«Бу таълимда коррупция, ғирром йўл билан баҳо олиш жараёнларини чеклашга ёрдам беради​». Профессор ижтимоий тармоқлардаги эътирозларга муносабат билдирди

18:04 13 Август 2020 Жамият
1509 0

Архив сурат

Ижтимоий тармоқларда онлайн дарслар орқали етарли билим олиш имкониятининг пастлиги, ўқувчи ва талабаларни синф ва аудиторияларга қайтариб дарсларни ўтиш кераклиги тўғрисида турли фикрлар билдирилмоқда.

Тошкент молия институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори, Шарбат Абдуллаева ушбу масалага ўз муносабатини билдирди.

1. Ўқувчи ва талабаларни синф ва аудиторияга қайтаришга шошилмаслигимиз керак. Чунки бу ҳол вирус билан касалланиш жараёнларини чуқурлаштиради, биз ҳали бунга тайёр эмасмиз. Касалланиш кўрсаткичлари ҳамда юқтириш манбалари ҳали ҳам юқори ва биз фуқароларимизда вирусдан ҳимояланиш бўйича қўйилган қоидаларга сўзсиз риоя қилиш кўникмасини ҳали ҳамон тўлиқ шакллантира олмадик.

2. Онлайн дарслар бутун дунёда энг илғор, шаффоф усул ҳисобланади ва кенг қўлланилади. Унинг сифати бўйича шуни айтиш лозимки, соҳасини мукаммал билувчи ўқитувчи қайси турдаги дарс бўлишидан қатъий назар шу соҳадаги ўқув материалини тўлиқ баён қилиб ўқувчи онгига етказа олади. Кўп ҳолларда гап ўқувчининг ўша билимни ўзлаштиришга бўkган хоҳиши даражаси қандайлигига боғлиқ.

3. Онлайн дарс баъзилар ўйлагандек осон эмас. У ўқитувчидан жуда кўп ишлашни, янги усулларда дарсни ўқувчига етказиш, топшириқлар тайёрлаш, уни ўқувчига етказиш, унинг ўзлаштиришини талаб қилса, ўқувчи ва талабадан синфдагидан кўра кўп тайёрланиш ва ўз устида ишлашни, кўп топшириқларни бажариб, адабиётларни ўқишни талаб қилади.

4. Ўқитувчи ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлайди ва унга жуда кўп вақтини сарфлайди. Ўқувчи одатда ўқитувчи билан дарс ёки маслаҳат соатида мулоқотда бўлади. Онлайн дарс ўқувчига доимий ва узвий равишда ўқитувчи билан мулоқот ва алоқада бўлиш имконини беради. Ўқитувчи ҳар куни ўқувчи ёки талаба фаолиятини баҳолаб боради. Ўқитувчи онлайн маъруза ёки дарс ва топшириқ, адабиётларни тайёрлайди, уларни ўқувчига етказади ва шу орқали ўқувчини доимий мониторинг қилиб боради.

5. Онлайн дарслар ўқувчилар учун қулай. Ўқувчи ёки талаба уйида ўтириб дарсларда қатнашади. Талабанинг яшаши, йўл -транспорт, овқатланиши ва бошқалар билан боғлиқ харажатларига кетадиган маблағлари иқтисод бўлади. Агар ўқувчи берилган топшириқларни ўз вақтида бажарса фанни аудиториядагидан кўра чуқур ўзлаштиришига замин яратилади, талабага мутахассислиги ёки бошқа соҳада ўз фаолиятини юритиши, ота-онасига ёрдам бериш имконини бериши мумкин ва бошқалар.

6. Онлайн дарслар ривожланган давлатлар амалиётида кенг қўлланилади ва у жуда самарали усул саналади. Чунки у ўқувчи ёки талабанинг мустақиллиги ва қарор қабул қила олиш, ўз устида ишлаш, ғоявий фикрлаш, вақтни иқтисод қилиш ва режалаштириш соҳасида қобилиятини оширади, шунингдек, дарсдан ташқари бирон бир фаолият билан шуғулланиш каби ижобий хусусиятларга имкон яратади.

7. Яна бир муҳим масала бу таълимда коррупция ва таниш-билишлик, ғирром йўл билан баҳо олиш жараёнларини чеклашга ёрдам беради.

Умуман олганда, онлайн дарс ўқитувчи ва ўқувчидан кўп ишлашни талаб қилиши билан бирга у жуда кўп ижобий жиҳатларга эга замонавий, масофавий таълим жараёнидир. 

Биз онлайн дарслар орқали хорижий давлатлардагидек ёшларимизни кўпроқ мустақил ишлаш, мушоҳада қилиш, қарор қабул қилиш, янги ғоялар шакллантиришга ўргатишимиз мумкин. Албатта, баъзи фуқароларимиз бизга бу соҳада мавжуд бир қанча камчиликлар — масалан, дарс жараёнини самарали ташкил этиш учун барча ҳудудларда доимий электр энергия ва интернет тармоғи фаолиятининг талаб даражада ишлайдиган бўлиши керак дейишлари мумкин. Албатта, Сиз ҳақсиз! Аммо, бугунги шароитда бор имкониятдан фойдаланиш ҳам билим олишни давом эттириш имконини беради. Иккинчи энг муҳим жиҳат — бу ёшларимизда ўқишга, фанларни ўзлаштиришга бўлган хоҳишнинг мавжудлиги. Масофавий таълим-онлайн дарслар таълим муассасасига қатнаш билан «ўқиётган» баъзи ёшларни мустақил равишда топшириқларни бажариб, билими учун баҳо олишга даъват қилади. Бу эса келажакда билимли, ўз фикрини эркин баён қила оладиган, ғоя бера оладиган, таҳлил қилиб хулоса шакллантира оладиган кадрлар шаклланишига ва энг асосийси ёшларимизнинг қимматли вақтларини кўпроқ кутубхонада, китоблар ва бошқа ахборот ресурслари билан ишлашга сарфлашларига олиб келиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?