Афғонистонлик ёшлар: «Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг дўстона муносабатлари бизнинг камолотимизда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади»

21:22 24 Март 2018 Жамият
496 0
Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи"

Ўзбек ва афғон халқларини яқин қўшничилик ва азалий дўстлик ришталари боғлаб туради. Ана шу жиҳатлар бугунги кунда кўплаб масалалар бўйича яқин мулоқотни давом эттириш имконини бераяпти. Хусусан, 2017 йили Остонада бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон ва Афғонистон Ислом Республикаси давлат раҳбарлари ўртасидаги музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Термиз туманида Афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув марказини ташкил этиш режалаштирилганди. Шу келишув ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил январь ойида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини бошлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 26-27 март кунлари “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси олдидан мазкур таълим маскани талабаларининг айримлари пойтахтимизга келишди. Улар билан учрашиб, халқаро анжуман, марказда яратилган шарт-шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Абдулсалим ФОРУҚИЙ (Балх вилояти):
— Билимимизни ошириш ҳамда мутахассис бўлиб етишишимиз учун ҳамма имкониятларни яратиб берган Ўзбекистон Президенти ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси Президентидан жуда миннатдормиз. Улар сабабли биз илм даражамизни ошираяпмиз. Ўйлайманки, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари бизнинг камолотимизда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда марказда ўзбек тили ва адабиёти йўналишида билим олмоқдаман. Қолаверса, хорижий тиллардан инглиз тилини ҳам яхши биламан. Ҳар бир фандан машғулот ўтадиган ўқитувчиларимизнинг билим даражаси юқори. Бўш вақтимизда Сурхондарё вилоятидаги диққатга сазовор жойларни томоша қиламиз.
Тошкентда келаси ҳафта бошида бўладиган халқаро анжуман Афғонистон ҳаётида янги саҳифа очади, деган умиддаман.

Асила НОИБЗОДА (Самангон вилояти):
— Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тобора ривож топаётганидан жуда хурсандмиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро конференция Афғонистон, унинг келажаги учун ғоятда муҳим аҳамиятга эга. Чунки бизнинг юртимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши, одамлар осойишта ҳаёт кечириши нафақат халқимизга, шу билан бирга, Марказий Осиё учун ҳам катта фойдадир.

Афғонистонда барча яхши билим олиб, мутахассис бўлиб етишишни истайди. Мана шундай шароитда дўст ва биродар Ўзбекистон бизга ёрдам қўлини чўзиб, ривожланган давлатларнинг таълим даргоҳидан қолишмайдиган, барча шароитга эга таълим марказини ташкил этгани ҳаммамизни беҳад қувонтирди. Ҳозир ушбу таълим марказида 96 нафар афғонистонлик ёш таҳсил олаяпти. Улардан 11 нафари қизлардир.

Асадилло АЗИЗИЙ (Жузжон вилояти):
— Ўзбекистонда таҳсил олаётганимизга икки ойдан ошди. Таълим масканимизда фанлар бўйича дарсликлар, ўқув қуроллари ва қўшимча адабиётларнинг ёзма ҳамда электрон шакли мавжуд. Интернет тармоғи орқали бошқа кутубхоналар базасидан ҳам фойдаланишимиз мумкин. Компьютер ва лингафон хонаси, рус, инглиз тили ҳамда тасвирий санъат, тикувчилик, кулоллик каби ўнлаб тўгараклар пухта билим олишимиз, малака ва кўникмамизни бойитишимиз учун қулайлик яратмоқда. Бундай таълим шароитлари Афғонистонда ҳам бўлишини, мен каби тенгдошларим ўз келажаги сари қадам ташлашини истардим.
Шу нуқтаи назардан 26-27 март кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент конференцияси афғон халқи, айниқса, ёшларининг нурли истиқбол сари умидлар билан ҳаёт кечиришига туртки беради.

Раъно ШЕРЗОД (Балх вилояти):
— Бугунги кунда биз, афғон ёшлари Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар ўртасида яқин қўшничилик муносабатлари тикланиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир интилишлар кучайганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ички ва ташқи сиёсати, чигал ва ечимини кутаётган долзарб муаммоларни бартараф этиш йўлидаги журъати, матонати ва етакчилик қобилияти ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. Жумладан, Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистон бўйича илгари сураётган таклифлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ. 

Бизнинг Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказимизда барча шарт-шароит муҳайё этилган. Замонавий ўқув биноси, фаоллар зали, ошхона, спорт зали, стадион ва спорт майдончалари, шунингдек, талабалар тураржойлари хизматимизда. 
Қисқача айтганда, дўст ўзбек халқи бизни самимий ва очиқ чеҳра билан кутиб олганидан хурсандмиз. Ўзбекистонда таҳсил олиш мен учун фахр, албатта. Ўзим болаликдан адабиёт ва санъатга ошуфтаман. Навоий ва Машраб девонларини севиб ўқийман. Уларнинг ижодидан кўплаб намуналарни ёд олганман.
О. ЛУТФУЛЛАЕВ ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар