Озарбойжонлик депутат: Юракдаги меҳримсан, Ўзбекистон!

Бу йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасида, хусусан, Фарғона водийсида меҳмон бўлдим. Ҳақиқатан ҳам, ўзбек миллати буюк қалбли, меҳрибон ва меҳмондўст халқ эканлигини яна бир бор ҳис қилдим. Бундан жуда ҳам бахтиёрман. Ўзбекистонга келганимда яна ўша соғиниб қолган, ўзбекона табассум аримаган чеҳраларни кўришга муяссар бўлдим.
Дўстлик ришталари
Ҳаётимда биринчи марта Озарбайжон халқининг Умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев билан бирга Ўзбекистонга бориб, Тошкент давлат педагогика университети хиёбонида Низомий Ганжавий ҳайкалини барпо қилишда бевосита қатнашган эдим. Ўзбекистоннинг Самарқандини, Бухоросини ва Тошкентини кўрганман, гўзаллигидан баҳраманд бўлганман ҳамда ўшанда Ўзбекистонни жуда севиб қолган эдим. Орадан анча йиллар ўтса ҳам, ўзбекларнинг самимияти ва меҳрини эсдан чиқара олмадим. Ҳалимлик, хушмуомалалик, табассум ўзбекларнинг қон-қонига сингиб кетган.
Шахсан менга бу элнинг самимияти, катталарни ҳурмат қилиши жуда ёқади. Ўзбек халқи шеъриятни севади. Балки шунинг учун ҳам ўзбек дўстларимиз билан учрашганда ҳар доим хурсанд бўламан.
Озарбайжонлар ва ўзбеклар — қардош халқлар. Бизнинг томиримизда оқаётган қонимиз бир, яъни биз — туркий халқмиз. Демоқчиманки, тарихий ва маданий жиҳатдан бир-биримизга жуда яқинмиз. Балки шунинг учун ҳам дунёнинг қаерида бўлмасин, ҳар бир озарбайжонлик Ўзбекистонни ўзига энг яқин қардош ўлка ўлароқ қабул қилади. Озарбайжонликлар ҳамиша ва ҳамма жойда ўзбекларни ўз қариндошлари деб билишган, менимча, бундан кейин ҳам шундай давом этади.
Халқларимизнинг фан, маданият, адабиёт ва санъат соҳасидаги анъанавий алоқалари кўп асрлик тарихга эга. Аждодларимиз минг йиллар мобайнида дўстона борди-келди қилишганки, бу халқларимизнинг бири-бирига бўлган муносабатида ёрқин из қолдирмаслиги мумкин эмас эди. Халқларимизнинг муштарак жиҳатлари ҳақида ажойиб шеърлар ёзиш мумкин. Шу билан бирга, урф-одатларимиздаги ҳар бир ўхшашлик ҳақида алоҳида академик тадқиқот ўтказса ҳам бўлади.
Озарбайжон билан маданий-гуманитар алоқаларни йўлга қўйишни хоҳлаган ўзбекистонликларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрмиз. Озарбайжон оммавий ахборот воситалари, университетлари ва илмий-тадқиқот институтлари билан мулоқот қилиш учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Ўзбекистонликларни Озарбайжон маданияти ва илм-фани билан таништириш бўйича бизнинг махсус режамиз бор. Халқларимиз ўртасидаги борди-келдини, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданияти маркази фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, озарбайжонликларни ҳам ўзбек маданияти ва илм-фани билан мунтазам равишда таништириб келмоқдамиз. Халқларимиз бу борада доимий алоқада бўлиб туриши биз учун жуда муҳим.
Маълумки, Ўзбекистон географик жиҳатдан Осиё қитъасининг қоқ марказида жойлашган бўлиб, маданий-сиёсий тарафдан Марказий Осиёнинг юраги ҳисобланади. Бинобарин, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим стратегик ўрни бор давлат ҳамдир, унинг иштирокисиз ҳеч бир масалани ҳал қилиб бўлмайди. Озарбайжон эса Осиё ва Европа туташган ҳудудда, Жанубий Кавказ минтақасида Ўзбекистоннинг асосий шериги ҳисобланади, бу геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан жуда муҳим.
Албатта, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга. Ҳозир бу йўналишда сезиларли даражада силжиш кузатиляпти. Кейинги йилларда икки мамлакатда ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, биз иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш учун томонлар саъй-ҳаракатларини янада кучайтириши керак, деб ҳисоблаймиз.
Иқтисодий ва стратегик жиҳатдан улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон имкониятларидан фойдаланишдан ҳар қандай давлат манфаатдордир. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши саналади. Кўп қиррали шериклик шартнома ва битимларда ўз ифодасини топган улкан ҳуқуқий базага асосланади.
Шубҳасиз, ҳар бир давлат тараққиёти учун тинчлик ва барқарорлик ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ҳақида гап кетганда, кўз олдимизда равнақ топаётган тинч мамлакат намоён бўлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оқилона, узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли республикада ва бутун минтақада тинчлик ҳамда барқарорлик мустаҳкамланишига эришилмоқда. Ўзбекистон етакчиси фаолиятининг илк кунлариданоқ қўшнилар билан муносабатларни яхшилаш бўйича бир қатор чоралар кўрди ва Ўзбекистоннинг салоҳиятини анча мустаҳкамлади. Бу ютуқларни биз қувонч билан олқишлаймиз.
Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда давлатларимиз орасида ўзаро сиёсий ишонч қарор топган, иккала давлат ҳам халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида бири-бирини қўллаб келмоқда. Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида 2009 йилда ташкил этилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига Ўзбекистон Республикасининг ҳам аъзо бўлгани ҳақидаги хабарни эса жуда қувончли воқеа ўлароқ қабул қилдик. Озарбайжонда бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши саммитига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташриф буюриши ҳар бир озарбайжонлик учун жуда қувончли воқеа бўлди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ҳамда қардошлик абадий бўлсин. Халқларимиз ўртасидаги меҳр-оқибат бошқа туркий давлатлар учун ўрнак бўладиган даражада давом этишини чин юракдан истаб қоламан.
Барча ўзбекистонликларга оилавий бахт, хотиржамлик ва фаровонлик тилайман. Бутун дунёдаги инсонлар ўзбеклар ҳамма нарсага ўз меҳнатсеварлиги ва инсонийлиги билан эришадиган буюк ҳамда мард халқ эканлигини ҳар доим ёдда сақлашларини истайман.
Ганире ПАШАЕВА, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлис депутати.
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг