Машҳур турк актёри Мурат Йилдирим: “Бундай истеъдодли режиссёрлар ва профессионаллар билан ўзбек кинематографияси катта муваффақиятларга эришади”

14:37 29 Март 2018 Маданият
1434 0

Туркиялик мега юлдуз Мурат Йилдирим ўзбекистонлик ёш ва иқтидорли режиссёр Мухлиси Азизованинг “SCORPION” триллерида суратга тушаётгани ҳақида хабар бергандик. Шу муносабат билан у ўтган ҳафтани Бухоро вилоятида ўтказди.

Иш графигининг тиғизлигига қарамай машҳур актёр ўз турмуш ўртоғи билан қадимий шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишга, халқимиз меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлишга ҳам улгурди.

“Биринчи навбатда айтишни истардимки, менга қуёшли Ўзбекистон жуда ёқди. Айниқса, Бухоронинг тарихий ёдгорликлари катта таассурот қолдирди”, - деди ижодкор Тошкентда ташкил этилган матбуот анжуманида.

Мурат Йилдирим ўзбек халқининг меҳмоннавозлик фазилатларидан яхши хабардорлиги, Туркияда яшаётган ўзбеклар ичида кўплаб дўстлари борлигини эътироф этди.

Яна “Ўзбекистонда “Осиё” телесериалини катта қизиқиш билан кўришгани мени ҳайратга солди ва бу ерда каминани ҳамма билар экан”, - дея қайд этди у.

Айни чоғда “Scorpion” фильмида суратга тушишга бажонидил рози бўлганини мамнуният билан таъкидлаб ўтди.

“Менга ижодий гуруҳ, шериклар ва албатта, сценарий жуда ёқди. Биз Мухлиса билан тил топишдик. Аслликни йўқотмаслик учун камроқ дубллар қилишга интилдик”, - деди у.

Мурат Йилдирим, шунингдек, Мухлиса Азизова ёш бўлишига қарамай ўзининг суратга олиш гуруҳини маҳорат билан бошқаргани, ҳар бир деталга алоҳида эътибор қаратганига тўхталиб ўтди.

“Унинг ҳаракатчанлиги, мақсад сари интилиши ва қатъийлиги олқишга сазовор. Бундай истеъдодли режиссёрлар ва профессионаллар билан ўзбек кинематографияси катта муваффақиятларга эришади”, - дея қайд этди турк актёри.

Эслатиб ўтамиз, “Scorpion” триллери Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Кинематографияни ривожлантириш марказининг қўшма қарори асосида суратга олинмоқда.

Тасвирга тушириш ишлари Тошкент ва Бухорода ниҳоясига етди. Энди ижодий гуруҳ Россия ва Марокашга жўнаб кетади. 

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019