Ялпи мажлис олдидан Қонунлар дастлабки тарзда муҳокама этилди

19:52 04 Апрель 2023 Сиёсат
442 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

2023 йилнинг 4 апрель куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда қўмита сенаторлар, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган 10 га яқин Қонунлар ҳамда бир қатор масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Жумладан, иштирокчилар “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бугунги кунда жамоатчиликнинг кўплаб муҳокамаларига сабаб бўлаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Таъкидланганидек, амалдаги қонун ҳужжатларига “оилавий (маиший) зўравонлик”, “таъқиб этиш” каби тушунчалар, жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсга нисбатан қонунчиликда кўзда тутилган енгилликларни бермаслик каби нормалар киритилмоқда.

Хусусан, Қонун ҳужжатларини вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш чораларини қўлламаслик, қонунчиликдаги жинсий эркинликка тажовуз қилиш жиноятига нисбатан оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида қараш ва янада кучлироқ санкциялар билан тўлдириш каби масалалари кўзда тутилган.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда эшитилди.

Сенаторлар томонидан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларига Омбудсман номидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган ариза ва даъво аризалари, тақдимномалар ҳамда тавсиявий хусусиятга эга хулосаларнинг ижроси қай даражада эканлиги муҳокама қилинди.

Вазирлик ва идоралар вакиллари фуқаролар ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда тегишли ходимларнинг масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Мажлис якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан Қўмита қарори қабул қилинди.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?