Алишер Усмонов марҳаматликларга 2,5 млрд. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатди
Ўзбек халқи азал-азалдан энг улуғ инсоний фазилатларга эга. Шунинг учун ҳам тарихнинг минг бир чиғириқларини аҳил-иноқлик, бирдамликда енгиб келган. Очарчилик йиллари, уруш даврида ҳам бу халқнинг матонати, сабр-тоқати, меҳр-оқибати инсон зотига буюк ҳайкал қўйган, десак муболаға бўлмайди.
Аксарият давлатлар каби мамлакатимиз ҳам яна бир синовли дамларни бошидан кечирмоқда. Коронавирус пандемияси ҳукм сураётган бир кезда Бухоро ва Сирдарёда юзага келган кўнгилсизликлар халқимизни янада жипслаштирди. Деярли ҳар бир вилоятда юзага келаётган ёғингарчилик, шамол таъсиридаги катта-кичик табиий офатлар бирдамликда енгиб ўтилмоқда. Мана шунча муаммо ва ташвишлар ҳукм сураётган бир кезда ҳукуматимиз аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, камбағалликка барҳам бериш, республика иқтисодиётини юксалтириш борасида бор куч ва имкониятни ишга солмоқда. Бунинг учун турли имтиёз ва шароитлар яратиляпти. Буни кўрган ҳар бир замондошимиз хайрли ишлардан четда қолишни истамайди. Ҳеч бўлмаганда бир оғиз ширин сўз билан кўнгилни олиш, дардларга малҳам бўлиш, моддий ёки маънавий кўмак бериш кундалик одатимизга айланди. Бу каби ҳаракатларимиз бизни давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида янада жипслаштирди. Ушбу ҳаракат орқали коронавирус пандемияси даврида моддий жиҳатдан эҳтиёжманд оилалар қаторидан жой олган юртдошларимиз қўллаб-қувватланмоқда.
Марҳамат тумани Андижон вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош қисмида жойлашган бўлиб, тан олиш керак, иқтисодиёти эндигина юксалиш сари қадам қўйган туманлардан бири ҳисобланади. Ўрганиш давомида тумандаги жами 48 та маҳалладан 1000 та оила эҳтиёжманд, деб топилган. Уларга моддий ва маънавий кўмак бериш маҳаллий ҳокимликларнинг кундалик муҳим вазифасига айланган бир кезда ўзбекистонлик таниқли бизнесмен Алишер Усмоновнинг 2,5 миллиард сўм миқдоридаги моддий ёрдами меҳр-саховатнинг ҳақиқий ифодаси бўлди. Шу асосда ҳар бир оилага 2,5 миллион сўмдан берилди.
— Кундалик ташвишлар билан овора бўлиб ҳатто оиламизнинг, айниқса, фарзандларимизнинг истиқболи ҳақида қайғуриш кўнглимизга ҳам сиғмаётган бир пайтда саховатли инсонларнинг кўрсатган муруввати энг катта мукофот бўлди,— дейди марҳаматлик Абдурасул Иномов. — Бу маблағ нафақат моддий ёрдам, балки, эртанги кунимизга, ҳукуматимизга, меҳри уммон замондошларимизга бўлган ишонч ифодасидир. Бизга шу қадар эътибор кўрсатилган экан, биз ўзимиз ҳам бу ишончни оқлаймиз.
Ажратилган маблағлардан иборат “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти пластик карталари ҳар фуқарога мутасаддилар томонидан етказиб берилди.
Бу дунёда аслида меҳрдан яралган, деганларича ҳам бор! Бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлар эканмиз, демак, олдимизда турган ҳар қандай ғовни енга оламиз!
Саминжон ҲУСАНОВ,
“Халқ сўзи”,
Рустамжон ЭШОНОВ олган сурат.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг