Евроосиё иқтисодий иттифоқи: бу борадаги фикр-мулоҳазалар бўйича хулоса ясашга шошилмайлик

12:01 29 Октябр 2019 Жамият
7064 0

Сўнгги кунларда мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га кириши ё кирмаслиги ҳақида қизғин муҳокама ва мунозаралар бўлмоқда. Фикр-мулоҳазалар эса турлича. Келинг, уларга хулоса ясашга шошилмай, Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга қўшилишининг ижобий ҳамда салбий жиҳатлари ҳақида фикрлашсак.

2014 йил 29 майда Остона шаҳрида имзоланган “Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақида”ги Шартноманинг 4-моддасида уни тузишнинг асосий мақсадлари сифатида аъзо-давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида улар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш, ташкилот доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга интилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларни ҳар тарафлама модернизация, кооперация қилиш ва улар рақобатбардошлигини ошириш кабилар белгиланган. Демак, бу Ўзбекистоннинг янги иқтисодий сиёсатининг асосларини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси мақсадларига мос келади.

Айни пайтда ЕОИИ аъзолари — Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон давлатларининг умумий майдони 20,3 миллион квадрат километрни ташкил этади, аҳолиси 186 миллион киши, ЯИМ ҳажми 1,9 триллион АҚШ долларига тенг. Кўриниб турибдики, ЕОИИ — ҳажми жиҳатидан жуда катта бозор ва бу бозорнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш Ўзбекистонга улкан имкониятлар яратиб беради.

Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти асрлар мобайнида турли омиллар таъсири остида бири-бирини тўлдириб турадиган ягона ҳудудий комплекс ҳолида шаклланган. СССР парчалангунга қадар Марказий Осиё давлатлари ягона ҳудудий комплекс сифатида сақланиб турган.

1992 — 2016 йиллар мобайнида бешта давлатнинг иқтисодий алоқалари сусайди, ўртада сунъий тўсиқлар пайдо бўлди. Бу давлатларнинг ҳаммасига салбий таъсир кўрсатди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташқи сиёсат буткул ўзгартирилиб, ҳамма давлатлар, айниқса, қўшни мамлакатлар билан алоқалар кенгайтирилгани минтақа давлатлари иқтисодиётига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсата бошлади. Хусусан, 2016 — 2019 йилларда ЕОИИ давлатлари билан ҳамкорликнинг кучайиши йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради, туман ҳамда шаҳарларни индустриал ривожлантириш мақсадида ҳудудларга чет эл инвестицияларини жалб қилиш имкониятини оширади.

Иттифоқ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз олиб ўтилиши, давлатларнинг ички бозорларига маҳаллий товарларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб бориши, божхона идоралари фаолиятини тартибга солишнинг умумий ва мукаммал тизимини яратиш, капитал ҳаракати эркинлигини таъминлаш имкониятларини яхшилайди.

Бу иқтисодий алоқалар кучайишининг ижобий томонлари эди. Шу билан бирга, унинг айрим салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Булар — мамлакатимизда маҳсулотлари юқори нархга эга бўлган корхоналар фаолиятига салбий таъсирлар бўлиши, ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажмининг кўпайиши, айрим товарлар бозорида рақобатнинг ортиши, ҳозир турлича бўлган техник тартибга солиш ва стандартларни бир хил қилиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши, тайёр саноат товарларини ишлаб чиқариш бўйича туманлараро тафовут ортиши каби эҳтимоллар.

ЕОИИ доирасида ягона электр энергияси бозорини яратиш ва шу йўл орқали барча аъзо давлатларни нисбатан арзон электр энергияси билан таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда бир ечимга келиш мумкин. Булар иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилади.

Ўзбекистон иттифоққа аъзо мамлакатлар ичида меҳнат ресурслари сони бўйича Россиядан кейин 2-ўринни эгаллайди. Бу эса Ўзбекистоннинг меҳнат ресурсларига бойлигини, меҳнат салоҳияти юқорилигини кўрсатади. Масалага шу жиҳатдан ёндашилса, иттифоққа аъзо бўлиш меҳнат муносабатлари масаласида кўплаб ижобий натижаларни беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев таъкидлаганидек, 1992 — 2016 йиллар мобайнида Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш концепциясини яратиш билан шуғулланмади, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишни таъминлай олмади. Бозор иқтисодиётига ўтишда хусусийлаштиришни ўтказиш ва хусусий мулк хавфсизлигини таъминлаш керак.

Бунга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, бозор иқтисодиёти, иқтисодий фаолиятни ташкил этиш, хусусийлаштириш концепциялари ҳамда дастурларини яратиш ва уларни амалиётга жорий этишда ЕОИИ давлатлари биздан анча олдинга ўтиб кетган. Шу боис мазкур тузилмага аъзо бўлиб кирсак, биз уларнинг бу борадаги тажрибасидан ҳам самарали фойдаланишимиз мумкин.

Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши масаласи ҳақида интернет саҳифаларида хорижий ва маҳаллий экспертлар фикрлари билан танишиб чиқарканман, айтиш жоизки, улар бир-бирларидан кескин фарқ қилади. Иттифоққа аъзо бўлишни ижобий баҳолаган фикрлар кўпроқ. Лекин улар ичида ўта саёз, чуқур ўйланмаган, ортиқча ҳаяжонга берилган, етарли асосланмаган, ҳатто мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайдиган мулоҳазалар ҳам учрайди. Уларга йирик сиёсатшунос ва иқтисодчи олим, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев яқинда бўлиб ўтган бир анжуманда қатъий таъкидлаган қуйидаги гапни айтиш кифоя: “Ўзбекистон миллий манфаатларга рахна солувчи ҳеч қандай шартномага қўл қўймайди!”

Мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришининг айрим салбий томонлари мавжуд бўлса-да, ижобий жиҳатлари кўп ва салмоқли ҳамда улар Ўзбекистоннинг манфаатларига мос келади. Ҳамма гап ушбу ташкилотга кириш учун пухта тайёргарлик кўришга боғлиқ. Ана шунда бу тадбир халқимизнинг манфаатларига хизмат қилади ва мамлакатимиз иқтисодиёти янада ўсишига ёрдам беради.

Одил ОЛИМЖОНОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер