Самарқанд шаҳрини Жомбой ва Оқдарё туманлари билан боғлайдиган замонавий кўприк қурилди

09:21 19 Октябр 2020 Жамият
1963 0

Оқдарё дарёсининг Самарқанд шаҳар Ширин маҳалласига яқин ҳудудида «Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси томонидан бунёд этилган замонавий кўприк фойдаланишга топширилди.

— Кўприк лойиҳасининг умумий қиймати 3,5 миллиард сўмни ташкил этди, - дейди «Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси директори Муродхон Ҳожихонов. - Унинг умумий узунлиги 90 метр, эни эса 7,5 метр. 100 тоннагача юкни кўтариш қувватига эга. Кўприк карантин эҳтиёт чораларига қатъий амал қилинган ҳолда 5 ой давомида қуриб битказилди. Унга зарур маблағ тўлиқ корхонамиз ҳисобидан сарфланди. Кўприкка туташ дарё ёқасидаги 200 метр майдон ободонлаштирилиб, пиёдалар йўлаги ётқизилди, замонавий автобекат қурилди.

Мустаҳкам йўл ўтказгич бу ҳудудга яқин аҳоли учун катта қулайлик яратди.

— 35 йилдан буён Холвойи қишлоғида яшайман, - дейди Гулноза Қудратова. - Самарқанд шаҳрининг Янгиобод маҳалласида қариндошларим, Оқдарёнинг Бошдархон қишлоғида қудаларим истиқомат қилади. Шу пайтгача уларникига бориб-келиш азоб эди. Кичкина, хавфсиз кўприкдан жонимизни ҳовучлаб ўтардик. Бугун, мана, кенг, мустаҳкам кўприк қурилди. Бундай қулайликдан мамнунмиз, қариндошларимизникига, қолаверса бозор-ўчарга бемалол бориб келяпмиз, оғиримиз енгил, узоғимиз яқин бўлди.

Эндиликда бу ердан ҳар қандай транспорт воситаси бемалол ҳаракатланадиган, одамлар эса кенг кўприкдан ўтиб-қайтадиган бўлди.

— Қирқ йилдан буён техника ролини бошқараман, - дейди ўзини Ҳамид ака деб таништирган Ширин маҳалласида яшовчи ҳайдовчи. - Йиллар давомида бу ерда бирор оддий бўлсаям кўприк бўлмаганлиги сабабли Бошдархон қишлоғига бормоқчи бўлсак, ё Фарҳод шаҳарчасидаги кўприк орқали ёки Оқдарёнинг «Тошкент - Бухоро» магистраль йўлига чиқиб, айланма йўлдан келишга мажбур бўлардик. Энди эса ҳар қандай юк билан юз метр юрсак Бошдархонга, ундан 3 километрдан сўнг Самарқанд шаҳрига етамиз.

Дарвоқе, кўприк усти янгича дизайн билан безатилиб, кечки пайт турли рангларда ёнадиган чироқлар билан ҳам жиҳозланган.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер