ИЖТИМОИЙ ФИКР: Респондентларнинг 74 фоизи Ўзбекистоннинг ЕОИИга, 78 фоизи ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади

11:57 20 Май 2020 Сиёсат
476 0

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласи қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Албатта, бу масалаларда ижтимоий жамоатчилик фикри ҳам муҳим ҳисобланади.

Шу мақсадда жорий йил январь-февраль ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази фуқаролар ўртасида “Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТга эҳтимолий аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш” бўйича аноним сўров ўтказди.

Тадқиқотчилар, олимлар, давлат хизматчилари, хусусий сектор вакиллари, ўқитувчи ва талабалар қатнашган сўровнома иштирокчиларига тақдим этилган сўровнома 10 саволдан иборат бўлиб, у хориж тажрибаси бўйича ишлаб чиқилди.

Сўровномада барча ҳудудлардан 1300 дан ортиқ иштирокчи фаол ва аниқ жавоблари билан қатнашди.

Тадқиқот иштирокчиларининг гендер таркибини қуйидагича таҳлил этиш мумкин. Сўровнома иштирокчиларининг аксарият қисми, яъни 1037 нафари эркаклар (79 фоиз), 271 нафари эса аёлларни (21 фоиз) ташкил этди. Айниқса, талабалар фаол иштирок этди (37 фоиз), шунингдек, хусусий сектор вакиллари (27 фоиз), давлат хизматчилари (19 фоиз), ўқитувчилар (12 фоиз), олимлар ва тадқиқотчилар (4 фоиз), бошқа касб эгалари (1 фоиз) ҳам саволларга аниқ жавоб берди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш сўровномасига доир натижалар

Респондентларнинг 74 фоизи Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишини қўллаб-қувватлади. Иштирокчиларнинг 16 фоизи қарши, 4 фоизи бетараф қолди, 6 фоизи жавоб беришга қийналди.

Тадқиқот Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари респондентлари ЕОИИга қўшилишни энг кўп (90 фоиздан ортиқ) қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Интеграцион бирлашмага қўшилишга қарши бўлганларнинг улуши Андижон вилоятида 32 фоиз, Тошкент шаҳрида 26 фоиз, Фарғона вилоятида эса 21 фоизни ташкил этди.

Иттифоққа қўшилиш тарафдорлари эркакларга нисбатан аёллар ўртасида кўпроқ, яъни 82 фоиз аёллар ва 73 фоиз эркаклар қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, 20 ёшгача ва 40 ёшдан катта иштирокчилар ҳам ЕОИИга қўшилишни фаол маъқуллаган.

Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишини қўллаб-қувватламайдиганларнинг улуши 30-39 ёшдаги (23 фоиз) фуқаролар орасида юқоридир. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, қўшилишни қўллаб-қувватловчи фуқаролар сони ўқитувчилар, талабалар ва хусусий сектор вакиллари орасида (76 фоиз) тадқиқотчилар ва давлат сектори ходимларига нисбатан (66 фоиз) юқори.

45 фоиз респондент ЕОИИга қўшилишнинг асосий хавфини иттифоққа аъзо бўлмаган давлатлардан келадиган импорт маҳсулотлари чекланишида кўради. 42 фоиз иштирокчини ташқи рақобат ошгани сари ички ишлаб чиқариш ва иш ўринлари камайиб кетиши ташвишга солган. Давлат бюджети даромадлари камайиши эҳтимоли эса респондентларни энг кам ташвишга солган (13 фоиз).

Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишнинг энг асосий афзалликлари сифатида товарлар ва хизматлар нархининг пасайиши, шунингдек, рақобат кучайиши натижасида маҳсулот сифати ошиши кўрсатилган (51 фоиз). 24 фоиз респондент маҳаллий маҳсулотлар учун экспорт бозорлари кенгайиши натижасида янги иш ўринлари яратилишини ижобий баҳолаган.

Сўровнома иштирокчиларининг 15 фоизи меҳнат муҳожирларининг шароитлари яхшиланишини инобатга олган, 10 фоизи умумий меҳнат бозори шаклланиши натижасида ишчи кучининг давлатлараро ҳаракати янада эркинроқ бўлади, деб баҳолаган.

Қайд этиш керакки, сўровда қатнашган 200 дан ортиқ иштирокчи ЕОИИ қўшилиш афзалликлари ва хатарлари юзасидан ўз изоҳларини қолдирган. Жорий йилнинг 29 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи кўриб чиқилди. Унда депутатлар ЕОИИда Ўзбекистон кузатувчи сифатида иштирок этишини маъқуллади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ўз нутқида таъкидлаганидек, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган социологик сўров бу борада жамоатчилик фикрини илмий тадқиқ этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишига доир сўровнома натижалари 

Сўровнома иштирокчиларининг аксарияти (78 фоиз) Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилишини қўллаб-қувватлаган, 8 фоизи қарши эканини билдирган, 7 фоизи бетараф қолган, қолганлар жавоб беришга қийналган.

Навоий, Сурхондарё вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида (84-91 фоиз) ЖСТга аъзо бўлиш энг кўп қўллаб-қувватланди. Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишига қарши бўлганлар Тошкент шаҳри (13 фоиз), Тошкент вилояти (18 фоиз) ва Андижон вилоятида (12 фоиз) энг кўп кузатилди. ЖСТга аъзо бўлишни қўллаб-қувватловчилар орасида эркаклар ва аёллар улуши тенг бўлди. Ташкилотга қўшилишни 20 ёшгача бўлган респондентларнинг аксарияти (86 фоизи) қўллаб-қувватлаган. ЖСТга қўшилишга энг кўп овоз берган ўқитувчи ва талабалар бўлса (84 фоиз), хусусий сектор вакиллари орасида бу фикрни қўллаб-қувватлаганлар нисбатан камроқни ташкил этган (70 фоиз).

Респондентлар ЖСТга аъзоликнинг энг хавотирли томони иқтисодиётнинг асосий тармоқлари устидан ташқи назорат ўрнатилиши, натижада мазкур соҳалар хорижлик тадбиркорларга ўтиши мумкин. 44 фоиз иштирокчи ушбу масалада ўз хавотирини билдирган.

Респондентларнинг 42 фоизи товарлар ва хизматлар импорти ошиб кетиши маҳаллий корхоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтган, 14 фоизини эса давлат даромадлари камайиши эҳтимоли безовта қилган.

34 фоиз иштирокчи ЖСТга қўшилишнинг асосий афзаллиги рақобат муҳитининг яхшиланиши, товарлар ва хизматлар нархлари пасайиши ва уларнинг сифатига ижобий таъсир қилишида, деб билади.

23 фоиз респондент Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ривожланган мамлакатлар билан савдо алоқалари яхшиланиши, юқори технологияли импортнинг ошишига ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблаган.

Респондентларнинг 16 фоизи миллий ишлаб чиқариш ҳажми, янги иш ўринлари яратилиши хорижий инвестициялар оқими ва хорижий корхоналар ҳисобига ошади, деб ҳисоблайди.

Сўровда иштирок этганларнинг 11 фоизи ЖСТга қўшилиш Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилашини билдирган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?