Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ва бош шифокори тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруқларига кўра, вазирлик ҳузуридаги Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг директори ва бош шифокори лавозимларига тайинловлар амалга оширилди.
Унга кўра, Надирханова Наталья Суратовна марказ директори этиб тайинланди. У 1969 йилда Бухоро вилоятида туғилган. Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Кўп йиллар Бухоро вилоятидаги бир қанча тиббиёт муассасаларида гинекология соҳасида, жумладан, Бухоро вилоят перинатал маркази директори лавозимида ҳам фаолият юритган. II-даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси.
2018-2019 йилларда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг бош шифокор муовини ҳамда 2019 йилдан ҳозирги вақтга қадар марказ директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари – бош шифокор лавозимида фаолият юритиб келган.
Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари – бош шифокор лавозимига эса Сапаров Аминжон Бахтиёрович тайинланди. У 1983 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган, акушер-гинекология соҳасида ишлаш баробарида илмий фаолият ҳам олиб борган. Шунингдек, Россия Федерациясининг И.И.Мечников номидаги Шимолий-ғарбий давлат тиббиёт университетининг аспирантурасини тамомлаган. 2018 йилдан буён марказнинг бош шифокори ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу муассаса илмий-тадқиқот ва услубий марказ сифатида юртимизнинг барча турдаги тиббиёт муассасаларида профилактика, ташҳис қўйиш, даволашнинг энг илғор инновацион технологияларини ва услубларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан шуғулланади. Марказ акушерлик ва гинекология соҳасида ихтисослашиш турлари бўйича тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича клиник ва ўқув база ҳисобланади. Шунингдек, республика минтақаларида акушерлик комплекслари ва туғруқхона бўлимларига ташкилий-методик ва илмий-амалий ёрдам кўрсатади. Шунингдек, марказнинг янги раҳбарларига соҳага инновацион технологияларни жорий қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, акушерлик ва геникология бўйича эришилган натижаларни янада ривожлантириш вазифаси ҳам юклатилди.
Марказнинг асосий мақсади — юқори сифатли ва халқаро стандартлар талаблари даражасида ихтисослаштирилган, тиббий ёрдам кўрсатишга даъват этилган юқори технологияли моддий ва илмий базани, шунингдек, акушерлик ва гинекология мактабини шакллантириш ва ривожлантириш; аҳолининг акушерлик ва гинекология соҳасидаги диагностика, даволаш ва профилактика бўйича ихтисослаштирилган, юқори технологияли тиббий ёрдамга бўлган талабини қондиришдир.
Бундан ташқари, акушерлик ва гинекология соҳасидаги дори-дармонлар, тиббиёт воситалари, шунингдек диагностика ва даволаш методларининг клиник синовларини ўтказади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг