Аҳолини рўйхатга олишдан мақсад нима?

Иллюстратив фото
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Республикамизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланган. Аҳолини рўйхатга олиш – бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.
Аҳолини рўйхатга олиш тарихига бир назар
Маълумотларга кўра, дастлаб қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Миср каби мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилган. Шу даврда солиқ йиғиш, яъни бож олиш ҳамда ҳарбий мақсад учун асосан эркаклар сонини аниқлаш муҳим бўлган ва асосан улар рўйхатга олинган. Аҳолини илк бор расмий рўйхатга олиш 1790 йил АҚШда, кейинчалик 1800 йил Швеция ва Финляндияда, 1801 йил Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо рўйхатга олиш жуда оддий шаклда бўлиб, узоқ муддатга чўзилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллаштирилди. 1945-1954 йилларда 151 та давлатда, 1965-1974 йилларда 179 та давлатда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилган.
XIX асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш кенгайди. Аҳолини рўйхатга олиш – фуқаролар ҳақида ахборот тўплашнинг кенг кўламли ва кўп мақсадли тадбирдир. Ушбу мавзу доирасида Европанинг қатор мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 1870-1879 йиллар дунёнинг 48 та, 1890 йил эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. XIX аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, XX аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган.
Республикамизда демографик жараёнларнинг ҳолатини ўрганишда мамлакат ҳудудида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари муҳим аҳамият касб этади. Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлаб аҳолини рўйхатга олиш ишлари 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу рўйхатга олиш маълумотлари XIX аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар, аҳоли сони, аҳолининг ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим ҳолати каби демографик жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берган.
Кейинчалик Ўзбекистон ҳудудида 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган. Аҳолининг ривожланиши унинг таркибий тузилиши, хусусиятлари ва демографик жараёнларнинг узлуксиз равишда ўзгариб бориши таъсирида содир бўлиб боради. Шу сабабдан аҳолини тадқиқ этиш ҳамда доимий равишда кузатиб бориш талаб этилади.
Аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак?
Аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари “ижтимоий ҳимоя”, “инвестиция”, “уй-жой”, “соғлиқни сақлаш”, “маданият”, “туризм”, “таълим”, “йўл қурилиши ва инфратузилма” каби манзилли дастурларнинг тайёрланиши ва амалга оширилишида хизмат қилади. Келгусида аҳолини рўйхатга олиш натижаларига асосланиб, ушбу дастурларни амалга ошириш натижаларини баҳолаш, иқтисодий прогнозлаш ва демографик сиёсатни шакллантириш мумкин.
Аҳолини рўйхатга олиш бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсияси бўлиб, ҳозирги кунгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида бу жараён ўтказилди. Мазкур тадбир бутун дунё аҳолисининг умумий, кенг кўламли қиёфаси яратилишига хизмат қилади.
Ориф Абдураҳмонов,
Тошкент шаҳар статистика бошқармаси
Демография ва меҳнат статистикаси
бўлими бошлиғи
Нилуфар Муродова,
Тошкент шаҳар статистика бошқармаси
ахборот хизмати ходими
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг