Ички ишлар вазири “Жаслиқ” нега ёпилаётганини тушунтириб берди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов “Ўзбекистон 24” телеканалига Жаслиқ колонияси тугатилишининг аҳамияти ҳақида интервью берди.
Маълумки, шу йил 2 август куни давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон ИИВга қарашли 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясининг (Жаслиқ колонияси) тугатилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинганди.
ИИВ раҳбари 1999 йилда Қўнғирот туманининг Жаслиқ қўрғонида қурилган муассасанинг ёпилиши мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ва жаҳон ҳамжамияти олдида жуда катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
У бу ерда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир қилган ва узоқ муддат озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахслар сақланиб келинаётгани, ушбу колония нафақат бизнинг фуқаролар орасида, қолаверса, халқаро ташкилотлар орасида ҳам салбий ном қозонган колония ҳисобланишини қўшимча қилди вазир.
“Бу колонияни муҳтарам Президентимиз қарори билан тугатиш нима учун зарур бўлиб қолди? Биринчидан, жойлашиши — Нукус шаҳридан 300 км., Қўнғирот туман марказидан эса 180 км. узоқликда. Иккинчидан, иқлимини олсак, қишда қаҳратон совуқ, ёзда жазирама иссиқ. Жазони ўтаётган шахслар, уларнинг қариндошлари, яқинларининг келиб-кетишларига ҳам ўта ноқулай”, - деди у.
“Сиз бир тасаввур қилинг, Фарғона вилоятидан, Андижон ёки Сурхондарё вилоятидан ота-она ёки фарзандлари билан ўша ерда жазо ўтаётган маҳкумни кўриш учун келиш жуда кўп масофа босиб, Жаслиқ қўрғонига борилар эди”, — деб айтиб ўтди П.Бобожонов.
Ўз навбатида ички ишлар вазири “Жаслиқ” жазони ижро этиш колониясида 5000 дан 10000 кишигача, шунингдек, 5000 нафаргача диний экстремистларнинг сақланиши тўғрисидаги хабарларни рад этди.
“Мазкур муассасанинг бугунги кундаги лимити 1100 ўрин. Ҳозирги кунда 395 нафар маҳкум сақланаяпти ва шуларнинг атиги 10 фоизи диний-экстремистик жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслардир”, — дея бунга изоҳ берган у.
Эслатиб ўтамиз, қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
бир ҳафта муддатда мазкур қарорга мувофиқ тугатиш комиссиясини ташкил этади ва 19-сон ЖИЭКни тугатиш бўйича белгиланган тартибда комплекс ташкилий-ҳуқуқий чораларни амалга оширади;
бир ой муддатда 19-сон ЖИЭК маҳкумларини суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ равишда ички ишлар органларининг бошқа жазони ижро этиш колонияларига юборилишини ташкил этади;
маҳкумларни янги озодликдан маҳрум этиш жойларига кўчириш вақтида 19-сон ЖИЭК шахсий таркиби ўртасида юқори жанговар шайликни ва хизмат интизомига риоя этилишини таъминлайди.
ИИВ раҳбари колониянинг ёпилиши тўғрисидаги қарор Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига ижобий таъсир кўрсатишини қайд этди.
П. Бобожонов Президентнинг тегишли Фармони билан 2017 йилдан буён 4000 нафарга яқин маҳкум афв этилганини эътироф этар экан, озод қилинган шахслар давлат ва жамият эътиборидан четда қолаётгани йўқлигини таъкидлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг