Андижон вилоятида 87,7 гектар ер ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланди

20:29 05 Сентябр 2023 Жамият
668 0

Мамлакатимизда ҳар бир қарич ер ҳисобли. Шу боис ундан тўғри ва унумли фойдаланишнинг қонуний меъёрлари ишлаб чиқилган. Шундай бўлсада, жойларда ҳануз қонунбузарлик ҳолатлари учраб турибди. Мисол учун, Андижон вилоятида йилнинг ўтган даври мобайнида 1103 та ҳолатда 87,7 гектардан иборат майдон ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди. Энг кўп ноқонуний ўзлаштирилган ер қишлоқ хўжалиги соҳасига тегишли бўлиб, 65,9 гектарни ташкил этмоқда.

— Қонунга хилоф хатти-ҳаракатларнинг 438 та ҳолатида фуқаролар томонидан нотурар жойлар, 387 тасида яшаш учун уй-жой қуриб олинганлиги қайд этилган, — дейди кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ботиржон Мирзааҳмедов. — Шунингдек, кўп йиллик дарахтлар парваришини ташкил этган, тадбиркорлик йўналишида фойдаланаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Содир этилган ҳолатлар юзасидан фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида 766 та ноқонуний эгалланган ер ўз ихтиёрлари билан бартараф этилди. 191 таси юзасидан мажбурий тартибда буздириш учун Фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар киритилган бўлса, 91 тасида жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли ҳудудий прокуратура органларига тақдим этилди.

Бу каби салбий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида вилоят бўйича назорат тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?