Бухорода I Халқаро зиёрат туризми форуми ўтказилади

02:51 19 Февраль 2019 Welcome to uzbekistan
2654 0

Иллюстратив фото

Ўзининг буюк мутафаккирлари, бетакрор обидалари, муқаддас қадамжолари билан жаҳонга машҳур Бухорои шариф яна бир йирик анжуманга мезбонлик қилмоқда. Бу ерда 21 — 23 февраль кунлари I Халқаро зиёрат туризми форуми ўтказилади. Бу ҳақда “Халқ сўзи ONLINE” мухбири Истам Иброҳимов хабар бермоқда.

Илк бор ташкил этилаётган мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад юртимизнинг зиёрат туризми борасидаги салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишдан иборат. Зеро, кейинги йилларда сайёҳларнинг қадимий шаҳарларимизга бўлган қизиқиши кучаймоқда. Улар орасида зиёратчилар кўпчиликни ташкил этяпти. Хусусан, Малайзия, Индонезия, Туркия ва ҳатто, Европа давлатларидан ислом динига эътиқод қилувчилар атайин келиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат этишмоқда, буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий-маърифий меросни ўрганишяпти.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга қараганда, мазкур форум хорижда ҳам катта қизиқишга сабаб бўляпти. Анжуманда ўнлаб давлатлардан олимлар, уламолар, туризм соҳаси сармоядорлари, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг вакиллари қатнашиши кутилмоқда.

Тадбир доирасида зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама марказида бўлади. Мамлакатимизда туризм соҳасини ислоҳ қилиш самараси сифатида юзага келган имкониятларга оид тақдимотлар уюштирилади. Ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида музокаралар ўтказилади. Меҳмонларнинг “Етти пир” қадамжолари бўйлаб зиёратларини ташкил этиш, уларни Бухоронинг диққатга молик қадимий обидалари билан таништириш ҳам тадбир дастуридан ўрин олган.

Айни дамда анжуман ўтказилиши белгиланган “Ёшлар маркази”да тайёргарлик ишлари ниҳоясига етмоқда. Бу ерда матбуот маркази ҳам фаолият кўрсатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?