Ангорликлар энг кўп нимадан норози бўлишмоқда?

18:34 12 Сентябр 2018 Жамият
1696 0

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш, аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси М. Икромов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўн кун давомида Ангор туманида бўлди.

Ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги қатор ижтимоий соҳа объектлари ҳамда 36 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 21 минг 391 та (98,5 фоиз) хонадонларда бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганишди. Уйма-уй юриб ўрганиш натижасида 7085 та турли масалаларга оид мурожаатлар қабул қилинди. Улар асосан тураржой, газ, электр энергияси, ичимлик сув таъминоти каби коммунал тармоқ муаммолари ҳамда йўл хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим сифати ва бандлик каби масалаларга оид бўлиб, аксарияти жойида ҳал этилди. Жумладан, 300 дона маиший газ баллонлари аҳолига етказилди. 4 дона янги трансформатор ва 40 дона темир-бетон таянчлар ўрнатилди. 4 та ичимлик сув қудуғи ва минораси ишга туширилиб, 150 метр сув қувури тортилди. Натижада 467 хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчилик ва муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, унинг ижроси юзасидан мутасаддиларга вазифалар юкланди.

Бунга қадар мазкур ишчи гуруҳи томонидан вилоятнинг Шўрчи, Қизириқ ва Шеробод туманларида ҳам ана шундай ўрганишлар ўтказилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер