Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида

09:18 18 Февраль 2020 Ҳужжатлар
910 0

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

инвестиция лойиҳаси – иқтисодий, ижтимоий ва бошқа фойда олиш учун инвестицияларни амалга оширишга ёхуд жалб этишга қаратилган, ўзаро боғлиқ бўлган тадбирлар мажмуи;

инвестор – фойда олиш мақсадида инвестиция фаолияти объектларига ўзининг маблағларини ва (ёки) қарз маблағларини ёхуд жалб қилинган бошқа инвестиция ресурсларини инвестиция қилишни амалга оширувчи инвестиция фаолияти субъекти;

махсус иқтисодий зона – тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл инвестициялари ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида махсус ажратилган, белгиланган чегараларга 
ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд;

махсус ҳуқуқий режим – махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция фаолиятини ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун алоҳида шарт-шароитларни белгилайдиган ҳуқуқий нормалар мажмуи;

Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестри  махсус иқтисодий зонанинг иштирокчилари ва инвестиция лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотларнинг ахборот базаси;

махсус иқтисодий зонанинг бош режаси – махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши ёки махсус саноат зонасини бошқарувчи компания томонидан тасдиқланган лойиҳа ҳужжати бўлиб, унинг асосида махсус иқтисодий зона ҳудудини режалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва шаҳарсозлик жиҳатидан ўзлаштиришнинг бошқа турлари амалга оширилади.

2-боб. Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш дастурларини тасдиқлайди;

махсус иқтисодий зоналарнинг чегараларини тасдиқлайди;

махсус иқтисодий зоналарнинг маъмурий кенгашларини тузади, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни, мониторинг ва назорат қилишни амалга оширади;

махсус иқтисодий зоналар дирекцияларининг уставларини тасдиқлайди, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни, мониторинг 
ва назорат қилишни амалга оширади;

махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органларини белгилайди, уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида рўёбга чиқарилиши устидан назоратни амалга оширади.

5-модда. Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи

Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи:

махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;

махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатиш самарадорлигини баҳолаш услубиётини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг ҳар бир босқичида инвесторларнинг, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларининг ҳамда тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этади;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, 
шу жумладан мавжуд бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этишга доир ишларни ташкил этади;

махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларининг рўёбга чиқарилиш жараёни мониторингини амалга оширади;

махсус иқтисодий зоналар дирекциясининг ва иштирокчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашдан ўтказади;

махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини ташкил этади;

махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш, шунингдек махсус иқтисодий зоналар дирекцияларининг ҳамда маъмурий кенгашларининг фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

6-модда. Махсус иқтисодий зонани ривожлантириш дастури

Махсус иқтисодий зонани ривожлантириш қуйидагиларни ўз ичига олган дастурга мувофиқ амалга оширилади:

ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратишни;

муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини таъминлашни;

бозор инфратузилмасини яратишни;

махсус иқтисодий зонанинг фаолият бўйича ва соҳавий ихтисослашувига мувофиқ чет эл инвестицияларини ҳамда маҳаллий инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари комплексини.

Махсус иқтисодий зонани ривожлантириш дастурини молиявий таъминлаш зонанинг ўз ресурслари, хусусий манбалар, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, халқаро молия институтлари ва чет эл ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат инвестиция дастурларини шакллантиришда махсус иқтисодий зоналарнинг муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурларининг молиявий таъминоти назарда тутилиши керак.

7-модда. Махсус иқтисодий зона ҳудудида жойлашган давлат мулки объектларини бошқариш

Махсус иқтисодий зоналар бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар ҳудудлари негизида, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ташкил этилади.

Махсус иқтисодий зона ҳудудида жойлашган давлат мулки объектлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколати доирасидаги қарорига кўра махсус иқтисодий зона дирекциясига давлат активларини бошқариш бўйича ваколатли орган билан келишган 
ҳолда оператив бошқарувга берилиши мумкин, бундан хусусийлаштирилмайдиган стратегик давлат мулки объектлари мустасно. Давлат мулки объектлари махсус иқтисодий зона дирекциясига махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган бутун давр учун оператив бошқарувга берилади.

Махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши махсус иқтисодий зона ҳудудида жойлашган бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектларини махсус иқтисодий зона иштирокчиларига, инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда, реализация қилиш, шу жумладан «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар алоҳида ҳолларда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва доривор ўсимликлар етиштириш мақсадида фармацевтика ҳамда аграр йўналишдаги махсус иқтисодий зоналар учун берилиши мумкин. Бошқача фаолиятга ва тармоқ ихтисослашувига эга бўлган махсус иқтисодий зоналарга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорларига биноан берилиши мумкин.

Махсус иқтисодий зоналар ҳудудидаги ер участкалари махсус иқтисодий зоналарнинг дирекциялари тасарруфида туради ва махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларининг фойдаланишига инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун махсус иқтисодий зоналар маъмурий кенгашларининг қарорлари асосида берилиши мумкин, бундан махсус саноат зоналарининг ҳудудлари мустасно.

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини бериш тўғрисидаги қарор махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг баённомаси билан расмийлаштирилади ва шу билан бир вақтда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, тегишли вилоят ҳокимининг ёхуд Тошкент шаҳар ҳокимининг ер участкасини бериш тўғрисидаги алоҳида қарори қабул қилинади. Мазкур тартиб махсус саноат зоналари ҳудудида ер участкасини беришга нисбатан татбиқ этилмайди.

Махсус иқтисодий зонанинг иштирокчисига ер участкасини ажратишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида шаҳарсозлик фаолияти махсус иқтисодий зоналарнинг тасдиқланган бош режаларига мувофиқ амалга оширилади.

8-модда. Махсус иқтисодий зоналарда давлат-хусусий шериклик

Махсус иқтисодий зоналарда давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

3-боб. Махсус иқтисодий зоналарнинг турлари ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари

9-модда. Махсус иқтисодий зоналарнинг турлари

Махсус иқтисодий зоналар қуйидаги турда ташкил этилиши мумкин:

эркин иқтисодий зоналар;

махсус илмий-технологик зоналар;

туристик-рекреацион зоналар;

эркин савдо зоналари;

махсус саноат зоналари.

10-модда. Эркин иқтисодий зона

Эркин иқтисодий зона – янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга фаол жалб этиш, шунингдек ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилмани ва логистика хизматларини ривожлантиришни таъминлаш мақсадларида ташкил этиладиган ҳудуд.

11-модда. Махсус илмий-технологик зона

Махсус илмий-технологик зона – инновация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадларида илмий ташкилотлар ва илмий фаолият соҳасидаги бошқа ташкилотлар (технологик парклар, технологияларни тарқатиш (технологиялар трансфери) марказлари, инновацион кластерлар, венчур фондлари, бизнес-инкубаторлар ва бошқалар) тўпланган ҳудуд.

12-модда. Туристик-рекреацион зона

Туристик-рекреацион зона – унда замонавий туристик инфратузилма объектларини (меҳмонхона комплекслари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туристик аҳамиятдаги объектларни), махсус фаолият кўрсатувчи ва мавсумий рекреацион дам олиш зоналарини туристларга хизмат кўрсатиш мақсадида зарур шарт-шароитларни таъминлаган ҳолда барпо этишга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ташкил этиладиган ҳудуд.

13-модда. Эркин савдо зоналари

Эркин савдо зоналари консигнация омборларини, махсус божхона 
ва солиқ режимлари бўлган ҳудудларни, шунингдек товарларга ишлов бериш, уларни ўраб-жойлаш, саралаш, сақлаш учун майдончаларни 
ўз ичига олади.

Эркин савдо зоналари чегара пунктларида, аэропортларда, темир йўл боғланмаларида ёки Ўзбекистон Республикасининг бошқа божхона ҳудудларида ташкил этилади.

14-модда. Махсус саноат зонаси

Махсус саноат зонаси – бошқарув, хўжалик ва молиявий фаолиятнинг алоҳида режими жорий этиладиган ҳудуд. Махсус саноат зоналари зарур маъмурий, илмий-технологик, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани барпо этиш учун ер участкаларини ажратиш орқали шакллантириладиган хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш зоналарини ўз ичига олади.

Махсус саноат зонасининг фаолият кўрсатиш қоидалари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

4-боб. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир талаблар

15-модда. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир умумий талаблар

Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир умумий талаблар жумласига қуйидагилар киради:

архитектура ва қурилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда саноат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлик;

молиялаштириш манбаларининг мавжудлиги;

махсус иқтисодий зона фаолиятига ва тармоқ ихтисослашувига мувофиқлик;

технологик ускуналар ва технологик жараёнлар кўрсаткичларининг замонавий энергия самарадорлиги талабларига мувофиқлиги.

16-модда. Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир алоҳида талаблар

Инвестиция буюртманомаси топширилган пайтда эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ёки Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш ҳажмлари ички бозорнинг эҳтиёжларини қопламайдиган янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни назарда тутган бўлиши керак.

Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси коди бўйича якуний маҳсулот товар позициясининг дастлабки тўртта белгиларидан бирининг даражасида бошланғич хом ашёга нисбатан ўзгаришини ёки қўшилган қийматга эга маҳсулот ҳажмининг камида ўттиз фоиз даражасида кўпайишини назарда тутиши керак.

Эркин иқтисодий зоналарда рақобат муҳити яратилган, ички бозор тўйинган ёки ишлаб чиқариш ҳажмлари ички бозор эҳтиёжларини қоплайдиган ўхшаш маҳсулот ишлаб чиқарадиган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мавжуд бўлган маҳсулот турларини ишлаб чиқаришга доир инвестиция лойиҳалари амалга оширилишига йўл қўйилмайди.

Тегишли ваколатли органларнинг Ўзбекистон Республикасида ўхшаш маҳсулот ишлаб чиқарувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мавжуд эмаслиги, ишлаб чиқариш ҳажмлари етишмаслиги ва рақобат муҳити даражаси тўғрисидаги хулосалари кейинчалик эркин иқтисодий зонанинг маъмурий кенгашига тақдим этиш учун эркин иқтисодий зона дирекцияси томонидан мустақил равишда сўраб олинади.

Ушбу талаблар тўлиқ экспортга йўналтирилган инвестиция лойиҳалари учун татбиқ этилмайди.

17-модда. Махсус илмий-технологик зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир алоҳида талаблар

Махсус илмий-технологик зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

рўйхатдан ўтган патент ҳуқуқларининг мавжудлиги;

илмий-техник янгилик ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг кўп илмий изланишни талаб қилиши (товарларнинг хусусиятига кўра мутлақо янги ёки илгари ишлаб чиқарилган ўхшаш товарнинг хусусиятларидан жиддий фарқ қилса ёки товарнинг истеъмол хоссаларига кўра мавжуд бўлган шундай товарларга нисбатан яхшиланган бўлса ёки бевосита ўхшашлари мавжуд бўлмаган тақдирда, сифат жиҳатидан янгича истеъмол (функционал) хусусиятларига эга бўлса, шу жумладан товарнинг рақобатбардошлигини оширадиган ёхуд товарни қўллашнинг бундай товардан фойдаланиш соҳасини кенгайтириш имконини берадиган янги усули аниқланган бўлса).

Тегишли ваколатли органларнинг рўйхатдан ўтган патент ҳуқуқлари мавжудлиги ва илмий-техник янгиликнинг мавжудлиги ҳамда юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши тўғрисидаги хулосалари кейинчалик эркин иқтисодий зонанинг маъмурий кенгашига тақдим этиш учун эркин иқтисодий зона дирекцияси томонидан мустақил равишда сўраб олинади.

18-модда. Туристик-рекреацион зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир алоҳида талаблар

Туристик-рекреацион зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари туристик индустрия объектларининг барпо этилишини, туристик хизматларни ташкил этиш чоғида туристлар хавфсизлиги ва соғлиғининг муҳофаза қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини, шу жумладан туристик индустрия объектларини видеокузатув, фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда огоҳлантириш (хабар қилиш) ва зарур ёрдам кўрсатиш тизимлари билан жиҳозлаш орқали таъминлаш чора-тадбирларини назарда тутиши керак.

19-модда. Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида тақиқланган фаолият

Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолиятнинг қуйидаги турларини амалга ошириш тақиқланади:

экологик стандартларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш стандартларига жавоб бермайдиган ишлаб чиқаришни;

қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни, қурол ва ўқ-дорилар савдосини;

ядровий материаллар ва радиоактив моддалар ишлаб чиқаришни, ядровий материаллар ва радиоактив моддалар савдосини;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни;

хом терига ишлов беришни, ҳайвонларни ҳайдаб боқишни 
ёки сўйишни;

цемент, бетон, цемент клинкери, ғишт, темир-бетон плиталар ишлаб чиқаришни, кўмир, оҳак ва гипсдан маҳсулот ишлаб чиқаришни;

барча турдаги чиқиндиларни қайта ишлаш, парчалаш, ёқиш, газлаштириш, уларга кимёвий воситалар билан ишлов бериш, уларни якуний ва (ёки) вақтинча сақлаш ва (ёки) ер остига кўмиб ташлашни;

нефтни қайта ишлаш заводларини, атом электр станцияларини, ядровий қурилмаларни, радиациявий манбаларни, қайта ишланган ядровий ёқилғи, радиоактив моддалар ва чиқиндилар, шунингдек бошқа радиоактив чиқиндиларни сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш учун мўлжалланган пунктлар ҳамда қурилмаларни жойлаштиришни.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолиятнинг айрим турларига нисбатан тақиқ ва чекловлар жорий этилиши мумкин.

5-боб. Махсус иқтисодий зонани ташкил этиш, унинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш тартиби

20-модда. Махсус иқтисодий зонани ташкил этиш, унинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш

Махсус иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан ўттиз йил муддатга ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатишини 
ва уни ривожлантиришни ташкил этиш масаласи юзасидан қарор қабул қилади.

Махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилади.

Давлат бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига махсус иқтисодий зонани ташкил этиш, фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ва уни муддатидан олдин тугатиш тўғрисида таклиф киритишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси киритилган таклифни у келиб тушган кундан эътиборан ўттиз кун ичида кўриб чиқади ва маъқулланган тақдирда таклифни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.

21-модда. Махсус иқтисодий зонани ташкил этиш, унинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ёки уни тугатиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

Махсус иқтисодий зонани ташкил этиш тўғрисидаги таклифга қуйидагилар илова қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус иқтисодий зонани ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси, унда махсус иқтисодий зонанинг номи, у қанча муддатга ташкил этилаётганлиги, махсус иқтисодий зонани ташкил этиш мақсади ва унинг тури, унинг махсус ҳуқуқий режими хусусиятлари, фаолиятига оид ва тармоқ ихтисослашуви, махсус иқтисодий зонанинг умумий майдони ҳамда чегараларининг тавсифи, унинг ташкил этилишини ва ривожлантирилишини таъминлаш чора-тадбирлари кўрсатилади;

аниқ тадбирлар, бу тадбирларни амалга ошириш учун масъул шахслар ва ташкилотлар, шунингдек махсус иқтисодий зонани ривожлантириш бўйича ишларни молиялаштириш манбалари кўрсатилган ҳолда махсус иқтисодий зонани ривожлантириш дастурининг лойиҳаси;

махсус иқтисодий зонанинг мўлжалланган чегаралари чизиб кўрсатилган ҳолда ер-кадастр режасининг кўчирма нусхаси;

махсус иқтисодий зонанинг мўлжалланаётган чегараларида жойлашган ерларнинг таркиби, ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, 
ер участкалари ижарачиларининг ва мулкдорларининг (улар мавжуд бўлган тақдирда) рўйхати ҳамда уларнинг махсус иқтисодий зонани ташкил этиш учун ер участкаларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўтказиш учун ёзма розилиги;

тегишли ҳудуддаги ижтимоий, экологик ва иқтисодий шарт-шароитларни, моддий ва меҳнат ресурслари, коммуникациялар билан таъминланганликни таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган махсус иқтисодий зонани, унинг турини ташкил этиш зарурлиги ҳамда мумкинлигини асословчи бизнес-режа, шунингдек махсус иқтисодий зона махсус ҳуқуқий режимининг таклиф этилаётган ўзига хос хусусиятларининг молиявий-иқтисодий асоси;

махсус иқтисодий зона дирекцияси уставининг лойиҳаси (агар дирекция давлат муассасаси шаклида ташкил этилаётган бўлса).

Махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш тўғрисидаги таклифга қуйидагилар илова қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси;

махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш зарурати ва имкониятининг асослари.

Махсус иқтисодий зонанинг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифга қуйидагилар илова қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус иқтисодий зонанинг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси;

махсус иқтисодий зона бош режасининг лойиҳаси ва махсус иқтисодий зонанинг чегараларини мўлжалланаётган ўзгартиришни ҳисобга олган ҳолда чегаралари чизиб кўрсатилган ер-кадастр режасининг кўчирма нусхаси;

чегараларига ўзгартириш киритиладиган махсус иқтисодий зонага қўшилиши мўлжалланаётган ҳудудларда жойлашган ерларнинг таркиби, 
ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, ер участкалари ижарачиларининг ва мулкдорларининг (улар мавжуд бўлган тақдирда) рўйхати ҳамда уларнинг ер участкаларини махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгашига, махсус саноат зонаси бўлган тақдирда эса, 
ер участкаларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўтказиш учун ёзма розилиги;

махсус иқтисодий зонанинг чегараларига қўшиб олиш учун таклиф қилинаётган ҳудудларда амалда фаолият кўрсатаётган юридик шахсларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг рўйхати;

махсус иқтисодий зонанинг чегараларидан чиқариб ташлаш учун таклиф этилаётган ҳудудларда амалда фаолият кўрсатаётган махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг рўйхати (улар мавжуд бўлган тақдирда);

махсус иқтисодий зонанинг чегараларини ўзгартириш зарурати 
ва имкониятининг асослари.

Махсус иқтисодий зонани муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги таклифга қуйидагилар илова қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус иқтисодий зонани тугатишни таъминлаш, шунингдек зарур бўлган ҳолларда махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиларига кафолатлар ва (ёки) компенсацияларни тақдим этиш бўйича комплекс ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи махсус иқтисодий зонани муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус иқтисодий зонани тугатиш комиссиясининг таркиби ва ваколатларини, шунингдек махсус иқтисодий зонани тугатиш тартибини белгиловчи қарори лойиҳаси;

ушбу Қонун 22-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича махсус иқтисодий зона муддатидан олдин тугатилган тақдирда, махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг амалга оширилаётган ўз инвестиция лойиҳалари кўрсатилган ҳолдаги рўйхати;

махсус иқтисодий зонани муддатидан олдин тугатишнинг сабаблари ҳамда тегишли маъмурий-ҳудудий бирликлар ва умуман республика учун, махсус иқтисодий зона иштирокчилари учун эҳтимолдаги оқибатлари кўрсатилган ҳолда тегишли ҳудуддаги ижтимоий, экологик, иқтисодий 
ва бошқа шароитларни, шунингдек тугатилаётган махсус иқтисодий зона фаолиятининг ва фаолияти самарадорлигининг кўрсаткичларини батафсил таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган махсус иқтисодий зонани муддатидан олдин тугатишнинг зарурати ҳамда имкониятининг техник-иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий асослари.

22-модда. Махсус иқтисодий зонани тугатиш учун асослар

Махсус иқтисодий зона қайси муддатга тузилган бўлса, ўша муддат тамом бўлгач, тугатилган ҳисобланади.

Махсус иқтисодий зонани муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади, агар:

буни одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат хавфсизлигини ва мамлакат мудофаасини таъминлаш зарурати тақозо этса;

махсус иқтисодий зона ташкил этилган кундан эътиборан бир йил мобайнида биронта ҳам юридик шахс мазкур махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилмаган бўлса ва (ёки) махсус иқтисодий зона иштирокчиси томонидан иш ўринлари яратилмаган бўлса;

махсус иқтисодий зона ташкил этилган кундан эътиборан олти ой мобайнида мазкур махсус иқтисодий зона иштирокчилари томонидан инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш бўйича фаолият амалга оширилмаган бўлса;

махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси мақомини йўқотганлиги ва мазкур иқтисодий зонанинг охирги иштирокчиси томонидан бундай мақом йўқотилган кундан эътиборан бир йил мобайнида унинг ҳудудида унинг иштирокчиси сифатида бирорта ҳам юридик шахс рўйхатдан ўтказилмаганлиги боис махсус иқтисодий зонада унинг иштирокчилари қолмаган бўлса;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус иқтисодий зонани ташкил этиш тўғрисидаги қарорида белгиланган махсус иқтисодий зонани ташкил этишнинг мақсадларига эришиш бошқа сабабларга кўра имконсиз бўлиб қолган бўлса.

Ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича махсус иқтисодий зона муддатидан олдин тугатилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра махсус иқтисодий зона иштирокчиларига улар томонидан кўрилган зарар ёки бой берилган наф учун кафолатлар 
ва (ёки) компенсация берилади ёхуд аввал амалда бўлган тартибга мувофиқ тақдим этилган имтиёзлар ва преференциялар сақланиб қолади.

Махсус иқтисодий зонани тугатиш билан боғлиқ мулкий ва бошқа масалаларни ҳал қилиш, махсус иқтисодий зона дирекцияси 
ва иштирокчилари, бошқа ташкилотлар ва жисмоний шахслар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тугатиш комиссиясини тузади, унинг таркиби 
ва ваколатларини белгилайди, шунингдек махсус иқтисодий зонани 
у муддатидан олдин тугатилган тақдирда тугатиш тартибини тасдиқлайди.

6-боб. Махсус иқтисодий зонани бошқариш

23-модда. Махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши

Махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари орасидан тузиладиган коллегиал орган бўлиб, унга мақоми бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, тегишли вилоят ҳокими ва Тошкент шаҳар ҳокими бўлган раис раҳбарлик қилади.

Махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши:

махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиши, махсус ҳуқуқий режимга риоя этиш ва махсус иқтисодий зона иштирокчиларига кўмаклашиш билан боғлиқ масалалар бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

махсус иқтисодий зона ҳудудида амалга ошириш учун инвестиция лойиҳаларини саралаб олишни амалга оширади;

махсус иқтисодий зона иштирокчиларига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

махсус иқтисодий зонанинг муҳандислик-коммуникация 
ва транспорт инфратузилмаси қурилиши бўйича лойиҳаларнинг 
ўз вақтида амалга оширилишини ташкил этади;

махсус иқтисодий зона дирекциясининг йиллик даромадлар 
ва харажатлар сметасини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

Махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорлари махсус иқтисодий зона дирекцияси ва иштирокчилари учун мажбурийдир.

24-модда. Махсус иқтисодий зона дирекцияси

Махсус иқтисодий зона дирекцияси махсус иқтисодий зонанинг фаолият кўрсатиши ва бошқарилишини таъминлаш учун ташкил этиладиган давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахсдир.

Махсус иқтисодий зона дирекцияси:

махсус иқтисодий зона ҳудудида махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилишини таъминлайди;

салоҳиятли инвесторлар ва махсус иқтисодий зона иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорликни, шу жумладан инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш ва танлаб олиш учун қабул қилишни, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур рухсатномалар беришни «ягона дарча» принципи асосида ташкил этади;

инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилади, шунингдек махсус иқтисодий зона иштирокчилари томонидан инвестиция битимига киритилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;

махсус иқтисодий зонани ривожлантириш дастури амалга оширилишини таъминлайди;

Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрини юритади;

махсус иқтисодий зона ҳудудида экологик назорат, шунингдек маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни ташкиллаштиради;

махсус иқтисодий зона иштирокчилари билан шартномалар асосида маркетинг хизматлари, шунингдек маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш бўйича хизматлар кўрсатади;

махсус иқтисодий зонага инвесторларни жалб этиш бўйича тадбирларни амалга оширади;

инвесторларни, махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиларини ахборот билан таъминлайди, шу жумладан уларнинг давлат органлари 
ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувларини ташкил этади;

махсус иқтисодий зона ҳудудидаги ер участкаларини, шунингдек бинолар ва иншоотларни махсус иқтисодий зона иштирокчиларига эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага беради;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этади.

Махсус иқтисодий зона дирекциясига махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи билан келишилган тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади. Мазкур тартиб махсус саноат зоналарига нисбатан татбиқ этилмайди.

Дирекция махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

25-модда. Махсус саноат зонасини бошқариш

Махсус саноат зонасини бошқариш махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг ва дирекциясининг ушбу Қонунда назарда тутилган ваколатлари берилган махсус саноат зонасини бошқарувчи компания томонидан амалга оширилади.

Махсус саноат зонасини бошқарувчи компания акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этиладиган, шу жумладан чет эл инвесторлари иштирокида ташкил этиладиган юридик шахсдир.

Махсус саноат зонасини бошқаришнинг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:

инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш ва махсус саноат зонаси иштирокчиларига ер участкаларини бериш, шу жумладан ижара ҳуқуқлари асосида бериш масалалари юзасидан мустақил равишда қарорлар қабул қилиш;

объектларни қуришда халқаро стандартлар ва талабларни қўллаш;

муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ва ижтимоий инфратузилмани мустақил равишда шакллантириш;

кўрсатилган коммунал хизматлар, алоқа хизматлари ва етказиб берилган энергия ресурслари учун ҳисобга олишни ва ўзаро ҳисоб-китобларни махсус саноат зонаси иштирокчилари томонидан махсус саноат зонасини бошқарувчи компания билан тузилган ягона шартнома асосида амалга ошириш;

«ягона дарча» принципи бўйича лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни, шу жумладан махсус саноат зонасининг бош режасига мувофиқ бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, ишга тушириш, улардан фойдаланиш ҳамда ер участкаларидан фойдаланиш учун беришни ташкиллаштириш.

Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи махсус саноат зонасини бошқарувчи компания фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади ҳамда унинг бутун фаолияти 
ва операцияларини ўрганиш, шунингдек тегишли қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Махсус саноат зонасини бошқарувчи компаниянинг молиявий ҳисоботи ва у билан боғлиқ бўлган молиявий ахборот ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим. Аудиторлик ҳисоботлари 
ва аудиторлик хулосалари мажбурий тартибда махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органига тақдим этилади.

7-боб. Инвестиция буюртманомасини бериш ва кўриб чиқиш тартиби

26-модда. Инвестиция буюртманомасини бериш тартиби

Инвестиция буюртманомаси инвестор томонидан махсус иқтисодий зонанинг дирекциясига берилади. Инвестиция буюртманомасининг шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Инвестиция буюртманомасига қуйидагилар илова қилинади:

юридик шахс уставининг ва юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхалари (инвестор – юридик шахс учун);

шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси (инвестор – жисмоний шахс учун);

инвестиция лойиҳасининг бизнес-режаси ёки техник-иқтисодий асоси;

инвестиция битимининг лойиҳаси.

Инвестиция буюртманомасида юридик шахсга берилган солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилади, чет эл юридик шахси учун эса тегишли чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ тўловчи идентификация рақамининг ўхшаши кўрсатилади.

Чет эл юридик шахслари ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган, чет эл юридик шахси чет давлатнинг қонун ҳужжатларига биноан юридик шахс эканлигини тасдиқловчи легаллаштирилган ҳужжатларнинг давлат ва инглиз тилига қилинган таржимасини нотариал тартибда тасдиқланган ҳолда тақдим этади.

Чет эл юридик шахслари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни легаллаштириш талаб қилинмайди, агар:

ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатларга апостиль қўйилган бўлса;

ҳужжатлар шартлашаётган тарафлардан бирининг ҳудудида тайёрланганлиги ёхуд муассаса ёки махсус ваколат берилган шахс томонидан уларнинг ваколати доирасида ва белгиланган шаклда тасдиқланганлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган бўлса, бу ҳужжатлар бошқа шартлашувчи тарафларнинг ҳудудларида бирон-бир махсус гувоҳномасиз қабул қилинади.

27-модда. Инвестиция буюртманомасини махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши томонидан кўриб чиқиш учун тайёрлаш

Махсус иқтисодий зона дирекциясига келиб тушган инвестиция буюртманомаси ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган бўлса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилади.

Махсус иқтисодий зона дирекцияси инвестиция буюртманомасини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни икки иш куни ичида кўриб чиқади. Ҳужжатлар махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда ҳужжатлар тўплами қайтариш сабаблари асослантирилган ҳолда қайтариб юборилади. Қайтариш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилганидан кейин инвестиция буюртманомаси махсус иқтисодий зона дирекциясига такроран тақдим этилиши мумкин.

Камчиликлар бўлмаган тақдирда, инвестиция буюртманомаси 
ва унга илова қилинган ҳужжатлар махсус иқтисодий зона дирекцияси томонидан экспертиза ўтказиш бўйича ваколатли давлат органига (бундан буён матнда эксперт муассасаси деб юритилади) экспертиза учун юборилади.

Экспертизани ўтказиш муддати йигирма иш кунини ташкил этади. Экспертиза жараёнида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги, шунингдек унинг ушбу Қонуннинг 15–19-моддаларида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги аниқланади.

Экспертизани ўтказиш якунларига кўра инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар эксперт муассасаси томонидан қайтариш сабаблари асослантирилган ҳолда махсус иқтисодий зона дирекциясига маромига етказиш учун қайтарилиши мумкин. Инвестор қайтариш учун асос бўлиб хизмат қилган сабабларни бартараф этганидан кейин маромига етказилган ҳужжатлар махсус иқтисодий зона дирекцияси томонидан такрорий экспертиза ўтказиш учун юборилади.

Инвестиция буюртманомасини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни такрорий экспертизадан ўтказиш муддати ўн иш кунини ташкил этади. Бунда илгари экспертизадан ўтказилган ҳужжатларга нисбатан янги мулоҳазалар тақдим этилишига йўл қўйилмайди.

Инвестиция буюртманомаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар эксперт муассасаси хулосаси билан бирга махсус иқтисодий зона дирекцияси томонидан махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгашига икки иш куни ичида кўриб чиқиш учун юборилади.

Ушбу модданинг амал қилиши махсус саноат зоналарининг ҳудудларида рўёбга чиқариш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига нисбатан татбиқ этилмайди. Бунда инвестиция буюртманомасини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда экспертизадан ўтказиш махсус саноат зонасини бошқарувчи компания томонидан мустақил равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда амалга оширилади.

28-модда. Инвестиция буюртманомасини махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши томонидан кўриб чиқиш

Махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши инвестиция буюртманомасини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни фақат эксперт муассасасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина кўриб чиқишга киришади.

Инвестиция буюртманомаси махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши томонидан махсус иқтисодий зона дирекцияси уни киритган кундан эътиборан беш иш куни ичида кўриб чиқилади.

Инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш жараёнида махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши инвесторга инвестиция лойиҳасига ўзгартиришлар (қўшимчалар) киритишни таклиф қилиши мумкин. Бунда махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг таклифлари унинг қарорида акс эттирилади. Инвестор таклиф этилаётган ўзгартиришларга (қўшимчаларга) рози бўлмаган тақдирда махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши томонидан инвестор иштирокида инвестиция буюртманомасини такрорий кўриб чиқиш амалга оширилади.

Махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳақида ёки уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади. Қарор махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг қарори баённома билан расмийлаштирилади, баённома махсус иқтисодий зона дирекциясининг директори, махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг аъзолари томонидан имзоланади ҳамда махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг раиси томонидан тасдиқланади.

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини махсус иқтисодий зона иштирокчисига бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда махсус иқтисодий зона маъмурий кенгаши қарори бўйича баённома тасдиқланган вақтдан бошлаб бир кун ичида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, тегишли вилоят ҳокими ёхуд Тошкент шаҳар ҳокими томонидан ер участкасини бериш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Баённомадан кўчирма ва ер участкасини бериш тўғрисидаги қарор нусхаси (агар бундай қарор мавжуд бўлса) инвестиция сўровномасини берган инвесторга баённома тасдиқланган кундан эътиборан бир иш куни ичида махсус иқтисодий зона дирекцияси томонидан юборилади.

Махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг махсус иқтисодий зона ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарори қуйидагилар учун асос бўлади:

инвестиция битимини тузиш;

ер участкасини ёки бўш турган (фойдаланилмаётган) бинони умумий майдони ва унинг жойлашган ерини белгилаган ҳолда ажратиш.

Тақдим этилган ҳужжатларда ишончли бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланган тақдирда, махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишни тугатади, инвестиция буюртманомаси эса қайтариш сабаблари асослантирилган ҳолда инвесторга қайтарилиши лозим.

Инвестор томонидан инвестиция буюртманомасини тақдим этиш, унинг махсус иқтисодий зона дирекцияси ва маъмурий кенгаши томонидан кўриб чиқилиши электрон тарзда амалга оширилиши мумкин.

Махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши аъзолари 
ва дирекцияси директори ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажариши муносабати билан инвестиция буюртманомасини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни кўриб чиқиш чоғида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларга нисбатан махфийлик сақланишига риоя этиши шарт.

Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг қарори ва (ёки) эксперт муассасасининг хулосаси устидан инвестиция буюртманомасини берган инвестор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

8-боб. Махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси

29-модда. Махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси мақомини олиш

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадида инвестор инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида маъмурий кенгаш қарорини олганидан кейин беш иш куни ичида махсус иқтисодий зона жойлашган жойдаги рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ташкил этаётган тадбиркорлик субъектини юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун ёки инвестор томонидан илгари ташкил этилган тадбиркорлик субъектини қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этади.

Юридик шахс инвестиция битими имзоланганидан ва Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилганидан кейин махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олади.

Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритиш учун инвестор томонидан ташкил этилган юридик шахс махсус иқтисодий зона дирекциясига юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхасини ва Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдордаги тўловни тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.

Махсус иқтисодий зона дирекцияси ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни олган кундан эътиборан икки иш куни ичида юридик шахсни Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган шаклдаги махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси гувоҳномасини беради.

Махсус иқтисодий зонанинг дирекцияси юридик шахс Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилганидан кейин бир иш куни ичида бу ҳақда тегишли солиқ, божхона ва статистика органларини хабардор қилади.

30-модда. Махсус иқтисодий зона иштирокчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Махсус иқтисодий зона иштирокчиси:

махсус иқтисодий зона иштирокчилари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқий ҳимоя кафолатлари, имтиёзлар 
ва преференциялардан фойдаланишга;

ер участкалари, бинолар, иншоотларни фойдаланиш учун олишга, шу жумладан ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш учун олишга ҳамда ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун инфратузилма объектларини қуришга;

инвестиция битими ва инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг тармоқ жадвалларига мувофиқ муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан уни ўз вақтида таъминланишини махсус иқтисодий зона дирекциясидан талаб қилишга;

махсус иқтисодий зона дирекцияси томонидан махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиларига кўрсатиладиган, шу жумладан шартнома асосида кўрсатиладиган барча турдаги хизмат турларидан тенг шартларда фойдаланишга;

ўз маблағлари ҳисобидан махсус иқтисодий зонанинг бош режасига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган инфратузилма объектларини қуришга;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақли.

Махсус иқтисодий зона иштирокчиси:

қонун ҳужжатларида ва инвестиция битимида назарда тутилган мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажариши;

қонун ҳужжатлари талабларини бажариши;

инвестиция битими ва бизнес-режалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни махсус иқтисодий зона дирекциясига тақдим этиши шарт.

Махсус иқтисодий зона иштирокчисининг инвестиция битимида назарда тутилган ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини инвестиция битими бўйича барча мажбуриятлар бажарилгунига қадар бошқа юридик шахсга ўтказишига йўл қўйилмайди.

Махсус иқтисодий зона иштирокчиси ўз фаолиятини ушбу Қонун 
ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек инвестиция битимига мувофиқ амалга оширади.

31-модда. Юридик шахснинг махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини йўқотиши

Юридик шахс қуйидаги ҳолларда махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини йўқотади:

махсус иқтисодий зона тугатилганда;

юридик шахс тугатилганда (фаолияти тугатилганда);

юридик шахснинг жойлашган жойи ўзгариб, янги жойлашган жойи махсус иқтисодий зона ҳудудидан ташқарида бўлган тақдирда;

махсус иқтисодий зона иштирокчиси инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаганда;

махсус иқтисодий зона иштирокчисининг аризасига биноан;

махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси қайта ташкил этилган тақдирда, бундан солиқ ва божхона тўловлари бўйича бир хил имтиёзларга эга бўлган махсус иқтисодий зона иштирокчилари ўртасида амалга ошириладиган қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш мустасно.

Юридик шахснинг махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини йўқотиши тўғрисидаги қарор махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши томонидан махсус иқтисодий зонанинг дирекцияси тақдимига биноан қабул қилинади.

Ушбу модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошисида назарда тутилган асослар бўйича юридик шахснинг махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини йўқотганлиги тўғрисидаги қарор устидан махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси томонидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг қарорига мувофиқ махсус иқтисодий зона дирекцияси махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси билан инвестиция битимини бекор қилади ва уни Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестридан чиқаради.

Махсус иқтисодий зона дирекцияси махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестридан чиқарилганидан кейин бир иш куни ичида бу ҳақда махсус иқтисодий зона иштирокчисини, махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгашини, солиқ, божхона органларини ва статистика органларини, шунингдек махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатиши ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органини ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини юридик шахснинг махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини йўқотганлик санаси ва асосларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда (шу жумладан электрон почта орқали) хабардор қилади.

Юридик шахснинг махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини йўқотиши солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар бекор қилинишига олиб келади.

32-модда. Инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаган тақдирда юридик шахсни махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомидан маҳрум этиш тартиби

Махсус иқтисодий зона иштирокчиси инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаган тақдирда, инвестор томонидан махсус иқтисодий зона ҳудудида ташкил этилган юридик шахс махсус иқтисодий зона дирекциясининг ташаббусига кўра махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси мақомидан маҳрум этилиши мумкин.

Махсус иқтисодий зона дирекцияси томонидан махсус иқтисодий зона иштирокчисининг инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги факти (бундан енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатлари юзага келган ҳоллар, шунингдек махсус иқтисодий зона дирекциясининг айби билан юзага келган ҳоллар мустасно) аниқланган тақдирда, қоидабузарликлар ва инвестиция битимида белгиланган бажарилмаган мажбуриятлар батафсил баён этилган тегишли далолатнома тузилади, ушбу далолатнома махсус иқтисодий зона дирекциясининг вакиллари 
ва иштирокчиси томонидан имзоланади. Далолатномада махсус иқтисодий зона иштирокчисининг инвестиция битими бўйича мажбуриятлар бажарилишини таъминлаши керак бўлган муддат ҳам кўрсатилади. 
Бу муддат тўқсон кундан ошмаслиги керак.

Форс-мажор ҳолатлари юзага келганлиги тасдиқланган тақдирда, махсус иқтисодий зона дирекцияси ва иштирокчиси инвестиция мажбуриятларининг оқилона муддатларда бажарилишини таъминловчи жадвал тузади, бунда форс-мажор ҳолатлари бошланиши билан боғлиқ бўлган кечикишнинг аниқ муддатлари эътиборга олинади.

Махсус иқтисодий зона иштирокчиси инвестиция битими бўйича мажбуриятларини ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган муддат ичида бажармаган тақдирда, дирекция махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши ҳамда махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи билан ёзма равишда келишиб олинганидан кейин махсус иқтисодий зонанинг иштирокчисини инвестиция битимининг бажарилмаганлиги муносабати билан уни бекор қилиш тўғрисида ёзма равишда (шу жумладан электрон почта орқали) хабардор қилади.

Агар ўн кун ўтгунига қадар махсус иқтисодий зона иштирокчиси инвестиция битимининг бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарор юзасидан судга шикоят қилмаган бўлса, инвестиция битими бир томонлама тартибда бекор қилинган ҳисобланади.

Агар махсус иқтисодий зона иштирокчиси инвестиция битимининг бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарор юзасидан судга шикоят қилган бўлса, унда инвестиция битими бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ келгусидаги низолар суд тартибида ҳал қилиниши лозим.

Юридик шахснинг инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси мақомини йўқотганлиги солиқ ва божхона имтиёзларининг бекор қилинишига, тўланмаган солиқ ва божхона тўловларининг тўлиқ ҳажмда ундирилишига ҳамда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун юридик шахсга берилган ер участкалари, бўш турган 
ва фойдаланилмаётган давлат мулки объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинишига сабаб бўлади.

33-модда. Махсус иқтисодий зона иштирокчисининг аризасига асосан махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини бекор қилиш тартиби

Махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини бекор қилиш тўғрисидаги ариза махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси томонидан махсус иқтисодий зона дирекциясига берилади. Махсус иқтисодий зона дирекцияси келиб тушган аризани икки иш куни ичида махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгашига тақдим этади.

Махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини бекор қилиш тўғрисидаги ариза махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши томонидан ўн кун ичида, махсус иқтисодий зона дирекциясига моддий ёки молиявий зарар етказиш белгилари бўлган ҳолларда эса ўттиз кун ичида кўриб чиқилади.

Махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг қарорида махсус иқтисодий зона иштирокчиси томонидан етказилган моддий ёки молиявий зарарнинг ўрнини қоплаш, шу жумладан махсус иқтисодий зона дирекциясининг судга мурожаат қилиши орқали қоплаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилиши мумкин.

Юридик шахснинг махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини йўқотиши махсус иқтисодий зона дирекциясига моддий ёки молиявий зарар етказмаган тақдирда унинг махсус иқтисодий зона ҳудудидаги фаолияти тугатилишига, шунингдек юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулк ҳуқуқларининг тугатилишига олиб келмайди. Бунда ушбу юридик шахс махсус иқтисодий зона иштирокчилари учун берилган махсус ҳуқуқий режимдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотади.

Ушбу тартиб тадбиркорлик субъектини махсус саноат зоналарининг иштирокчиси мақомидан маҳрум қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.

9-боб. Инвестиция битими

34-модда. Инвестиция битимини тузиш

Махсус иқтисодий зона дирекцияси инвестиция лойиҳасида баён этилган шартлар, муддатлар ва тартиб-таомилларга мувофиқ инвестиция битимини тузади.

Инвестиция битими инвестор томонидан махсус иқтисодий зона маъмурий кенгашининг баённомаси (ундан кўчирма) олинганидан кейин инвестор ва махсус иқтисодий зона дирекцияси директори томонидан уч иш куни ичида имзоланиши керак.

Инвестиция битими инвестор томонидан ташкил этилган юридик шахс махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олган санадан эътиборан кучга киради.

35-модда. Инвестиция битимининг амал қилиш муддатини узайтириш

Инвестиция битими махсус иқтисодий зона дирекцияси томонидан махсус иқтисодий зона иштирокчисининг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Ариза махсус иқтисодий зона иштирокчиси томонидан инвестиция битимининг амал қилиш муддати тугашидан камида бир ой олдин берилади.

Махсус иқтисодий зона иштирокчисининг инвестиция битимининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризасига махсус иқтисодий зонада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳасининг 
уни амалга оширишни давом эттириш зарурлиги ҳақидаги асослантиришни ўз ичига олган бизнес-режаси илова қилинади.

36-модда. Инвестиция битимининг амал қилишини тугатиш

Инвестиция битимининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

инвестиция битимининг амал қилиш муддати тугаганда;

юридик шахс махсус иқтисодий зонанинг иштирокчиси мақомидан маҳрум этилган тақдирда;

махсус иқтисодий зона муддатидан олдин тугатилган тақдирда;

қонун ҳужжатларида ёки инвестиция битимида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

10-боб. Махсус иқтисодий зоналарнинг махсус ҳуқуқий режими

37-модда. Махсус ҳуқуқий режимнинг ўзига хос хусусиятлари

Махсус иқтисодий зоналарда махсус божхона, солиқ режими, шунингдек фуқароларнинг кириш, чиқиш ва бўлиш режими, меҳнат муносабатлари, молия-кредит фаолиятини амалга ошириш шартлари ҳамда инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва махсус иқтисодий зонани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган бошқа режим ўрнатилиши мумкин.

Махсус ҳуқуқий режим қонунлар ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ўрнатилади.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига берилган имтиёзлар фақат махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириладиган фаолиятга нисбатан қўлланилади.

Махсус иқтисодий зона иштирокчилари сифатида рўйхатга олинган чет эл инвесторлари ўзига Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида берилган барча ҳуқуқлар, кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.

38-модда. Махсус божхона режими

Махсус божхона режимида қуйидагилар назарда тутилади:

божхона тўловлари ставкаларини вақтинча бекор қилиш ёки пасайтириш;

экспортга ёки импортга нисбатан нотариф чекловларни бекор қилиш, енгиллаштириш.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан экспорт қилинаётган ёки импорт қилинаётган товарларни божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилган ҳолдаги божхона расмийлаштируви қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Махсус иқтисодий зона худудида махсус божхона режимини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси божхона органлари томонидан амалга оширилади.

Махсус божхона режими товарларнинг махсус иқтисодий зоналар ҳудуди орқали транзит қилинишига нисбатан татбиқ этилмайди.

Махсус божхона режими рақобатсиз муҳитни шакллантиришга олиб келмаслиги керак.

39-модда. Солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари солиқ бўйича имтиёзлардан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда фойдаланади.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:

республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун қурилиш даврида белгиланган тартибда олиб кирилган қурилиш материаллари учун божхона тўловларини (бундан қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно);

тасдиқланган рўйхат бўйича технологик ускуналарнинг ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиганини олиб киришда божхона тўловларини (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно).

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан ишлаб чиқариш ва маҳсулотларни экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона тўловлари (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно) тўланмайди.

Махсус иқтисодий зона иштирокчилари товарларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача муддатга кечиктириб тўлаши мумкин.

Ҳисобланган солиқ суммасидан ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммасининг ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасининг ўрни эркин иқтисодий зона иштирокчисига 7 кун давомида соддалаштирилган тартибда қоплаб берилади.

Тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси махсус иқтисодий зона иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда қоплаб берилади.

40-модда. Махсус иқтисодий зоналарда меҳнат муносабатларини тартибга солиш

Махсус иқтисодий зоналардаги меҳнат муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, жамоа шартномалари (келишувлари) ва (ёки) якка тартибдаги меҳнат шартномалари (контрактлари) билан тартибга солинади.

Жамоа шартномалари (келишувлари) ва якка тартибдаги меҳнат шартномалари (контрактлари) махсус иқтисодий зоналар ҳудудларида ташкил этиладиган юридик шахслар ходимларининг аҳволини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида, шунингдек Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси қўшилган конвенцияларида назарда тутилган шартларга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмас.

Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида ташкил этиладиган юридик шахсларнинг ходимлари штатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ходимлар умумий сонининг камида тўқсон фоизини ташкил этиши керак.

41-модда. Махсус иқтисодий зона дирекциясининг бюджети

Махсус иқтисодий зона дирекцияси махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши томонидан ҳар йили даромадлар ва харажатлар сметаси шаклида тасдиқланадиган мустақил бюджетга эга бўлади.

Махсус иқтисодий зона дирекциясининг даромадлари Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритганлик учун олинадиган тўловлардан, махсус иқтисодий зона дирекциясининг фойдаланишида ва бошқарувида бўлган ер участкаларини фойдаланишга беришдан, бинолар ҳамда иншоотларни ижарага топширишдан, шартномалар бўйича хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлардан 
ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Махсус иқтисодий зона шаклланиш босқичида ўз харажатларини ўзи қоплайдиган бўлгунига қадар, лекин уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга махсус иқтисодий зона дирекцияси таъминоти учун республика 
ва маҳаллий бюджетлардан маблағлар, ссудалар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан маблағлар жалб қилиниши мумкин.

11-боб. Якунловчи қоидалар

42-модда. Махсус иқтисодий зона иштирокчиларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари

Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг ҳуқуқ 
ва манфаатларини ҳимоя қилиш ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан кафолатланади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўзгарганда махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари имтиёзлар амал қилиш муддати давомида, лекин ўн йилдан ошмаган муддат ичида солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлаш бўйича улар Махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган санада амалда бўлган нормалар ва қоидаларни қўллашга ҳақлидир, бундан акциз тўланадиган товарларга солиқ солинишини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг нормалари ва қоидалари мустасно.

Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари экспорт қилинадиган ва импорт қилинадиган товарлар учун ўзига қулай бўлган шарт-шароитлардан, тўлов шаклларидан ва ҳисоб-китоблардан фойдаланишга ҳақли.

Махсус иқтисодий зоналарда махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча кафолатлар ва имтиёзларга риоя этилиши таъминланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан қўшимча кафолатлар 
ва имтиёзлар берилиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа органлар ёхуд мансабдор шахслар томонидан юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг фаолиятига асоссиз аралашганлик натижасида уларга етказилган зарарларнинг, шунингдек бой берилган фойда ва маънавий зиённинг ўрни суд тартибида қопланиши ёки компенсация қилиниши лозим.

43-модда. Низоларни ҳал этиш

Махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

44-модда. Махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

45-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелда қабул қилинган «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги 220–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 5–6, 58-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 482–II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 5, 67-модда) XV бўлими;

3) Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 14 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–11-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 410-модда) 3-моддаси;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш 
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»
ги ЎРҚ–59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 10, 536-модда) 11-моддаси;

5) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 23 сентябрда қабул қилинган «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 
ЎРҚ–224-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 9, 338-модда);

6) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш 
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»
ги ЎРҚ–391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, № 8, 312-модда) 10-моддаси;

7) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–476-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 224-модда) 20-моддаси.

46-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

47-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

48-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида мазкур Қонун кучга киргунга қадар эркин иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан рўйхатга олинган ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз 
ва преференциялар улар тақдим этилган муддат ўтгунига қадар сақлаб қолинади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          Ш. Мирзиёев

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?