Маккада ўзбекистонлик ҳожилар учун тиббиёт маркази ташкил этилди

“Халқ сўзи” махсус мухбири Саид РАҲМОНОВ Саудия Арабистонининг Макка шаҳридан хабар қилади.
Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг охирги гуруҳлари ҳам ҳаж амалини бажариш учун Саудия Арабистонига соғ-саломат етиб келдилар. Ишчи гуруҳи томонидан 7200 нафар ҳамюртимизга муқаддас икки шаҳарда ибодатларни рисоладигидек бажариб, ҳожи мақомига эга бўлишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилган. Хусусан, уларга сифатли ва тезкор тибиий хизмат кўрсатиш мақсадида Макка шаҳрида тиббиёт маркази ташкил этилди.
Дарҳақиқат, “Ҳаж — 2019” мавсумида ҳар бир зиёратчига ўз вақтида тегишли тиббий маслаҳат ҳамда зарур муолажаларни амалга ошириш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро келишувга эришилган. Унга кўра, муборак сафар олдидан ҳамма чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган эди. Сафар давомида эса 35 нафар малакали шифокор ҳожиларга туну кун хизмат кўрсатиш учун жалб этилди.
Шифокарлар гуруҳи раҳбари Алишер Соатовнинг айтишича, 40 ўринга мўлжалланган мазкур марказга 140 миллион сўмлик дори-дармон етказиб берилиб, зарур тиббий воситалар билан жиҳоланди.
— Бизнинг ҳожилар учун яратилган шарт-шароитларга кўпчилик ҳавас билан қарашмоқда, — дейди Алишер Соатов. — Масалан, Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан зиёратчиларга хизмат кўрсатиш борасида энг юқори ўринларда дея эътироф этилаётган Туркия давлати ҳам Макка шаҳридаги бирор шифохонани ижрага олади. Бизда эса бевосита меҳмонхонанинг ўзида бу хизмат ташкил этилган. Унинг ибодатчилар учун қулай томонлари кўп. Тиббий ёрдамга эҳтиёж сезганда, йўл босиб, юришга ҳожат йўқ. Шифокорларимиз ўша заҳоти кўмак бериш имконияти мавжуд.
Чиндан ҳам, дунёнинг турли бурчакларидан келган ҳожилар билан суҳбатлашиб, шунга амин бўлдикки, ҳали бирор бир мамлакат зиёратчилар учун меҳмонхонанинг ўзида тиббий хизмат йўлга қўймаган. МДҲ давлатларининг аксариятида эса бу йилдан бошлаб шифокорлар жалб этилаётган экан.
— Биз, ўзбекистонлик ҳожилар давлат кўмагини ҳар қадамда ҳис этиб турибмиз, — дейди тошкентлик отахон Шукрулло Ғаффоров. — Ташкилочилик ишлари намунали даража. Айниқса, кўрсатилаётган тиббиёт хизматлардан ҳамма мамнун. Тўғри, бу ерга келишдан олдин ҳамма кўрик ўтказилаган, саломатлиги жойида. Аммо иқлим, об-ҳаводаги ўзгаришлар ҳаммага ҳар хил таъсир қилар экан. Чунки зиёратчиларнинг аксарияти ёши улуғ кишилардан иборат. Шифокорлар гуруҳида тор доирадаги мутахассислар ҳам борлиги уларга яқиндан кўмак бериш, соғлиғини тезда мустаҳкамлаб олишида айни муддо бўлмоқда.
Тиббиёт марказининг 20 ўрни аёллар учун мўлжалланган бўлиб, уларга 10 нафар аёл шифокор томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Шифокорлар гуруҳи томонидан эса ҳожилар билан суҳбатлар ўтказилиб, бу йилги ҳаж мавсуми йилнинг нисбатан иссиқ пайтига тўғри келгани, бундай кезларда офтоб уришидан сақланиши, кўпроқ суюқлик ичиш, соябон тутиб юриш зарурлиги ҳақида тушунчалар бериляпти. Аммо ортиқча хавотирланишга ҳожат йўқ. Чунки соҳа мутахассисларининг айтишича, Макка шаҳрида об-ҳаво кўп йиллик меъёрлардан юқори эмас. Айни пайтда Ўзбекистондагига нисбатан яқин ҳарорат кузатилмоқда — 43 даража иссиқ.
Юртимиз зиёратчилари ҳажнинг навбатдаги фарзи бўлмиш Мино водийсига чиқиш, Арофатда туришга ҳозирлик кўришмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Талон-торож қилинаётган ўрмон ерлари
- Ўзбекистон ва Покистон етакчилари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлади
- Самарқанд шаҳри "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" саммитига тайёр
- Ўзбекистонда геномика ва биоинформатика: илмий тадқиқотлар ва янги имкониятлар
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Сенатда Қатар Шўро кенгаши Раиси билан учрашув бўлиб ўтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг