Музработ тумани секторлар раҳбарлари депутатларга ҳисобот берди

16:03 09 Октябр 2020 Жамият
189 0

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 1 майдаги «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган таҳлиллар натижасида Музработ тумани «қониқарсиз» ҳудуд дея баҳоланди. Етарлича салоҳияти бўлишига қарамай, 2019 йил якунлари бўйича туманда ишбилармонлик муҳити қониқарсиз бўлишининг асл сабаблари нимада? Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, умуман айтганда, туманда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Имонов, шунингдек, парламентнинг юқори ва палатаси вакиллари, туман фаоллари иштирок этган халқ депутатлари Музработ тумани кенгаши сессиясида ушбу саволларга савоб изланди. Унда қайд этилишича, 2019 йилда саноат кўрсатгичи 92 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 662 минг сўм тўғри келган. Ўтган йили туманнинг вилоят саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 2.5 фоиз бўлган, холос. 2018 йилда туманда 406 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб борган бўлса, ўтган йил якуни бўйича бу кўрсатгич 866 тага етган. 1876 та кичик бизнес субъектига 96 миллиард 32 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган. Шунга қарамай, туманда тадбиркорлик муҳити қониқарсиз бўлган. Яна бир бир ташвишланарли рақам: меҳнатга лаёқатли аҳолининг 5700 нафари ишсизлар рўйхатида қайд этилган. Шу жумладан, 3000 га яқин туман ёшлари иш билан таъминланмаган. Эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар кўрсатгичи ҳам юқорилигича қолмоқда. «Темир дафтар»га киритилган 2639 оиланинг 788 таси иқтисодий жиҳатдан ўнгланиб, рўйхатдан чиқарилган.

Сессияда туман ҳокими Эркин Алимов йўл қўйилган хато-камчиликларни кўрсатиб, туманни «қизил» ҳудуддан чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган «йўл харитаси» ҳақида батафсил маълумот берди. Қайд этилганидек, туманда 141 минг 400 нафар аҳоли истиқомат қилади. Табиийки, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бу ерда яшовчи аҳолисининг кундалик турмуши, фаровон келажаги билан бевосита боғлиқ . Туман ҳокими ҳамда секторлар раҳбарлари Музработ тумани «қизил» ҳудудга тушгани учун депутатлар, улар тимсолида бутун халқдан кечирим сўрашди. Сектор раҳбарлари ўз ҳисоботида маълум қилишича, ишлаб чиқилган «йўл харитаси»га биноан йил охирига қадар туман «сариқ» ҳудудга, келгуси йил биринчи ярмига қадар «яшил» ҳудудга ўтиши режалаштирилган.

Сессияда сектор раҳбарлари ҳисобот берди, кечирим сўралди, ваъдалар берилди. Ижроси-чи? Бу борада берилган ваъдалар ва белгиланган вазифалар ижроси 2022 йил биринчи ярмида яна муҳокама қилинади.

Таажуубки, сессияда секторлар раҳбарлари ҳисоботи тингланса-да, битта ҳам депутат сўзга чиқмади. Бу нимадан далолат беради? Наҳотки, муҳокама этилган масалалар халқ вакилларининг на эътирози, на саволи, ҳеч бўлмаса жўяли таклифи бўлмаса. Сессияда улар ҳаммадан кўпроқ фаол ва жонкуяр бўлишлари лозим эмасми? Савол туғилади. Депутатлар лоқайдлиги, бепарволигини энди оқлаб бўлармикан. Бизнингча, йўқ!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий этилаётган ислоҳотлар жамият ҳаётини тубдан янгилашга имкон бермоқда. Одамларни рози қилишдек эзгу мақсадга оғишмай риоя қилиш, бошқарувда шаффофликка эришиш, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар очиқ-ойдин айтиш учун бугун ҳеч қандай монелик йўқ. Жамиятимизда сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги таъминланяпти. Демократик тамойиллар кенг жорий этилиб, жамият ҳаётида очиқлик, ошкоралик муҳити шаклланди. Буни халқ депутатлари Музработ тумани сессияси якунида журналист ва блогерлар учун ўтказилган матбуот анжумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Туманда тадбиркорлик муҳитининг «қониқарсиз»лиги, буни келтириб чиқарган омилллар ҳақида оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтиргани кўплаб саволларга туман секторлари раҳбарларидан жавоб олишди.

Илҳом Раҳматов, 
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?