«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамалари давом этмоқда

10:14 31 Октябр 2020 Сиёсат
1328 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида муҳокамалар ташкил этилди. Қонун лойиҳасида таълим тизими ва дин масалаларининг ҳуқуқий тартибга солиниши мавзуси иштирокчилар эътиборида бўлди.

Видеоконференсалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Адлия вазирлиги масъул ходимлари, Дин ишлари бўйича қўмита масъуллари, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги масъуллари, Халқаро ислом академияси, диний таълим муассасалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ҳар кимнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини, динга бўлган муносабатидан қатъи назар фуқаролар тенглигини, жамиятда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш борасида давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Таъкидлаш лозим, қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига киритилгандан сўнг Қонунчилик палатаси расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Ўтган давр мобайнида фуқароларимиз ва диний ташкилотлар вакилларидан 500 дан зиёд таклифлар келиб тушди ва уларнинг аксариятида янги таҳрирдаги қонун лойиҳасидаги ўзгартишлар маъқулланган. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси юзасидан халқаро ташкилотлар жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Европа кенгашининг Венеция комиссияси томонидан бир қатор изоҳ ва таклифлар берилди.

Қайд этилганидек, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасида таълим тизими ва дин масалалари ҳуқуқий тартибга солинган. Хусусан, Ўзбекистонда таълим тизими диндан ажратилган. Таълим тизимининг ўқув дастурларига (диний таълим муассасалари бундан мустасно) диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар таъминланади.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганларидек, Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади. Ҳар ким диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, диний ўқув юртларида диний фанларни ўқитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошқарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим.

Қонун лойиҳасида хусусий тартибда диний таълим бериш таъқиқланмоқда. Хусусий тартибда диний таълим бериш ноқонуний диний фаолият деб топилади ва қонун билан чекланади. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўзларининг болаларига диний амалиёт ва одоб-ахлоқ асосларини ўқитиши бундан мустасно эканлиги белгилаб берилган. Марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Тадбир якунида қўмита аъзолари ва тадбир иштирокчилари томонидан қонун лойиҳасига оид фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилиб, улар асосида тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?