Бугун «Қўнғирот — Нукус —​ Қўнғирот» йўналишида йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилди

16:23 05 Сентябр 2020 Жамият
2069 0

Бугундан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасида «Қўнғирот —​ Нукус —​Қўнғирот» йўналиши бўйича шаҳарлараро йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилди.

— Аслида, бу йўналиш бўйича карантин чекловларидан олдин ҳам поездлар қатнови бўлмаган, —​ дейди Нукус темир йўл вокзали бошлиғининг навбатчи ёрдамчиси Гулзира Жаметова. —​ Халқимизга хавфсиз ва сифатли транспорт хизматини кўрсатиш мақсадида ташкил қилинган йўловчи поездлари манзилга боргунча 7 та бекатда тўхтаб ўтади. Бу Нукус шаҳри билан бирга Тахиатош, Хўжайли, Қонликўл, Шуманай ва Қўнғирот туманларидаги йўловчиларнинг ўз манзилларига ҳар куни белгиланган вақтларда етиб олиш имконини беради. Шу билан бирга аҳолининг моддий шароитини ҳисобга олган ҳолда билет нархлари ҳам анча арзон. Масалан, Нукусдан Қўнғиротга 7 200 сўм қилиб белгиланган. Ҳозиргина Нукусдан Қўнғиротга дастлабки поездни жўнатдик. Бу шароитлардан, айниқса билет нархининг арзонлигидан йўловчилар жуда мамнун бўлмоқда.

Шу ўринда йўловчиларга маълумот тариқасида айтиб ўтсак: Йўловчи поездлари ҳар куни Қўнғиротдан 6:10 ва 14:18 да Нукусга ҳаракатни бошласа, Нукусдан 11:00 ва 18:40 да Қўнғирот томон ҳаракатланади.

Карантин чекловлари сабабли тўхтатилган поездларнинг қайта ҳаракатланишида санитария гигиена қоидаларига амал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йўловчиларга хизмат кўрсатувчи ходимлар антисептик ва ҳимоя воситалари билан таъминланган. Кириш чиқиш йўлакларига дезинфекция кабиналари ўрнатилган. Ўз навбатида йўловчилардан поездларга чиқишда вокзал ҳудудида ҳамда йўл давомида вагон ичида санитария гигиена қоидаларига доимий равишда қатъий риоя қилишлари сўралмоқда.

Ғ.ОТАЖОНОВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?