ХМТ бош директори: Дунёда 700 млн.дан ортиқ киши қашшоқликда яшайди

16:21 14 Декабрь 2018 Дунё
2690 0

Архив фото

Дунёда 700 миллиондан зиёд киши қашшоқликда яшайди, 200 миллионга яқин инсон ишсиз. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер маълум қилди.

Маълумки, ХМТ директори 13 декабрь куни Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳукумат аъзолари билан музокаралар олиб борди.

Бугун у Тошкентда “Меҳнат соҳаси келажаги: муносиб бандликни таъминлаш бўйича ташаббуслар” мавзусидаги халқаро конференция ишида иштирок этяпти.

“Бугун қарийб дунёда 200 млн. киши ишсиз, 700 миллиондан ортиқ инсон учун қашшоқлик реал ҳолатга айланган”, - деди Райдер анжуман очилишида.

Унинг баҳолашича, Европа Иттифоқи давлатларида аҳолининг 20 фоизидан зиёди қашшоқлик хатари ва “ижтимоий инклюзивлик”ка дучор бўлган.

ХМТ бош директори меҳнатнинг янги дунёси ижтимоий ҳимоя ва муносиб меҳнатни таъминлаш учун янги моделлар, қоидалар ва стандартларни ишлаб чиқишни талаб этяпти. “Биз қўрқувга дуч келмоқдамиз — лекин бу ўз ишини йўқотиш билан эмас, балки ўз инсонийлиги ва қадр-қимматини йўқотиш билан боғлиқдир”, - деган у.

Унинг фикрича, бугунги кунда жамият ҳар доим ҳам илм-фан ва меҳнат бозори инновацияларини адолатли қабул қилишга қодир эмас. “Янги дунё меҳнат бозори бизнинг зиммамизга ушбу таҳдидлар олдида аҳлоқий ва этик вазифаларни қўймоқда”, - дея қўшимча қилди ХМТ раҳбари.

Конференцияда ўнлаб давлатлардан меҳнат бўйича идоралардан, БМТТД, ЕХҲТ, ЮНИСЕФ, Халқаро миграция ташкилоти ва Осиё тараққиёти банкидан юзга яқин вакиллар иштирок этяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?