Эрон «режим бутунлай йўқ қилинмагунча» Исроилга зарба беришга ваъда берди

15:48 16 Июнь 2025 Дунё
264 0

Фото: AP

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Исроилга қарши амалиётлар «ционистик ишғол режими бутунлай йўқ қилинмагунча» давом этишини айтди.

Шунингдек, душанба куни эрта тонгда ракета ҳужумларининг янги тўлқини бошлангани, «аввалгидан ҳам кучлироқ ва вайронкор» эканлиги айтилди. Баёнотда, Эроннинг Исроилнинг кўп қатламли ҳаво мудофаа тизимларини янги усуллар билан бузишга муваффақ бўлгани, бунинг натижасида уларнинг бир-бирига ҳужум қилгани таъкидланди.

«Америка Қўшма Штатлари ва Ғарб давлатларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашига ва энг замонавий ва энг янги мудофаа технологияларига эга бўлишига қарамай, ушбу операцияда қўлланилган ташаббуслар ва имкониятлар, босиб олинган ҳудудлардаги нишонларнинг ракеталарини муваффақиятли ва максимал даражада йўқ қилишга олиб келди — дейилади ИИҚК хабарида.

Эрон кучлари, шунингдек, бўлажак операциялар анча вайронкор ва аниқроқ бўлишига ваъда беришди.

«Жиноий ционистик босқинчи режим тарафдорлари билишлари керакки, самарали, мақсадли ва ҳалокатли амалиётлар унинг тўлиқ йўқ қилинмагунча давом этади», — дейилади Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси баёнотида.

Эрон Исроилга зарба беришда гипертовушли ракеталардан фойдаланди

Эрон 16 июнь куни эрталаб маълум қилишича, ИИҚК Тел-Авив ва Ҳайфага зарба беришда гипертовушли ракеталардан фойдаланган. «Tasnim» агентлигига кўра, Корпус урушни давом эттириш ва Исроилни «қийин аҳволга солиб қўйиш» учун ҳужумларида бу турдаги қуроллардан тез-тез ва кўпроқ фойдаланишни бошлайди.

Ракеталардан бири Тел-Авивдаги АҚШ элчихонаси биносига зарар етказган. АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хаккаби кичик вайронагарчиликлар ҳақида хабар берди, бироқ америкалик ходимлардан ҳеч ким жабрланмади.

Исроил Эрон ядровий иншоотига зарба берди

Ўз навбатида, Исроил ҳарбий самолётлари Қум шаҳридаги Фордо ядровий иншоотига зарба берди. Оқибатда ушбу ҳудудда 2,5 магнитудали силкинишлар содир бўлган. Сейсмологларнинг маълумотларига кўра, зилзила эпицентри ўн километр чуқурликда бўлган.

Фордо уран бойитиш заводи Эрон марказидаги Қум шаҳри яқинидаги тоғ туннелларида жойлашган ер ости ядровий иншоотидир. Бу мамлакат ядровий инфратузилмасининг энг ҳимояланган жойларидан биридир.

Исроил мудофаа кучлари, шунингдек, Эроннинг марказий қисмидаги ракета майдончалари ва мамлакатдаги қурол-яроғ ишлаб чиқариш объектларига зарба берганини маълум қилди.

Шу йилнинг 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрондаги ядровий ва ҳарбий объектларга ҳужум қилиб, «Уйғонган шер» операциясини бошлади. Зарбалар ядро қуролини ишлаб чиқиш билан боғлиқ инфратузилма объектлари, шунингдек, эронлик генераллар жойлашган жойларга қаратилган.

Ўша куни кечқурун Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси «Ҳақиқий ваъда 3» деб номланган жавоб операцияси бошланганини эълон қилди ва Исроилга ракеталар учирилди. Бир қанча шаҳарларда, жумладан Қуддусда ҳаво ҳужуми сиреналари янгради. Ҳар икки давлатдаги зарбалар оқибатида ўнлаб одамлар қурбон бўлди ва жароҳатланди.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий вакили Хусейн Керманпурнинг маълум қилишича, мамлакат ҳудудига берил ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 224 нафарга етган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. 13 июндан бери 1277 нафар киши шифохоналарга ётқизилган. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи тинч аҳоли вакиллари экани айтилмоқда.

Эроннинг Исроилга жавоб зарбалари натижасида 17 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши яраланган.

Томонлар бир-бирига ҳужум қилишда давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер