Чаман сарви яшил хилъат, менинг сарви равоним ҳам...

Мутафаккир шоир ва йирик давлат арбоби Алишер Навоий ўз даври сиёсий, ижтимоий ва маданий-маърифий ҳаётини бошқариб турган кучлардан бири эди. Шу боис у давлат сиёсати ва жамият ҳаётининг барча соҳасини чуқур билар, инсонлар маиший турмушларида содир бўлаётган муаммоларни ҳам теран тушунарди. Шоир ўрта асрларда Шарқда кечаётган романтизм шароитида ўзини ўйлантирган масалалар хусусида фақат бадиий сўз ва тимсоллар воситасида фикр-мулоҳазаларини билдириши мумкин эди. Шу боис у ўзининг ўлмас асарларида нафақат катта кўламдаги масалалар, балки жамият кишисининг муаммолари ва қизиқишлари ҳақида аниқ, концептуал, дастурий хулосаларини ифода этади.
Ҳазрат Навоийнинг фикрига кўра, жамият фаровонлиги ва маъмурлиги, тинчлигини таъминловчи асосий омиллар мавжуд. Булар жамиятнинг ҳар бир аъзосида шаклланмоғи лозим бўлган баъзи муҳим инсоний фазилатлардир. Зеро, фозил шаҳарлар аҳлини фазилатли инсонлар ташкил этади.
Инсон коинотнинг бир зарраси, балки гултожи қилиб яратилган экан, дея мушоҳада юритади Навоий, демак, у тинимсиз ҳаракатда бўлган шу уйғунликдан ташқарида алоҳида фаолият юрита олмайди. У ўз танлови, ниятлари ва ҳаракатларида ҳар қанча эркин бўлмасин, ўзини ўраб турган, унинг тириклиги ва ҳаёти учун улуғ имконият бўлган табиат қаршисида катта масъулият ҳис этмоғи лозим. Чунки инсон олтиндек тупроқни ўзи учун подшоҳлик тахти, осмонни эса соябон, деб билмагунча, камолот касб эта олмайди. Инсон гўзаллиги табиат гўзаллиги билан, инсоният фаровонлиги табиат фаровонлиги билан, инсон поклиги табиат софлиги билан уйғун бўлмоғи лозим. Инсон ва табиат бир-бирига мувофиқ бўлгандагина гўзаллик касб этиши мумкинлигини улуғ шоир шундай ифодалайди:
Мувофиқ кийдилар бўлмуш магар наврўз ила байрам,
Чаман сарви яшил хилъат, менинг сарви равоним ҳам...
Шоир ўзининг гўзал маҳбубаси қоматини чаманда ўсган сарв дарахтига қиёс этмоқда, чунки маҳбуба тўкис гўзаллиги муқоясаси фақат тўкис яратилган борлиқдагина мавжуддир. Мутафаккир ҳатто қишнинг изғирин совуқларидан — “дай шиддатидин ақлу ҳис бетоб” — бўлмоғи ҳам табиатнинг марҳамати эканлиги қайд этади.
Шоирнинг “Бадоеъ ул-бидоя” девонидан ўрин олган бир рубоийсида табиат мўъжизаларининг гўзал тасвири берилган мўъжаз лавҳалар учрайди:
Сув кўзгусини боғ аро айларда шитоб
Сиймоб қилур эрди таҳаррук ила тоб.
Дай қилди бу сиймобни андоқ кўзгу,
Ким кўзгу анинг қошида бўлғай сиймоб.
Байтнинг мазмуни шуки, боғда кўзгудек жилоланиб турган сув юзида симоб ўйнар эди. Ёки бир шўъла симобдек сув юзида жилоланар эди. Қиш совуғининг шиддати бу симобни шундай бир кўзгуга айлантирди-ки, унинг тиниқлигини кўрган кўзгу симобдек эриб кетди.
Шу тариқа юксак бадиий маҳорат, янги тимсоллар ва эпизодлар билан шоир табиат ва инсон ўртасидаги мукаммал уйғунликни, вобасталикни тасвирлайди.
Ҳазрат Навоий ҳар соҳада ва ҳар дамда авлодлари билан ҳамнафас эканлар, гўё бугунги кунда жамиятимизда табиатни асраш, экологик муҳитнинг соғломлигига путур етказмаслик, жонимиздан азиз фарзандларимиз келажаги учун гўзал боғу роғлар, шарқираб турган сою дарёлар, мусаффо ҳаво ва беғубор осмонни бенуқсон ҳолда қолдиририш лозимлигини уқдираётгандек бўлади. Зеро, буюк мутафаккирнинг муқаддас орзусидаги комил инсон тимсоли бўлмиш Фарҳод ҳам ҳаёт давомийлиги учун энг зарур бўлган табиат неъмати — сув келтиришни, ариқ қазиш ишини ҳаётининг мазмуни деб билган эди.
Дилором САЛОҲИЙ,
Самарқанд давлат университети профессори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда нутқ сўзлади
- «Жасорат мактаблари»га ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди
- Нодавлат олий таълим муассасалари устав фондини камида 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида шакллантирилиши шарт – Вазирлар Маҳкамаси қарори
- Етакчилар «Иморат» тарихий-меъморий мажмуасига борди
- «Халқ сўзи» бўлим муҳаррири «Олтин қалам» мукофоти соҳиби бўлди
- Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми муваффақиятли якунланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг