Тошкент ҳайвонот боғи бошқаруви Wildlife Care номли хусусий компанияга бериляпти

14:12 17 Декабрь 2019 Маданият
2618 0

Фото: tashkentzoo.uz

Бу Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 13 декабрдаги “Тошкент ҳайвонот боғини келгусида модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Тошкент ҳайвонот боғи” давлат муассасаси ташкилий-ҳуқуқий шаклини масъулияти чекланган жамият шаклидаги хўжалик жамиятига айлантирган ҳолда, “Wildlife Care” МЧЖга ишончли бошқаришга бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қарорда белгилаб қўйилганидек:

а) “Тошкент ҳайвонот боғи” масъулияти чекланган жамиятининг устав капитали қайта ташкил этилаётган “Тошкент ҳайвонот боғи” давлат муассасаси мол-мулкларининг қолдиқ баланс қийматида шакллантирилади ва жамиятнинг устав капиталидаги таъсисчи функцияси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилади;

б) Ишончли бошқарувчи томонидан Ишончли бошқариш шартномаси талабларига тўлиқ риоя этилган тақдирда, шартноманинг муддати 30 йилгача узайтириб борилади;

в) “Тошкент ҳайвонот боғи” масъулияти чекланган жамиятига айлантирилганда “Тошкент ҳайвонот боғи” давлат муассасасининг амалдаги солиқ режими сақланиб қолинади;

г) ишончли бошқарувчи учун тўланадиган ҳақ миқдори “Тошкент ҳайвонот боғи” масъулияти чекланган жамиятининг йил якунлари бўйича ҳисобланадиган дивидент ҳисобидан тўланади;

д) ишончли бошқарувчи томонидан жалб қилинган инвестициялар аудиторлик ташкилотининг ҳисоботига асосан “Тошкент ҳайвонот боғи” масъулияти чекланган жамиятининг соф фойдасидан қайтарилади;

е) “Тошкент ҳайвонот боғи” масъулияти чекланган жамиятига “Тошкент ҳайвонот боғи” давлат муассасаси учун 2019 йилда ажратилган маблағлардан кам бўлмаган миқдорда бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилиб борилади.

Қайд этилишича, “Тошкент ҳайвонот боғи” давлат муассасасининг ташкилий-ҳуқуқий шакли масъулияти чекланган жамият шаклидаги хўжалик жамиятига айлантирилади

Ишончли бошқарувчи томонидан билдирилган қуйидаги таклифлар эса маълумот учун қабул қилинган:

дастлабки беш йил давомида 5 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш;

ҳайвонлар таркибий турини кўпайтириш;

янги вольерларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш;

ҳайвонлар учун реабилитация марказини ташкил этиш ва ҳайвонот боғи ишчиларининг малакасини ошириш учун ўқув марказини ташкил этиш;

замонавий аудио-видео визуализациясини жорий этиш ва бошқалар.

Бундай ислоҳот бежизга эмас. Сабаби, маълумотларга кўра, бугунги кунда ҳайвонот боғи учун давлат компанияси масъули бўлиб, бу нафақат дунё стандартларига жавоб бермайди, балки у зарар кўраётган ташкилот ҳамдир(охирги йилларда унга давлат бюджетидан 22,7 млрд. сўм ажратилган).

Бинобарин, қарор билан ҳайвонот боғини ривожлантириш концепцияси ҳам тасдиқланди. Натижада у ҳозирги зарар кўраётган муассасадан дунё андозаларига мос келадиган(онлайн-чипталар, мерчендайзинг, мобиль иловалар, ҳайвонларни сақлаш учун шароитларни яхшилаш, уларни парваришлашнинг янги даражаси ва ҳоказо) ва фойда кўрадиган корхонага айланади.

Концепция учта босқичга бўлинган:

2020-2021 йиллар. Ҳайвонот боғи ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилиш, реконструкция учун устувор объектларни аниқлаш

2021-2022 йиллар. Ҳайвонот боғини босқичма-босқич реконструкция қилиш, унинг жозибадорлигини ошириш.

2022-2024 йиллар. Барча режалаштирилган қурилиш ва бошқа ишларни якунлаш.

2024-2029 йиллар. Инфратузилмани янгилаш, шароитларни яхшилаш, заруратга қараб ҳайвонот боғини ҳудудини кенгайтириш.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер