Коррупция олий таълим тизимини емирмоқда

Иллюстратив фото
Олий таълим тизимини узоқ вақтдан бери ичдан емираётган хасталиклар бор. Шулардан бири — ўқув семестрлари якунидаги тамагирлик, коррупция ҳолатлари. Бу ҳақда marifat.uz манбасида мақола берилди.
“5”нинг нархи қанча?
Бир танишим маошдан узиш шарти билан мўмайгина қарз кўтарди. Сабабини сўрасам, олий ўқув юртида ўқиётган укасининг семестр баҳоларини олиши учун зарур экан. Унинг айтишича, нақд бир ойлик маошига тенг сумма бор-йўғи 4-5 та фанни “ёпиш”га етаркан. Танишимнинг укаси билан суҳбат эса қуйидагича бўлди:
— Ҳамма ўқитувчилар “олади”ми?
— Йўқ, “олмайдиганлар”и ҳам бор.
— Битта фан учун қанча берасизлар?
— “Ставка”сига қараб.
— Масалан...
— Агар семестрни “3”га тамомлаётган бўлсангиз, “4” ва “5”га “ёпаётган”лардан камроқ берасиз. Ўртада 100—200 минг сўмгача фарқ бор.
— Очиқдан-очиқ сўрашадими?
— Йўқ, гуруҳ сардорлари орқали...
Афсус... Бу ҳолат фақат ўша танишим, унинг укаси ва у ўқиётган муассасада бўлганида эди, эҳтимол, уни оғир хасталикка қиёсламасдик.
Ўқиган ҳам, ўқимаган ҳам — баробар
Олий ўқув юртига қабул қилинган айрим талабалар дастлаб юқори курсдагилардан муҳим бир маълумотни суриштириб, аниқлаштириб олади: семестр якунида қайси ўқитувчи “олади”, қайсиси эса йўқ. Кейин ўқиш давомида шу “тавсиялар” асосида иш кўрилади.
— Баъзи ўқитувчилар учун семестр давомида кимнинг қандай ўқигани, дарслардаги иштироки аҳамиятсиз, — дейди пойтахтимиздаги олий таълим муассасаларидан бирининг битирувчи курс талабаси. — Айниқса, номутахассислик фанларидан дарс ўтувчи ўқитувчилар ўқигандан ҳам, ўқимагандан ҳам ундиришга уринади. Мисол учун, биз аниқ фанлар йўналишидаги факультетда ўқиймиз. Лекин дарс жадвалимизга гуманитар фанлар ҳам киритилган. Бу фанлардан топшириқларни ўз вақтида бажаришга уринсакда, якунда баҳони белгиланган “ставка”лар ҳал қилади.
Бугун ўқитувчининг мавқейини ошириш бўйича кўплаб амалий ишлар қилинаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ талабанинг чўнтагига кўз олайтирган, ундан манфаат кўриш истагида турли нағмаларни ўйлаб топаётган педагогнинг талабалар олдида қандай обрўси, ҳурмати бўлади?! Бирор ўқитувчи ҳақида гап кетганда, ортидан “Э, қўйсангчи уни, унинг баҳоси... сўм...” деган сўзлар айтилишини ўша домланинг ўзи билармикан?
Талабалар ҳам “оппоқ” эмас
Семестр якунидаги коррупция ҳолатида фақат ўқитувчиларни айблаш фикридан йироқмиз. Масаланинг бошқа томони ҳам бор.
— Семестр тугаши арафасида айрим талабалар “Домла, хизмат бўлса, айтаверинг, биз тайёрмиз”, “Баҳони яхшилашнинг бирор йўли йўқми? Келишайлик”, деб келади, — дейди олий таълим муассасаларидан бирининг исми ошкор бўлишини истамаган ўқитувчиси. — На тортиниш, на уят бор уларда. Баъзилари семестр давомида дарсга умуман қатнашмаган, ҳатто фан бўйича дафтари йўқ. Қўшимча топшириқ берай, десангиз, бажаришга ҳафсаласи йўқ. Уларни қайта топширишга қолдиришни хоҳласамда, афсуски, кўпинча баҳосини олиб кетади.
— Сиз баҳо қўймасангиз, унда қандай олади? — дейман суҳбатдошимга ҳайрат билан тикилиб.
— Мен қўймагач, улар кафедра мудирига ёки бошқа раҳбарларга мурожаат қилади. Хуллас, йўли топилади. Айрим талабалар “юқори”да ишлайдиган таниш-билишларининг “илтимоси” орқали баҳо олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Самарқанд шаҳри "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" саммитига тайёр
- Сенатда Қатар Шўро кенгаши Раиси билан учрашув бўлиб ўтди
- Ўзбекистон ва Покистон етакчилари Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлади
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Самарқандда «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити ўз ишини бошлади
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг