Бухорода мактабгача таълим қамрови салкам 90 фоизга етиши кутилмоқда

11:01 28 Сентябр 2022 Жамият
1026 0

Фото: Халқ сўзи

Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда онгу шуурига сингдириб улгуриши аниқланган. Дарҳақиқат, бу даврда инсон боласи дунёни англайди, ўз она тилини ўзлаштиради, ота-она, оила, маҳалла, Ватанга меҳри уйғонади, умр давомида оладиган билимларга замин ҳозирлайди. Бунда, энг аввало, оила асосий роль ўйнайди.Шу билан бирга мактабгача таълим муассасасининг ҳиссаси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.

Мулоҳазаларимизни Бухоро вилояти мисолида давом эттирадиган бўлсак, айни пайтда воҳада 1756 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Шундан, 451 таси давлат, 84 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 1197 таси оилавий, 24 таси хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади. Мактабгача таълим ёшдаги болалар қамрови 80,6 фоизни ташкил этмоқда. Вилоятда нодавлат, яъни оилавий ва уй-боғчалар ташкил этиш, умуман, болажонларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган ишлар тизимли равишда давом этмоқда. Шунга кўра, 2022 йил якуни бўйича мактабгача таълим қамрови 89,6 фоизга етиши кутилмоқда. Бу соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалдаги самарасидир.

Албатта, мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар нодавлат мактабгача таълим муассасалари сонини янада ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар турларини кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлди. Шу билан бирга, олиб борилган таҳлиллар болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларини замонавий ўқув-методик материаллар ва бадиий адабиётлар билан тўлдириш, соҳага малакали педагог ва бошқарув кадрларини жалб қилиш масалаларини ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Бу борада Бухоро давлат университети Мактабгача таълим кафедраси илмий-педагогик жамоаси томонидан бир қатор хайрли ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, кафедра қошида ташкил этилган «Мунозара-дебат», «Педагог-терапевт», «Тадқиқотчи талаба», «Ижодкор тарбиячи», «Нутқ ўстириш», «МТТларда замонавий бошқарувчи», «Креатив тарбиячи», «Замонавий тарбиячи имиджи» каби тўгаракларда талабаларнинг фанларга бўлган қизиқишлари ва ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришга шароит яратилган.

Албатта, амалиёт бўлмаса, назариянинг нафи кам. Шу боис педагогик амалиёт даврида амалиётчи-талаба тажриба тўплаши учун таълим муассасасининг шарт-шароити ва ички тартиб қоидаларига мослашиши, педагогик жамоа билан яқиндан танишиши учун имконият яратиб берилмоқда. Чунки энди боғчалар банд ота-онанинг фарзандлари учун кунни кеч қиладиган оддий даргоҳ эмас, балки таълим ва тарбиянинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Ушбу муассасада қўйилган пойдевор мустаҳкам бўлмоғи лозим. Ўз навбатида таълим муассасаси ҳам бўлғуси педагогнинг назарий тайёргарлиги, савияси, салоҳияти билан танишиб, ўз тавсиялари билан кадрлар тайёрлашдек жараёнга бевосита жалб этилмоқда. Энг муҳими, бунда узоқ йиллар ҳукм сурган, «мана сенга ҳужжатларинг, истаган жойингда амалиётингни ўтаб кел», деган «қора анъана»га барҳам берилиб, «Устоз-шогирд» тизими асосида талабада ўзига ишонч мустаҳкамланади. Замонавий педагогик технологиялар ва методларни ҳисобга олган ҳолда болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир бўлган мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари шаклланади.

Шунингдек, жараёнда мактабгача таълим муассасаларини миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар,ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш ҳам долзарб вазифа саналади.

Нафиса Ҳамроева,

Бухоро давлат университети Мактабгача таълим кафедраси ўқитувчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер