“Тупроққалъа” археологик обидасида нималар бўлмоқда?

17:27 14 Март 2019 Маданият
595 0

Иллюстратив фото

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда “Тупроққалъа” археологик обидасида маҳаллий ҳокимият томонидан мардикорлар ёрдамида реконструкция ишлари олиб бориляпти, бу ишлардан Маданият вазирлиги ва мутасадди ташкилотлар бехабар” қабилида гап-сўзлар айлана бошлади. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи Қуанишбек Шариповга мурожаат этдик.

— Сизнинг ушбу мурожаатингизни тинглаб, куни кеча Нукусда бўлиб ўтган бир тадбир ёдимга тушди, — дейди Қ. Шарипов. — Мен уни “Хабар” дастури орқали кўрдим. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими муассислигида ташкил этилган, тажрибали ҳамда ёш журналистлар қатнашган ушбу “Жамоатчилик билан алоқалар: муаммолар ва олддаги вазифалар” деб номланган семинарда “...Журналист уёқ-буёқдан эшитган гапига қараб эмас, бевосита воқеа ичига бориб, кўрганига таяниб ёзиши керак, афсуски, айни пайтда эшитганига асосланиб ёзилаётган хабарлар кўпайиб бормоқда, оқибатда эса бу асл воқеликка тўғри келмай қоляпти”, деган ўгит ҳам таъкидлаб ўтилди. Демоқчи бўлганим, сиз айтаётган гап ҳам асоссиз хабарлардан келиб чиққан.

Элликқалъа туманида жойлашган “Тупроққалъа” археологик объекти милоддан аввалги III-II асрларда қурилиб, милоднинг IV-V асрларида қайта тикланган обидадир. Қалъа Хоразмшоҳлар қароргоҳи бўлган. 1938 йилдан собиқ иттифоқ Фанлар академиясининг Хоразм археология ва этнография илмий сафари ходимлари мазкур шаҳар ўтмишига оид масалаларни ўргана бошлаган.

Айтиш жоизки, қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларга доимий эътибор қаратиш мамлакатимиз сиёсати даражасидаги масалалардан бири. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириққа мувофиқ, “Тупроққалъа” ён-атрофида очиқ дренаж тизими яратилди. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармаси қошидаги “Мерос Чашмаси” лойиҳалаш кичик корхонаси томонидан консервация ишларининг смета ҳамда лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2018 йилнинг сентябридан “Эл-таъмирлаш” масъулияти чекланган жамияти объектда консервация ишларини олиб борди. Бош бошқарма бошлиғининг ўринбосари Х. Холмуродов ва “Мерос Чашмаси” лойиҳалаш кичик корхонаси директори Ф. Давлетов 2018 йил октябрида келиб, “Тупроққалъа”да олиб борилаётган ишлар билан танишди. Йўл-йўриқ кўрсатиб, консервация ишларини давом эттиришни белгилаб беришди.

Бош бошқарманинг 2019 йилги реставрация, консервация ишлари режасига киритилган “Тупроққалъа” археологик объекти учун жорий йилнинг I чорагида 200 миллион сўм маблағ ажратилиб, “Эл-таъмирлаш” МЧЖ 2019 йилнинг 5 мартидан консервация ишларини давом эттирмоқда.

Бугунги кунда маданий мерос ва археологик объектларни сақлаш, улардан фойдаланиш, туризмни ривожлантириш, қолаверса сайёҳларга шароит яратиш учун объектларда тезкор консервация ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш зарурати туғиляпти. Гап шундаки, сайёҳлар “Тупроққалъа”ни деворлар устида юриб томоша қилишади. Бу эса, деворларга зарар келтирмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида қалъанинг Ғарбий томонидан зина ва бир жойда туриб кузатиш майдончаси бунёд этилди. Бундан ташқари, қалъанинг айрим йўқолиб бораётган деворларида ҳам консервация ишлари олиб борилмоқда.

Ҳидоят Аҳмедов (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019