Меценатлик тўғрисида

09:07 17 Октябр 2019 Ҳужжатлар
314 0

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 14 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда  маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда.  Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади меценатлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда.  Меценатлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Меценатлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг меценатлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда.  Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонун маданият ва санъатни ривожлантириш мақсадида ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

4-модда.  Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
меценатлик (меценатлик фаолияти)  – маданият ва санъат, шунингдек илм-фан, таълим, маърифат ҳамда маданият ва санъатни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа фаолият соҳасида жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган ҳомийлик фаолияти;
меценат  – меценатлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс;
меценатлик кўмагини олувчи  – меценатлик кўмаги ҳисобига маданият ва санъатни сақлаш ҳамда ривожлантириш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс.
меценатлик кўмаги  – меценатлик фаолияти доирасида меценатлар томонидан беғараз ёки имтиёзли шартлар асосида меценатлик кўмагини олувчиларга бериладиган мол-мулк, шунингдек улар учун бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар ва қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари.

2-боб.  Меценатлик фаолиятининг мақсадлари, принциплари ва кафолатлари

5-модда.  Меценатлик фаолиятини амалга ошириш мақсадлари

Меценатлик фаолияти қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш;

маданият ва санъат соҳасидаги касбий фаолиятни қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни, лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш;

маданият ва санъат соҳасидаги ёш истеъдодларни ва арбобларни қўллаб-қувватлаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг маданият ва санъатни ривожлантиришда иштирок этиши учун маънавий рағбатлантириш омилларини ҳамда бошқа омилларни кенгайтириш.

Меценатлик фаолияти маданият ва санъатни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа мақсадларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

6-модда. Меценатлик фаолиятининг асосий принциплари

Меценатлик фаолияти қонунийлик, ихтиёрийлик, инсонпарварлик ва ҳисоботларнинг ишончлилиги принциплари асосида амалга оширилади.

Меценатлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

Ихтиёрийлик принципи меценатларга меценатлик кўмагини кўрсатиш ҳуқуқини ва меценатлик кўмагини олувчиларга учинчи шахслар томонидан мажбурий таъсир кўрсатмасдан бундай кўмакни олиш ёки олмаслик ҳуқуқини беришдан иборатдир.

Меценатлик фаолияти жамиятда инсоннинг инсонпарварлаштирилган яшаш муҳитини шакллантиришга, унинг ижодий фаолияти эркинлигини таъминлашга доир интилишга асосланади.

Меценатлар ва меценатлик кўмагини олувчилар меценатлик кўмагини бериш ҳамда ундан фойдаланиш жараёнларида ишончли ҳисобни юритиши шарт.

7-модда. Меценатлик фаолиятининг кафолатлари

Жисмоний ва юридик шахслар меценатлик фаолиятини ихтиёрийлик ҳамда бу фаолиятнинг мақсадларини эркин танлаш асосида монеликсиз амалга оширишга ҳақлидир.

Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки бирлашган ҳолда ҳомийлик ташкилотларини ташкил этиб ёхуд ташкил этмасдан меценатлик фаолиятида эркин иштирок этишга ҳақли.

Ҳеч ким ушбу Қонунда назарда тутилган меценатлик фаолиятининг мақсадларини ва уни амалга ошириш шаклларини танлаш эркинлигини чеклашга ҳақли эмас.

3-боб. Меценатлик фаолияти

8-модда. Меценатлик фаолиятининг субъектлари

Меценатлар ва меценатлик кўмагини олувчилар меценатлик фаолиятининг субъектларидир.

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари меценатлар бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари меценатлик кўмагини олувчилар бўлиши мумкин.

9-модда.       Меценатлик фаолиятида оммавий ахборот воситаларининг иштирок этиши

Оммавий ахборот воситалари:

меценатлик фаолиятини ривожлантиришга, шу жумладан маданият ва санъат соҳасида аҳолининг ахборотга оид ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларни ёритиши;

меценатлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;

маданият ва санъат соҳаси органлари ҳамда ташкилотлари, шунингдек меценатлик фаолияти субъектлари билан маданият ва санъатни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳамкорлик қилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.

10-модда. Меценатлик фаолиятининг ошкоралиги

Меценатлик фаолиятининг субъектлари меценатлик кўмагини кўрсатиш факти ва унинг мақсадлари тўғрисидаги ахборотни жамоатчилик эътиборига етказиш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурслари орқали етказиш ҳуқуқига эга. Бундай ахборот фақат меценатнинг розилиги билан тарқатилиши мумкин.

11-модда.     Меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартнома

Меценатлик фаолияти меценат ва меценатлик кўмагини олувчи ўртасида тузиладиган меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади.

Меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартнома меценатлик кўмагини беришнинг мақсадлари, шакли, шартлари, муддатлари ҳамда ҳажмини, шартномавий мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартибини, тарафларнинг реквизитларини, шартнома тузилган сана ва жойни, шунингдек бундай турдаги шартномалар учун қонун ҳужжатларида белгиланган ёки тарафлардан бирининг аризасига кўра келишувга эришиш лозим бўлган бошқа муҳим шартларни назарда тутиши керак.

Меценатнинг номини, персоналлаштириш воситаларини мажбуран эслатиб ўтиш талаби ва бундай эслатиш шаклининг белгиланиши меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартноманинг шарти бўлиши мумкин.

Меценатлик кўмагини бериш тўғрисидаги шартномада меценатлик кўмагидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш механизмлари белгиланиши мумкин.

4-боб.  Меценатлик фаолиятини амалга оширишга давлатнинг кўмаклашиши

12-модда.     Меценатлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг давлат кафолатлари ва меценатлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Меценатлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат томонидан кафолатланади. Меценатнинг меценатлик фаолиятини амалга ошириш шаклларини танлаш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди.

Давлат меценатлик фаолиятини қуйидагилар орқали қўллаб-қувватлайди:

меценатларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда тарифлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар бериш;

меценатларни давлат мукофотлари ёки бошқа мукофотлар билан тақдирлаш;     

меценатларнинг номларини абадийлаштириш.

Давлат меценатлик фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.

13-модда.     Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг меценатлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги меценатлик фаолиятини ахборот ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меценатлик фаолияти тўғрисида жамоатчиликнинг ижобий фикрини шакллантириш мақсадида:

меценатлик фаолияти субъектларига услубий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилишини;

меценатлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган тадбирларнинг ташкил этилиши ҳамда ўтказилишини;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида меценатлик фаолияти соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек меценатлик кўмагини потенциал олувчиларнинг уни олишдан манфаатдорлиги тўғрисида ахборот берувчи ихтисослаштирилган веб-сайт яратилишини ҳамда фаолият юритишини;

меценатлик фаолияти тўғрисидаги ахборотни тўплашни, таҳлил қилишни, унинг тарқатилишини;

меценатлик фаолиятининг илғор тажрибаси умумлаштирилишини ва унинг тарқатилишига кўмаклашишни;

маданият ва санъатни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган меценатларни мукофотлаш ҳамда уларнинг номини абадийлаштириш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди.

5-боб. Меценатлик кўмаги

14-модда.  Меценатлик кўмагини кўрсатиш

Меценат меценатлик кўмагини олувчилар сифатида шахсларни, шунингдек меценатлик кўмагини кўрсатиш шаклларини ушбу Қонун талабларига мувофиқ мустақил равишда белгилайди.

15-модда.     Меценатлик кўмагини кўрсатишнинг ўзига хос хусусиятлари

Меценатлик кўмаги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин эмас.

Меценатлик кўмагини олиш меценатлик кўмагини олувчининг давлат томонидан молиялаштирилишини қисқартириш учун асос бўлмайди, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

6-боб. Якунловчи қоидалар

16-модда.  Низоларни ҳал этиш

Меценатлик фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

17-модда.     Меценатлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Меценатлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
18-модда.     Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

19-модда.     Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

20-модда.  Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                   Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2019 йил 16 октябрь
№ ЎРҚ—571


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019