Мактаб дарсликларини тайёрлашнинг бугунги ҳолати юзасидан Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юборилади

11:03 28 Февраль 2019 Жамият
609 0

Иллюстратив фото

Халқ сўзи online. Мунисхон Каримова. “Яна бир ачинарли ҳолат шундаки, таълим давлат тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда ўзбек адабиётини алоҳида фан сифатида ўқитиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган”, - деди Сенат раиси ўз маърузасида.

Унда айтилишича, таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 10 ва 11-синф адабиёт дарсликларида ўзбек адабиётини ўзлаштиришга бутун бошли ўқув йили учун бор-йўғи 4-8 соат ажратилган,холос.

“Мазкур мактабларда давлат тилининг ҳафтасига бор-йўғи 2 соат ўқитилаётгани таажжубли ҳолдир.

Савол туғилади:Қандай қилиб бундай аҳволда ёшларда ўз Ватанига муҳаббат, эл-юртига ҳурмат ва садоқат туйғуларини шакллантириш мумкин?!

Агар рус тилида таҳсил олаётган 581 минг нафардан ортиқ боланинг аксарияти ўзбек фарзандлари эканлигини инобатга олсак, бу саволларнинг нақадар оғриқлилигини,уларга жавобни узоқ йиллар афсусланиб излашга тўғри келишини ҳис қилиш қийин эмас,деб ҳисоблаймиз.

Юқорида тилга олинган ҳамда дарсликлар билан боғлиқ кўплаб муаммолар, табиийки, таълим сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Биргина мисол: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2017-18 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 8, 9-синф ўқувчилари орасида она тили ва математика фанларидан ўтказилган ёзма иш натижалари ўқувчиларнинг ушбу фанлар бўйича ўзлаштириши талаб даражасида эмаслигини яққол кўрсатди.

8-синф ўқувчиларининг она тилидан ўзлаштириш даражаси мамлакат бўйича 72 фоизни, 9-синф ўқувчиларининг математикадан ўзлаштириши эса, 54 фоизни ташкил этган,холос.

Айниқса, она тилидан ўзлаштириш Тошкент шаҳрида 58 фоизни, Наманган вилоятида 32 фоизни, математикадан ўзлаштириш Қорақалпоғистонда 26 фоиз, Наманган вилоятида 23 фоиз, Тошкент шаҳрида бор-йўғи 13 фоизни ташкил этгани ташвишли ҳолдир.

Биз таълим сифати, пировардида бутун миллат келажагига дахлдор бўлган мазкур масалалар ва муаммолар кўламининг ғоят кенглиги, улар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар, олим ва амалиётчилар, экспертлар, қолаверса, кенг жамоатчилик муносабати муҳим эканлигини инобатга олиб, умумтаълим мактаблари дарсликларини тайёрлашнинг бугунги ҳолати юзасидан бир қатор саволлар баён этилган парламент сўровини Бош вазир ўринбосарига йўллашни лозим топдик”, - дея алоҳида қайд этиб ўтди Сенат раиси.

Сенат ялпи мажлисини сайтимиз орқали онлайн тарзда ёритиб борамиз. Бизни кузатишда давом этинг.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019