Депутат Б. Артиков: Қонунчилик палатаси фаолиятида янги амалиёт жорий этилиши кутилмоқда

11:39 16 Май 2018 Сиёсат
2576 0

Амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ иккинчи ўқишда қонун лойиҳалари бўйича овоз бериш моддама-модда ўтказилиши белгиланган. Аслида эса...

“Мамлактимизда шиддат билан амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлашда қонун ҳужжатларини такомиллаштириб, янгича иш услубини жорий этиш кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Бекзод Артиков. — Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталарида қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш амалиётини такомиллаштириш масалалари ўрганиб чиқилди.

Унинг таъкидлашича, амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ иккинчи ўқишда қонун лойиҳалари бўйича овоз бериш моддама-модда ўтказилиши белгиланган. Бироқ, амалиётда айрим қонун лойиҳасининг моддалари бўйича барча фракциялар, депутатлик гуруҳлари якдил фикрда бўлишади. Бу эса, ўз-ўзидан уларни моддама-модда муҳокамадан ўтказиш тизимини самарасиз эканлигини кўрсатмоқда. Қолаверса, фаолиятнинг бундай тартиби депутатларнинг Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисларида қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқишда Регламентда белгиланган расмиятчилик учунгина ортиқча вақт сарфлашига олиб келади.

Артиковнинг айтишича, ўтган йилнинг декабрь ойида Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар жами 1 097 моддани ўз ичига олган бўлиб, уларга моддама-модда овоз бериш учун 12 соатдан ортиқ вақт сарфланган.

Депутатлар томонидан қонун лойиҳаларини кўриб чиқишни такомиллаштиришда навбатдаги долзарб масалалардан бири сифатида Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан қонунчиликда қонун лойиҳаларини кўриб чиқишни аниқ тартибининг белгиланмаганлиги қайд этилиб, уни такомиллаштириш лозимлиги эътироф этилди.

Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилганда, аксарият давлатларда, хусусан, Франция, Канада, Португалия, Жанубий Корея, Туркия парламентлари регламентларида қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда нафақат моддама-модда, балки бобма-боб ёки бўлимлар бўйича кўриб чиқилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилганлиги, депутатлар қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилганлик даражасига қараб овоз бериш шаклини ўзлари танлаши маълум бўлди.

Бундан ташқари, мазкур мамлакатларда қонун лойиҳаларини қўмиталарда кўриб чиқиш тартиби ҳам аниқ белгиланган бўлиб, унга кўра қонун лойиҳалари қўмита мажлисларида моддама-модда муҳокама қилинади.

Шунга мувофиқ, Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш ва овоз бериш тартибини замон талаблари асосида такомиллаштириш ҳамда вақт ва ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида бир гуруҳ депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.

Унга кўра, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш ва овоз бериш, қоида тариқасида, моддама-модда, Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ эса, бобма-боб ёки бўлимлар бўйича ўтказилиши мумкинлиги; биринчи ўқишга тайёрлашда қўмиталар томонидан қонун лойиҳаси концепутал тарзда кўриб чиқилиши, иккинчи ўқишга тайёрлашда эса моддама-модда кўриб чиқилиши; қўмита мажлисларида баённома юритиш ва уни, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштириш тартибини жорий этиш назарда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер