Экологик муаммолар қуршовида қолган шаҳар
![](https://xs.uz/upload/post/2019/1/11/6443b303d6673936f5b0bfd188c41f210111.jpg)
Иллюстратив фото
Ҳаво ҳарорати пасайган шу кунларда Ангрен шаҳри иссиқлик тармоқларининг ички тақсимловчи қувурлари эскиргани сабабли аҳоли хонадонлари ҳамда ташкилотларнинг иссиқлик таъминоти етарли даражада бўлмаяпти. Шаҳардаги 980 та кўп қаватли уйдан 634 таси марказлашган иссиқлик таъминотига уланган. Аммо етказиб берилаётган иссиқ сувнинг ҳарорати белгиланган меъёрдан жуда паст бўлгани боис аҳоли, айниқса, болалар ўртасида турли касалликлар кўпайган. Қолган 346 та кўп қаватли уй умуман тармоққа уланмаган. Натижада одамлар хонадонларни ўз имконидан келиб чиқиб иситишга мажбур бўляпти.
Муаммонинг сабаблари ва уни ҳал этиш йўллари таҳлили халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди. Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳудудда ўтказилган ўрганиш натижалари ўртага ташланди.
Муаммога сабаб нима? Аввало, шаҳар коммунал хўжалигида ҳанузгача қўлланиб келинаётган эскича ёндашувлар, соҳада йиллар мобайнида тўпланиб қолган масалалар қиш кунларида кўзга яққол ташланяпти.
Вазиятни ўзгартириш учун иссиқлик таъминотининг марказлашган тизимидан босқичма-босқич воз кечиб, замонавий локал технологияларга ўтиш лозим. Бунинг учун эса катта маблағ талаб этилади. Сессияда бу масалани жорий йилги ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва инвестиция дастурларига киритиш зарурлиги таклиф қилинди.
Яна бир оғриқли масала — шаҳардаги экологик ҳолат, айниқса, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши билан боғлиқ. “Ангрен ИЭС” АЖ минораларидан чиқаётган тутунсифат кул-қурум чиқиндилари шаҳар устига ёғилиб, аҳоли саломатлигига зарар етказяпти. Натижада одамлар орасида бир қатор касалликларни келтириб чиқармоқда. Айниқса, иншоот яқинида жойлашган Гурум маҳалласи аҳли юзага келган ҳолатдан жуда кўп азият чекмоқда.
Иссиқлик станциясидаги мавжуд электр фильтрлар қайта-қайта жорий таъмирланиши ва ҳозирги кунда яроқсиз ҳолга келгани муаммога сабаб бўляпти. Йиғилишда иншоот раҳбарияти корхонада атроф-муҳитга етказилаётган зарарни бартараф этиш чораларини зудлик билан кўриши, шу жумладан, тегишли модернизациялаш ишларини олиб бориши зарурлиги айтиб ўтилди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ, «Халқ сўзи» мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг