Мажбурий тиббий суғуртага оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда

09:15 21 Ноябрь 2018 Жамият
736 0

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси вакиллари навбатдаги йиғилишида кейинги йилда мажбурий тиббий суғурта тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини маълум қилди.

Бу нима билан боғлиқ ва у қандай самаралар келтиради?

Маълумки, ўтган йилда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш, аҳолини сифатли дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш устидан қатъий парламент назоратини ўрнатиш вазифаси парламент қуйи палатаси зиммасига юклатилган эди. Бу бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, жорий йил бошида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташкил этилди. Палатада ихтисослаштирилган илмий марказлар раҳбарларининг ахбороти эшитилди. Август ойида жойларда халқ депутатлари Кенгашларининг соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш бўйича сессиялари ўтказилди, тегишли қарорлар қабул қилинди. Бироқ соҳада кутилган натижалар кўринмаяпти, парламент назорати имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўзга ташланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидан сўнг, парламент қуйи палатаси депутатлик корпуси соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг бориши устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлиги ҳақида қарор қабул қилди.

— Биз, депутатлар ҳудудларга борганимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техника базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси бугунги кун талабига жавоб бермаслигига гувоҳ бўлмоқдамиз, — дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева. — Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида рўёбга чиқарилаётган ишларда ҳам камчиликлар кўп. Жорий йилнинг тўққиз ойида республика бўйича 108 та оналар ўлими қайд этилгани, айниқса, бу кўрсаткич Самарқанд (14 та) ва Сурхондарё вилоятларида (14 та) юқорилигича қолаётгани ачинарли ҳолдир. Шу йилнинг тўққиз ойида қарийб 5 мингга яқин бир ёшгача болалар ўлими юз берган. Бу кўрсаткич Андижон (615 та), Наманган (539 та), Хоразм (340 та) вилоятларида юқорилигича қолмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан мутасадди раҳбарларга ушбу салбий ҳолатлар сабабларини пухта ўрганиш, танлов асосида хизмат текширувларини ташкил этиш ва таҳлил қилиш, зарур ҳолларда, натижаларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш вазифаси топширилди. Бу борада фракция аъзолари ҳам ўз сайлов округларимизда аҳоли ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришимиз мақсадга мувофиқ.

Депутатнинг фикрича, айрим ҳудудларда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ишлари ҳам қониқарли эмас. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида гепатит, ўпка сили билан касалланиш сони республика бўйича 20 фоизгача камайган бўлса-да, баъзи жойларда салбий кўрсаткичлар мавжуд. Президент топшириғи билан йил якунига қадар Қашқадарё вилоятидаги 18 ёшгача бўлган болаларни вирусли гепатитнинг “А” турига қарши эмлаш учун 10 млрд. сўм ажратиладиган бўлди.

Йиғилишда, шунингдек, яқин истиқболда мазкур соҳани янада изчил ривожлантириш, 2025 йилгача юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан янгилаш концепциясининг ишлаб чиқилишида фракция аъзолари фаол иштирок этиши, аниқ таклифлар киритиши муҳим вазифа экани таъкидланди. Айни чоғда мажбурий тиббий суғурта тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш масаласида фракция аъзолари тегишли вазирлик ва идоралар, соҳа ходимлари, олимлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказиш, мазкур масалада халқаро тажрибани пухта ўрганган ҳолда махсус ишчи гуруҳига ўзининг тегишли таклифларини тақдим этишга келишиб олинди.

Кун тартибидаги барча масала юзасидан фракциянинг аниқ позицияси белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Зиёда АШУРОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019