Ахмет Демир: “Президентнинг айтганлари ўз вақтида бажарилганида қани эди”

14:06 28 Январь 2019 Жамият
3839 0

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”

“Demir Group” компанияси раҳбари, туркиялик машҳур ишбилармон Ахмет Демир узоқ муддатлик танаффусдан сўнг Ўзбекистонда расман фаолият бошлади.

Хўш, Ахмет Демир ким ўзи? У нимаси билан шунчалик машҳуру айни пайтдаги фаолияти Ўзбекистон иқтисодиётига нечоғли наф келтиради?!

Очиғи, юртимизда “Demir Group” компаниясини билмаган, унинг раҳбари Ахмет Демирни танимаган одам кам бўлса керак. Кўпчилик уни нафақат танийди, балки бир пайтлар қўл остида ишлаганларнинг аксарияти йиллар ўтиб ҳақиқат қарор топганидан, ишбилармон яна ўзи учун севимли Ўзбекистонга қайтганидан жуда ҳам хурсанд. Бу эса, албатта, бежиз эмас.

Зеро, бундан тахминан йигирма йиллар муқаддам мамлакатимизда илк маротаба замонавий супермаркетга асос солиб, харидорларга жаҳон стандартларига хос ва мос сервис хизматларини кўрсатган, кейинчалик иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция киритиб, енгил саноат ва тўқимачиликни, “бир зумда” овқатланиш тармоқларини йўлга қўйган тадбиркор Ўзбекистоннинг тўрт мингдан зиёд фуқароларини доимий иш билан таъминлаган, уларнинг оиласига барака кириши, “қора қозон”и қайнаб, яхши яшаш ҳақидаги орзу-ниятлари ҳаётий рўёбини топишига сабабчи бўлган эди.

Яқинда бир хушхабарни эшитдик. 25 январь куни Маҳтумқули ва Содиқ Азимов кўчалари чорраҳаси бўйида жойлашган собиқ тўйхона биноси ўрнида замонавий, кўркам ва шинам “Divan by Demir” ресторанининг очилиш маросими бўлиб ўтибди.

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”

Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг май ойида сайтимиз ва газетамиз орқали ишбилармон билан суҳбатни эълон қилган эдик. Унда Ахмет Демир 14 йилдан буён қаровсиз ётган, “эгаси” ҳар йили камида бир мартадан алмашган, шунга қарамай, ҳеч қандай ўзгариш қилинмаган, оддий тилда айтганда, иши юришмасдан, бозори аллақачонлар касод бўлиб кетган, йилдан-йилга харобага айланиб бораётган (таъкид бизники) “Чорсу” меҳмонхонасини сотиб олгани, олти ой мобайнида бино ичидаги маиший ва қурилиш чиқиндилари куну тун ташилиб, тозалангани, ана ундан сўнг осмонўпар иморатнинг техник ҳолати жиддий экспертизадан ўтказилгани, малакали таҳлилчилар “Бино ҳали асрлар давомида хизмат қилиши мумкин”, дея хулоса беришгач, жаҳонда ушбу жабҳадаги хизматлари билан донг қозонган, 1,1 миллион ўринли меҳмонхона тармоқларига эга “Marius” компанияси мутахассислари кўмагида мукаммал лойиҳа яратилгани ва шу асосда бунёдкорлик юмушлари бошлаб юборилгани ҳақида сўзлаб берганди. Ўшанда тадбиркор иш шундай давом этса, меҳмонхонани 2019 йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширмоқчи эканини ҳам айтганди.

Архив сурат.

Шу ёдимизга тушиб, ўйланиб қолдик: қизиқ, меҳмонхона тақдири нима бўлди энди? Қолаверса, сўнгги маҳалларда реконструкция ишлари бир оз сусайгандек. Наҳотки, меҳмонхона яна “эгаси йўқ” номини олиб, қўлдан-қўлга ўтишда давом этса?! Бундан ташқари, шу пайтгача анча юмуш бажарилгани, бинони “одам” қилиш учун яхшигина маблағ сарфлангани ҳақида ҳам эшитган эдик.

Бизни қизиқтирган саволларга Ахмет Демирдан бошқа яна ким ҳам аниқ жавобни бера оларди ахир?! Шу мақсадда ишбилармонни сайтимиз учун эксклюзив интервью беришга кўндирдик.

Интервьюмиз кичик экскурсия билан бошланди. Муассаса раҳбари бизни бинонинг ҳар бир бурчаги билан таништирди, десак, асло муболаға бўлмайди. Биз кўрган янгиликларни теранроқ тасаввур этишингиз учун эса бир оғиз изоҳ бериб ўтаман.

Рус киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Кухня” (“Ошхона”) номли сериал бор. Ўша сериални ҳар гал кўрганимда, “Бизда ҳам мана шундай тартиб-интизомли, тоза-озода, мижозлар манфаати биринчи ўринга қўйиладиган ресторанлар бормикин?” деб ўйлардим. Ахмет Демир бир пайтлар чакана савдо соҳасида қандай ўзгариш қилган бўлса, бу гал ресторан хизмати кўрсатишда ҳам ана шундай инқилоб ясабди, дейиш мумкин. Меҳмонлар ўтирадиган ва хорижнинг унча-мунча ресторанларидан қолишмайдиган тарзда безатилган асосий зал (маълум бўлишича, интерьер тарҳи ва дизайни туркиялик қурувчиларга тегишли экан), чекувчилар учун мўлжалланган ва бир вақтнинг ўзида ўртача 40 кишига хизмат кўрсатиши мумкин бўлган алоҳида бўлма, таом ҳозирланадиган, пишириқлар, ширинликлар ва яна бошқа турдаги кондитер маҳсулотлари тайёрланадиган қисмлар, хом ашёлар сақланадиган омборлар (омборларнинг ҳаммаси рақамланган, керакли нарсаларнинг ҳар бири ўз ўрнида, айниши ва сақланишда бири-бирига халақит қилиши мумкин бўлган биронта ҳам маҳсулот йўқ)...

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”

Аммо иккита жиҳат алоҳида эътиборимизни тортдики, бу ҳақда ҳам айтиб ўтмасак бўлмайди. Биринчиси, бу ерда ишловчилар, замонавий тилда айтганда, “персонал” ўз хизмат вазифасини аъло даражада бажариши учун нимаики лозим бўлса, ҳаммасига эга. Чарчаса, ўтириб дам олиши, қорни очса, ичкарида овқатланиши мумкин ва ҳоказо. Иккинчиси эса, мижозларга доир. Яъни бу ерда ногиронлиги бўлган мижозларга ҳам зарур барча нарса инобатга олинган, ҳатто уларга мўлжаллаб алоҳида ҳожатхона ҳам қурилган...

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”

Шунча ўзгаришларни кўргач, табиийки, бир хаёлга бордик: демак, Ахмет Демир меҳмонхона бизнесидан қўлини ювиб, қўлтиғига урган-у, овқатланиш муассасалари тармоғини йўлга қўймоқчи бўлган. Шу боис дастлабки саволимиз ҳам шу ҳақда бўлди.

— Ахмет оға, меҳмонхона бизнеси аро йўлда қолдими энди?

— Зинҳор, — дейди суҳбатдошимиз жилмайиб. — Сиз кўриб турган бу ресторан айнан меҳмонхона бизнесининг бир қисми. Яъни шу орқали меҳмонхонада сервис хизматини кўрсатувчи персонални шакллантириб борамиз. Биласизки, яхши ходимлар осмондан тушмайди. Уларни ўқитиш, тажрибасини ошириш лозим. Бугун бу ерда ишлаётганлар меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйганимизда бизнинг асосий таянчларимиз бўлишади. Унгача эса улар ҳам меҳнат қилиб, рўзғорини тебратиб боради, ҳам малакасини кучайтиради, мижозлар билан ишлашда, уларга беминнат хизмат кўрсатишда кўникмага эга бўлиб боришади.

— Айни пайтда ресторанда неча кишининг иш билан бандлиги таъминланди?

— 150 нафар ходимимиз бор. Улардан саккиз нафар ошпаз Туркиядан келган. Яна турк миллатига мансуб 4 нафар вакилимиз бор. Қолганлар эса шу юртнинг фуқаролари. Ичида ўзбек ҳам, рус ҳам ва бошқа миллатлар вакиллари ҳам бор. Ҳаммасини танлов асосида қабул қилганмиз. Аммо бу борада одатда бошқа шу каби муассасалар тутадиган йўлдан бормадик. Яъни ходимларнинг ташқи кўринишига эмас, ички дунёсига, муомаласига, ақл-идрокига, ўзини тутиши ва этикага қанчалар риоя эта олишига аҳамият қаратдик. Ва албатта, истарасининг иссиқлигини ҳам назардан қочирмадик. Чунки истарали одамнинг қалби ҳам иссиқ бўлади, бундай инсонлар ўз қадрини билиши баробарида, мижозларни ҳам қадрлай олишади.

Мен ҳар тонг ходимларимни йиғиб, уларга узоғи билан икки дақиқа мурожаат қиламан. Айтаманки, мана шу масканнинг бор тақдири, келажаги сизнинг қўлингизда. Улар илк маротаба бу гапни эшитишганида, ҳайрон қолишганди. “Нега менинг қўлимда экан?” дегандек савол назари билан қарашганди менга. Шунда фикримни тушунтириб, дедим: “Мижоз ичкарига қадам босаркан, уни бу ерда худди азиз меҳмондек кутиб олишларини истайди. Балки у сиз кутгандек бой бўлмаслиги ҳам мумкин. Сиз кутгандек кийинмагандир ҳам. Аммо у инсон. Ҳаётда эса бахт фақат пул билан ўлчанмайди. Кимнингдир кўнглини ола билиш, қалбини обод қилиш — мана чинакам бахт. Сиз уни келганида табассум билан қарши олинг, ҳурмат кўрсатинг. Кетаётганида ҳам худди шундай муносабатда бўлинг. Қарабсизки, унинг яна шу ерга келгиси, ҳатто дўстлари, яқинлари, қадрдон инсонларини ҳам бошлаб келгиси келади!”.

 

Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи”

— Сир бўлмаса, айтсангиз, ресторанни шу ҳолга келтириш учун қанча маблағ йўналтирдингиз?

— Бунинг сир жойи йўқ. Ҳозиргача бир миллион икки юз минг АҚШ доллари сарфланди. Ишимизни тугал йўлга қўйиб олишимиз учун яна бир оз маблағ харж қилишимиз кутиляпти.

— Тушунишимизча, бу ерда ишлайдиганлар келгусида меҳмонхонанинг асосий хизматчилар бўлишади, шундайми?

— Албатта. Меҳмонхона учун, айни пайтдаги режамизга кўра, 350 нафар ходим керак бўлади. Бу ерда ишлаётганлар келгусида уёққа кўчиб ўтади, уларнинг ўрнини эса янгилар билан тўлдирамиз. Ва улар ҳам зарур иш тажрибасига эга бўлгач, меҳмонхонада фаолиятини давом эттиради.

— Ҳозирги кунда меҳмонхонанинг реконструкция ишлари қандай кетяпти?

— Афсуски, кўнгилдагидек эмас. Айрим муаммолар бор. Энг катта муаммоимиз эса — қоғозбозлик. Масалан, бир пайтлар айтиб ўтганимдек, бизга қўшимча ер керак. Чунки меҳмонхона камида тўрт юлдузли бўлиб, 350 та хонадан иборат бўлади. Хорижлик ҳамкорларимиз бундай йирик иншоотда намунали хизмат кўрсатиш учун 2 гектарлик майдон камлик қилишини айтишганди. Шундан сўнг биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат этгандик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилишини ваъда қилиниб, бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори ҳам чиқди.

Аммо ўша қарор ҳануз бажарилганича йўқ. Бунинг оқибатида ишимиз сустлашган, энг ёмони, банкдан кредит ололмаяпмиз. Банкка иккита кадастр ҳужжатини кўтариб бориб, кредит сўрасам, “Бизнес-режангизда кўрсатилган мана бу ҳудуднинг ҳужжати қани?” дейишади. “Мутасадди идоралар кейин қилиб берар экан”, дейман. Аммо улар ҳам четдан келмаган, шу юртнинг фуқаролари. Яхши билишадики, “Кейин қилиб берилади”, дегани баъзан “Ҳеч қачон қилиб берилмайди”, деганини англатади.

Энг қизиғи, кейин гап тарқалади: биз Ахмет Демирга буни қилиб бермаймиз. Нега? Чунки унинг пули йўқ! Ие, биров мендан келиб пулинг борми ўзи ёки йўқми, деб сўрамасмиш-у, бироқ пулим йўқлигига батамом ишонармиш... Қайси ақлга сиғади бундай ишлар?!

— Маълумки, Президентимиз томонидан юртимизда жорий йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилган... Бундан кўзланган мақсад эса битта: кўпроқ сармоя киритиш, қўшимча инвесторларни жалб қилиш.

— Менинг Ўзбекистон Президентига меҳрим баланд. Очиғини айтаман, бу хушомад эмас. Шавкат Мирзиёевдек серғайрат, ҳаракатчан инсонни кўрмаганман. Мана, қаранг, яқинда Ҳиндистонга бориб, бир неча миллиард долларлик шартномалар тузиб қайтди. Эртаси куниёқ Германия сафарига отланди. Уч кун мобайнида у ерда ҳам тинимсиз ишлади, ўз мамлакатига дунёнинг илғор технологияларини, салоҳиятли сармоядорларни олиб келиш мақсадида турфа анжуманлар, учрашувлар, ўтказди, музокаралар олиб борди. Бир оддий бизнесмен сифатида яхши биламанки, кимнидир янги иш бошлашга кўндириш, уни ишонтира олишдан машаққатли юмуш йўқ. Аммо Ўзбекистон Президенти буларнинг ҳаммасини аъло даражада уддалади. У ердан қайтгач эса, пойтахтнинг фаол қатлами билан кўришиб, Тошкент шаҳрида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар билан танишди. Ўзингиз айтинг, бунча ишга улгуриш учун инсонда қанча энергия бўлиши керак ахир?!

Аммо... шу ўринда сизга бир латифанамо гапни айтиб берсам. Бир одам Англияга бориб, у ерда ўсадиган майсаларни кўргач, хонадон соҳибини топиб, ундан сўрабди: “Биз ҳам қанчадан бери уриниб шундай майсазор яратмоқчимиз, бироқ ўхшамаяпти. Сири нимада бунинг? Қандай ўзига хос жиҳати бор?” “Ҳеч қандай ўзига хослиги йўқ, — дебди инглиз елкасини қисиб, — биз ҳам худди сиз каби майсаларни кунига икки маҳал суғорамиз, бир ҳафтада бир марта устини қирқиб, текислаб, ортиқча жойларини оламиз... Лекин биз бу ишни 120 йилдан бери мунтазам қиламиз”. Демоқчиманки, ҳеч нарса тез фурсатда содир бўлмайди. Онгнинг ўзгариши-ку инчунин... Президентнинг айтганлари ўз вақтида бажарилганида қани эди. Бугун мамлакатингиз бундан-да тараққий этиб кетмасмиди?!

Бироқ мен бир ҳақиқатга қаттиқ ишонаман. Яна ўн йилдан кейин сиз билан кўришиш насиб қилса, бу кунларни худди эртак сингари эслаймиз. Чунки халқ манфаатлари кўзланган ислоҳотлар, қайси давлатда бўлмасин, ҳамиша ўз самарасини берган. Уларнинг биронтаси аро йўлда қолиб кетмаган. Бу тарихнинг барча учун унутилмас сабоғи.

Иллюстратив сурат.

— Меҳмонхона реконструкциясида нимадир ўзгардими?

— Айтарли ҳеч нарса. Тўғри, жузъий ўзгаришлар бор, аммо лойиҳанинг умумий концепциясида ҳеч қандай янгилик йўқ. Меҳмонхонада халқаро аналоглардаги барча шарт-шароит яратилади. Очиқ ва ёпиқ ҳовуз, теннис корти, йирик анжуманлар, тантана ҳамда маросимлар ўтказиладиган муҳташам зал, ишбилармонлар учун ҳар хил сиғимдаги бир нечта конференц-заллар бўлади.

Қолаверса, меҳмонхонага туташ ҳудудда Ҳунармандлар мажмуасини ташкил этишни мўлжаллаганмиз. Заргарлар, ёғоч ўймакорлари, кандакорлар, наққош, рассом ва хаттотларга шу ерда ишлашлари, маҳсулотларини сотишлари учун зарур имкониятни яратиб берамиз.

Мажмуа ҳудудида яна икки қаватли учта бино қурилиб, улардан биттаси чет эллик инвесторларга офис сифатида тақдим қилинади. Иккинчиси “Cover work center” бўлиб, у ер ёш тадбиркорлар учун ажратилади, учинчиси эса оилавий меҳмонхона сифатида хизмат кўрсатади. Умуман, бу ерда ишловчи ва яшовчилар ўзларини худди ўз уйидагидек ҳис этишлари учун ҳамма нарса муҳайё қилинади.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Ҳасан Тошхўжаев («Халқ сўзи») суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019