилда вафот этдилар. У кишидан сўнг Суннатуллоҳ Хожа Эшон ҳижрий 1267 (милодий 1851) йилда қазо қилдилар.Булар Ҳазрат Султон Хожа Аҳмад Яссавий авлодларидандирлар, уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Булардан бошқа яна Неъматуллоҳ Хожа авлодларидан бўлган Суннатуллоҳ Хожанинг ўғиллари Атоуллоҳ Хожа Эшон бордир. Ул киши ҳижрий 1323 (милодий 1905) йилда вафот этдилар”.

Мақбара ёнидаги темир панжара билан ўралган қабрларга Ибратнинг ота томондан катта бобоси Неъматуллоҳ Хожа, бобоси Суннатуллоҳ Хожа ва укаси Атоуллоҳ Хожа (1865-1905) дафн этилган. Бу ерда яна бир қабр бўлиб, уни Исҳоқхон Ибратнинг рамзий қабри эканлиги ҳақида фаразлар бор. Аҳмад Яссавийнинг укаси Садр Хожа авлодларидан бўлган Неъматуллоҳ Хожа Туркистондан Наманган заминига XVIII асрнинг иккинчи ярмидан келиб, яшаб қолган.

— Оғирлиги 270 килограмм, бўйи 140 сантиметр, пастки эни 70, ўрта қисми 45, юқориси 50 сантиметр бўлган бу улкан тошни 1905-1935 йиллар оралиғида Ибрат Олабуқадан (Қирғизистон) олиб келган, — дейди мустақил тадқиқотчи Расулбек Умматов. — Ҳозирги кунда ундаги ёзувларнинг бир қисми кўчиб, таъмирталаб ҳолга келиб қолган.

Ибрат аждодларига тегишли хилхона Ибратнинг тўнғич ўғли Аббосхон тўранинг набираси Хайрулло Аббосов назоратида муқаддас қадамжога айланиб бормоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар