Олий Мажлисда “Росатом” бош директори биринчи ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди

Фото: Динара Чиркова, “Халқ сўзи”
18 декабрь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов ва депутатларнинг Атом энергетикаси бўйича “Росатом” Давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари А.Локшин бошчилигидаги делегация билан бўлиб ўтган учрашувда атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Учрашувда икки давлат президентларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги қалин ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Икки мамлакат Ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон ҳудудида атом электр станцияси қуриш бўйича Келишув имзоланган. Айни пайтда “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Шунингдек, яқинда Россия Федерациясининг атом энергетикаси соҳасидаги илғор иш тажрибаси билан танишиш мақсадида Б.Алихонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Нововоронеж АЭСга ташриф буюрди.
Ўз навбатида, А.Локшин ҳам айни пайтда жаҳоннинг 12 мамлакатида 36 та энергоблок қураётган “Росатом” Давлат корпорацияси фаолияти ва тўплаган тажрибаси хусусида сўзлаб берди. Бунда мазкур энергоблоклар ва Ўзбекистонда қуриладигани мавжуд барча хавфсизлик талабларига жавоб бера оладиган, жумладан, экологик, шунингдек, МАГАТЭнинг замонавий талаблари ва таклифларига мос келадиган инновацион объектларнинг “3+” учинчи авлодига тегишли эканини таъкидлаб ўтди.
Учрашув чоғида қайд этилганидек, таклиф этилаётган Россия технологияси зилзила, цунами, бўрон, самолёт қулашидан ҳимоялаш бўйича барча постфукусима хавфсизлик талабларига ҳам жавоб бериши айтиб ўтилди. Бундан ташқари, энергоблок қўшҳимоя қобиғига эга бўлиб, бу унинг эксплуатацияси хавфсизлиги ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаб беради. Энергоблокнинг хизмат кўрсатиш муддати 60 йилни ташкил қилади
Муҳокамалар чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан атом электр станцияси майдонини танлаш, лойиҳалаштириш, қурилиши ва кафолатланган эксплуатацияси жараёнларини ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда атроф-муҳит муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги борасида Ўзбекистон Республикаси норма ва қоидаларини қўллаш таклиф этилмоқда. Атом электр станцияси лойиҳасига уларни қўллаб бўлмайдиган ҳолатларда эса, Россия Федерациясининг тегишли соҳадаги федерал норма ва қоидалари татбиқ этилади.
Учрашувда, шунингдек, АЭСнинг ишга туширилиши йилига 3,7 млрд. кубометр табиий газни иқтисод қилиш, атмосферага чиқадиган ис гази, хусусан, 14 млн. тоннагача ис гази ва 36 минг тоннагача азот диоксиди чиқарилиши миқдорини камайтириш имконини беришига эътибор қаратилди. Бундан ташқари, АЭС қурилиши даврида 8 минг нафардан зиёд, эксплуатация даврида эса, 3 минг нафар одамни янги иш ўрни билан таъминлашга имкон яратиши таъкидлаб ўтилди.
Очиқ ва ўзаро ишонч руҳида кечган учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг