“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентга киритилди
Шу кунларда парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини экспертлар ва мутахассислар иштирокида биринчи ўқишда концептуал кўриб чиқиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Қайд этиш жоиз, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритилган.
Қўмита раиси ўринбосари Акмал Раҳмоновнинг маълум қилишича, ушбу қонун лойиҳаси экстремистик фаолиятга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий вазифалари экстремистик ҳаракатлардан шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлаш ҳисобланади.
Қонун лойиҳасида “экстремистик фаолият” (“экстремизм”), “экстремист”, “экстремизмни молиялаштириш”, “экстремистик материал” тушунчаларига аниқ таъриф бериш, экстремизмга қарши курашишнинг асосий принциплари ва йўналишларини белгилаш кўзда тутилмоқда. Экстремизмга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи ва амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ваколатларини белгилаб бериш назарда тутилаяпти.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда экстремистик ҳаракатлар учун жиноий-ҳуқуқий жавобгарлик чоралари назарда тутилган АҚШ, Дания, Германия, Нидерландия, Франция каби илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳар томонлама таҳлил қилинган, шунингдек, экстремизмга қарши курашиш тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинган Молдова, Россия, Беларусия, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг қонунчилиги қиёсий ўрганилган.
Қўмита раиси ўринбосарининг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, энг аввало, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ҳамда конфессиялараро тотувликни сақлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, экстремистик ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга, шунингдек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳамда умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни амалга оширишга кўмаклашади.
Зиёда АШУРОВА.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Талон-торож қилинаётган ўрмон ерлари
- Рамазон ҳайити намозининг ўқилиш вақтлари белгиланди (+тўлиқ рўйхат)
- Ўзбекистон ва Покистон етакчилари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлади
- Самарқанд шаҳри "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" саммитига тайёр
- Ўзбекистонда геномика ва биоинформатика: илмий тадқиқотлар ва янги имкониятлар
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг