Ўзбекистонга қарийб 2 млн долларлик COVID-19га қарши вакцина мурувват ёрдами сифатида келтирилмоқда

16:42 16 Март 2021 Жамият
1417 0

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСEФ ва ЖССТ билан ҳамкорликда республикамизда коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди. Дастурга кўра аҳолининг юқори хавфга эга қатламлари белгиланиб, уларни эмлаш учун 3138 та эмлаш пунктлари ҳамда 862 та мобил бригадалар шай ҳолга келтирилди.

Ўзбекистон Республикаси GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлатлар қаторига киритилган. 2021 йил январь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина етказиб бериш юзасидан буюртма GAVI ташкилотига тақдим этилган эди. Ушбу ҳамкорлик доирасида йилнинг охирига қадар мамлакатимизга умумий миқдорда 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражада вакцина, шприц ва хавфсиз утилизация қутилари етказиб берилиши кўзда тутилган. COVAX фонди ҳисобидан Ўзбекистонга 2,64 млн. доза AstraZeneca вакцинасини, шундан 2021 йилнинг I-чорагида 35-40 фоизини, қолган қисмини II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши маълум қилинган эди. 2021 йил 5 март куни республикамизга шприц ва хавфсиз утилизация қутилари келди ва тақсимот асосида жойларга тарқатилди.

Жорий йилнинг 17 март куни соат 01-55 да (Тошкент вақти билан) Ўзбекистон Республикаси Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига Ҳиндистон давлатидан COVAX дастури орқали ЮНИСEФ ташкилоти томонидан умумий нархи 1 980 000,00 АҚШ долларлик 660 минг доза COVID-19га қарши COVISHIELD вакцинаси мурувват ёрдами сифатида Тошкент Халқаро аэропортига келмоқда.

Ушбу вакциналар билан республикамизда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларининг бошланишини мамнуният билан маълум қиламиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?