Саросимага тушмаслик, биргалашиб ҳаракат қилиш ҳар қандай офат оқибатларини бартараф этади

00:48 02 Май 2020 Жамият
1128 0

Фото: UzDaily.uz

Фалокат тўсатдан келади.Уни енгишнинг бош омили эса саросимага тушмаслик,биргалашиб ҳаракат қилишдир. Ҳа,ҳамжиҳатлик эл бошига иш тушганда билинади, синовдан ўтади. Шу маънода айтиш мумкинки, кеча Сардоба сув омборида юз берган сув тошқини ҳам халқимизнинг қанчалар матонатли эканлигининг яна бир имтиҳони бўлди.

Президентимизнинг офат рўй берган манзилга зудлик билан етиб келиб,тошқинни тўхтатиш ва унинг салбий оқибатларини олдини олиш, аҳолини хавфдан холи жойларга эвакуация қилишга шахсан ўзлари бош бўлганликлари эса барчага катта куч бағишлади.

Ўтбосар АБДИЕВ, Сирдарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

— Сирдарё аҳлининг бийдай чўлни минг машаққатларни енгиб боғу бўстонга айлантирган матонатли одамлар эканлигини халқимиз яхши билади. Сув тошқини бўлган ҳудудда ҳам ана шундай кишилар ва уларнинг авлодлари яшашади. Улар кеча рўй берган сув тошқинида ҳам ўша мардоналик, жасорат намуналарини кўрсатдилар. Ҳамма бир тану бир жон бўлиб, биргалашиб, белгиланган тартибларга ўз вақтида ва қатьий риоя қилган ҳолда ҳаракат қилганликлари оқибатида тез фурсатда барча аҳоли хавфли ҳудудлардан олиб чиқилди.

Кўп ўтмай Президентимиз офат рўй берган ҳудудга етиб келиб, зарур чораларни белгилаб бердилар. Хусусан, давлатимиз раҳбари бундай вазиятда маҳаллаларнинг масъулияти ҳар қачонгидан юқори бўлиши кераклиги, ҳар бир маҳалла раиси ҳамда профилактика инспектори ўз ҳудуди аҳолиси билан бирга бўлиб, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишлари зарурлигини таъкидладилар. Ҳозирда офат ўчоғидаги ҳар бир маҳалла раиси, профилактика инспектори ва барча ходимлари Президентимизнинг ушбу кўрсатмасини тўла тўкис бажаришаётир. Сув тошқини бўлиб ўтган аҳоли пунктларидаги барча кишилар хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб, уларга етарли шароитлар яратиб берилди. Яна бир эътиборли жиҳати шуки, нафақат вилоятимиз ва балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ёрдамлар жўнатилмоқда. Бундан бутун сирдарёликларнинг кўнгли тоғдек кўтарилмоқда.

Шуҳрат ЖАЛИЛОВ, Сардоба туманидаги Қўрғонтепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Тошқиннинг дастлабки зарбаси бизнинг маҳалламизга урилди. Хабар келган заҳоти, яъни тонг ғира-ширасида овозкучайтигичлар орқали аҳолини тезликда уйларини тарк этишга чақирдик. Ва қисқа вақтдаёқ фавқулодда вазиятлар, ҳокимликлар ва турли ташкилотлар билан биргаликда одамларни турли транспорт воситларида хавфсиз жойларга кўчиришга муваффақ бўлдик. Умуман, маҳалладошларимизнинг бир-бирини қўллаб-қувватлови ва албатта, кўз очиб юмгунча етиб келган қутқарувчиларнинг тезкорликлари, мардона ҳаракатлари туфайли, офатнинг келиб чиқиши мумкин бўлган мудҳиш оқибатларининг олди олинди. Ҳозир маҳалламиз аҳли хавфсиз масканга жойлаштирилган. Уларга сув тошқинининг дастлабки дақиқалариданоқ давлатимиз ва халқимиз томонидан кўрсатилган беқиёс кўмак, ғамхўрликлар, меҳр-оқибат катта далда бўлмоқда.

Башорат ҚОДИРОВА, Мирзаобод туманидаги Навбаҳор маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси:

— Таъбир жоиз бўлса айтайин, тошқин қанчалар шиддатли бўлмасин, халқимизнинг ҳар қандай қийинчилик олдида эсанкирамай, унга қарши Муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари раҳбарлигида залворли тўлқиндек бирлашиб курашиши туфайли Сардоба сув омборидан сув оқиб чиқиши тезда жиловланди. Ва сув омбори этагида яшаётган барча аҳолидаги хавотир ўрнини эртанги кунга бўлган ишонч, кўнглини хотиржамлик эгаллади. Уларнинг ҳаёти мустаҳкам қалқон — давлатмизниг доимий ҳифзи ҳимоясида эканликларини дилдан ҳис этишди.

Маҳалладошларимизга далда бўлган яна бир нарса шуки, уларнинг бошига тушган офатни енгишга бутун мамлакат халқи елкадош бўлмоқда. Бу эса рўй берган фалокат оқибатлари тез орада бартараф этилиши ва яратувчилик, тинч- хотиржам ҳаётлари ўз изига тушишига бўлган ишончларини орттирмоқда.

Энг муҳими, биз навбаҳорликлар ҳозирда қишлоғимиздан ташқарида бўлсак-да, хавф бутунлай бартараф этилгач, жонажон гўшамизни янада обод қилиш, боғу роғларимизни яшнатиш ҳақидаги эзгу ниятлар билан яшаяпмиз.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?