Жузжоний: ​Пандемияга қарши курашда Ўзбекистон тажрибаси айрим давлатлар учун ўрнак бўлиши мумкин

12:27 22 Апрель 2020 Жамият
2169 0

Фото: Ҳасан ПАЙДОЕВ/"Халқ сўзи"

Бугун коронавирус пандемияси туфайли дунё аҳолисининг ярмидан кўпи карантин шароитида яшашга мажбур бўлаётгани тарих нуқтаи назаридан янги ҳодиса эмас. Ўрта асрлардан то XIX асрга қадар вабо, тоун, холера ва бошқа юқумли касалликлар эпидемиялари миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлгани, ҳатто бутун бошли шаҳару қишлоқлар аҳолиси қирилиб кетгани турли манбаларда қайд этилган.

Тарих фалсафаси асосчиси, буюк муаррих Ибн Халдун ўзининг “Ал-Муқаддима” китобида милодий XIV асрда тарқалган тоун касаллиги ҳақида қуйидагича маълумот беради: “...саккизинчи (ҳижрий) аср ўрталарида бутун Шарқ ва Ғарб ўлкалари бўйича тоун юқумли касаллиги тарқалиб, миллатларни супириб, ­наслларни олиб кетди. Одамларни камайтириш билан Ер юзида ободончиликни сусайтирди, натижада шаҳарлар харобага айланиб, йўллар бузилди, уйлар бўш қолиб, давлатлар ва қабилалар кучсиз бўлди. Гўёки коинотнинг тили оламни сукут сақлаб, инқибоз (ўзини йиғиб кичиклаштириш)га чақиргани қабул қилинди... ва янги бир яралиш юз ­бериб, қайтадан бошқа бир янги олам вужудга келди деб ўйлайсан киши!”

Тарихчи Абулҳасан Мудоинийнинг ёзишича, ҳижрий 131 йили Басра шаҳрининг Сиккатул-марид кўчасида ҳар куни мингга яқин жаноза ўқилган. Ибн Тағриберди (Тангриберди) “Ан-Нужуззоҳира” (“Порлоқ юлдузлар”) китобида ривоят қилишича, ҳижрий 131 (милодий 756) йилга қадар 15 марта тоун касаллиги тарқалган.

Ибн ул-Жавзийнинг “Мирот уз-замон” (“Замон кўзгуси”) китобида қайд этилишича, “Ҳижрий 469 йилда (милодий 
1091 йил) Дамашқ шаҳрида 500 000 (беш юз минг) киши яшарди, ўша йил тоунида улардан 3000 (уч минг) киши тирик қолди, шаҳардаги 240 новвойдан фақат иккитасигина тирик қолган эди”.

Француз Жон Ноел Барбон ўзининг “Тоун” (“La peste”) китобида “Ҳижрий 749 йилнинг тоунида Мисрнинг 
2200 қишлоғидан 40 таси нобуд бўлган ва ҳижрий 795 йил Ҳалаб шаҳри одамлардан бўшаган эди”, деб ёзган.

Шунингдек, XIV асрнииг иккинчи ярмида Европа ўлкаларида вабо касаллиги кенг кўламда тарқалган, хасталанганларнинг 60 фоизи тирик қолмаган, касаллик бир шаҳарда 6 ойдан 9 ойгача давом этган. Натижада Европа жамиятининг тўртдан бир қисми нобуд бўлган.

Ўша даврларда дунё ҳамжамиятининг мазкур юқумли касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалиши сабабларини мукаммал билиб олишга қурби етмаган бўлса ҳам, одамлар имкони борича ўз тажрибаларидан фойдаланиб, табиблар тавсиясига кўра, ўзини муҳофаза қилишнинг айрим йўлларини амалда қўллаб келганлар. Улардан бири касаллик ­тарқалган жойларга бормаслик ва ўша манзиллардан бошқа ҳудудларга чиқмаслик эди.

Эпидемия тарқалишининг олдини олиш ва унинг таъсирини камайтириб, ундан фориғ бўлишда азалдан давлат ҳамда давлат раҳбарларининг ўрни ниҳоятда муҳим бўлган. Масалан, касаллик манбаини назоратга олиш, фуқароларни хавфсиз жойларга кўчириш, ­карантин ўрнатиш, муҳтожларни озиқ-­овқат ва бошқа ҳаётий зарур маҳсулотлар билан таъминлаш кабилар шундай тадбирлар сирасига киради.

Амир Темур Эрондан қайтар экан, қўшин орасида юқумли касаллик тарқалади. Шунда соҳибқирон табиблар тавсиясига кўра, вақтинча узун хоналар қурдириб, неча минг аскарни ўша хоналардан ўтиб, сомон тутунидан нафас олишга буюради ва шу орқали касаллик тарқалишининг олди олинади. Франциялик адиб Марсел Брион 80 дан ортиқ Шарқ ва Ғарб манбаларига асосланиб ёзган “Менким, соҳибқирон — жаҳонгир Темур” номли китобида бу ҳақда муфассал маълумот бериб ўтган.

Жаҳонда “Иккинчи муаллим” номи билан танилган туркий файласуф Абу Наср Форобий ўзининг машҳур “Ороу аҳлилил-мадинатил-фозила” (“Маданиятли мамлакат аҳолисининг қарашлари”) номли асарида давлат раҳбари ҳақида ­Афлотун назариясини такомиллаштириб, “Жамиятнинг раҳбари ҳакимлардан, яъни файласуфлардан бўлиб, бошқариш ва раҳбарлик қилиш иқтидорига эга бўлиши керак”, деб таъкидлаган ва унинг хусусиятларини қуйидагича изоҳлаб ­берган.

“Бундай жамият (давлат) раҳбари бўлган киши соғлом тан ва соғлом руҳ билан бирга, ақлу фаросатли, кучли ифода қилиш ва тушунтириш истеъдодига эга бўлади. У илмга чанқоқ, ҳаво ва ҳавасдан узоқ, жасоратли ва ҳақ ҳомийси бўлиши керак... бу каби раҳбар томонидан бошқариладиган жамиятда тартиб — қонун устувор бўлиб, кишилар орасида аҳиллик оша боради, барча халқ манфаати таъминланиши билан, зарарли ишлар улар ҳаётидан йўқолади”.

Энди XXI асрнинг долзарб муаммоси даражасига кўтарилиб, бутун башарият ҳаётини хавф остига қўйган коронавирус пандемиясига келсак, айтиш керакки, бу балонинг тарқалиши ва олдини олишда давлатлар ва давлат раҳбарлари муҳим роль ўйнамоқда.

Коронавирус инфекцияси илк бор ­Хитойнинг Ухань шаҳрида аниқланди. Унинг одамлар ҳаётини хавф остида ­қолдиргани ва қисқа муддатда кўпчиликни ўз комига тортиб улгургани хабари жаҳонда “кучли бомба портлаши”дек акс садо берди. Айни чоғда, таассуфки, ­Хитой раҳбарияти томонидан бу эпидемия бутун башарият учун ниҳоятда даҳшатли таҳдид бўлиши мумкинлиги ҳақида тарқатилган баённомалар айрим давлатларда жиддий эътиборга олинмади. ­Натижада вируснинг тарқалиши эпидемиядан пандемия даражасига кўтарилди. 2019 йилнинг декабрь ойидан то ҳозирги кунга қадар бу қотил касаллик дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатларига тарқалиб улгурди.

Эпидемия хавфини тўғри баҳолаган Хитой раҳбарияти ва давлати оз муддатда кўп қурбонлик берган бўлса ҳам, халқ ҳамкорлиги, “темир” интизом ва ­қатъий карантин режимини амалга ­ошириш билан неча миллионли Ухань шаҳрида бу хасталикни енгишга муваффақ бўлиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олди.

Ҳозир ривожланган давлатларда ҳам аввалдан ҳодисага эътиборсизлик билан қаралгани сабабли вируснинг ёйилиши кун сайин ошиб бормоқда. Лекин Жанубий Корея каби ҳодисага жиддий ёндашиб, кучли карантинни йўлга қўйган айрим мамлакатларда эпидемия тарқалиши заифлашган.

Ўзбекистонда бу “тождор” офат кириб келмасдан туриб барча ҳимоя чоралари кўриб қўйилган эди. Вирус расман аниқланганидан кейин, Президент ­Шавкат Мирзиёев шахсан ўзи халққа ­мурожаат қилиб, бу юқумли касаллик нечоғли хавфли эканлиги ҳақида маълумот берди ва Ўзбекистоннинг барча аҳолисини давлат билан биргаликда хавфсизлик чораларини амалга оширишга ­чақирди. Одамларимиз бу хатарли ­пандемияни ҳамжиҳатлик, ақл ва ирода кучи, қатъий интизом билан енгиб ўтиш имконига эгалигини таъкидлади.

Президент Фармони билан каронавирусга қарши Ўзбекистон Бош вазири ­раҳбарлигида комиссия ташкил этилиб, қабул қилинган режалар бирин-кетин амалга оширила бошланди. Давлат ­раҳбари шахсан ўзи йиғилишлар ўтказиб, бу соҳада юз берган ҳодисалардан аҳолини хабардор қилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат ­Мирзиёев коронавирусга бағишланган видеомулоқот тарзида ўтказилган ­Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг навбатдан ташқари саммитида қилган маърузасида коронавирус жаҳоннинг барча мамлакати қатори 160 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган туркий тилли давлатларни ҳам четлаб ўтмаганини қайд этди.

У туркий халқлар кўп асрлик тарихида бу каби мураккаб дамларни бошидан кечириб, уларни ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтганини айтди.

Шунингдек, Президент зудлик билан бу хатарнинг олдини олиш учун таъсирчан чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлаб, саммит аъзоларига учта муҳим тадбирни йўлга қўйишни таклиф қилди. Улардан бири Туркий кенгаш доирасида доимий фаолият кўрсатадиган қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантиришдир.

Ўзбекистон давлати томонидан мамлакат аҳолисини пандемиядан ҳимоя қилиш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш учун амалга оширилаётган ҳимоя тизими айрим Европа давлатларидаги тизимлардан устун туради. Италия, Франция, Испания ва Америка Қўшма Штатларида коронавирусга қарши эътиборсизлик билан бошланган ҳимоя тизими, давлат раҳбарлари эътирофига кўра, кутилган натижани бермади ва пандемия кутилмаган фожиаларга сабаб бўлди. Италия Бош вазири 9 апрель куни “Ал-Жазира нет” мухбирига айтишича, Италияда соғлиқни сақлаш тизими коронавирус каби пандемиянинг олдини олишга тайёр эмасди ва унинг ҳукумати вируснинг бундай портловчи шаклда ­тарқалишини кутмаган эди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон давлат раҳбари томонидан халқни хавфли коронавирус пандемиясидан ҳимоя қилиш учун ўрнатилган тартиб шу қадар олий ва интизом шу даражада ­кучлики, мамлакат фуқароларини бу оғир синовдан муваффақият билан ўтишга ишонтиради. Ушбу жиддий ҳимоявий ­тадбирлар минтақамиз айрим ўлкалари ва қўшни давлатларга ўрнак бўла олади ва айрим Ғарб давлатларида йўлга қўйилган карантин режимидан устун туради.

Абдулҳаким Шаръий ЖУЗЖОНИЙ,

юридик фанлар доктори,

профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?