Журналистикага қабул: ижодий имтиҳонлар нега олиб ташланди?

09:50 19 Август 2021 Жамият
1067 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  диққатига!

«Қани, бирор ёзган нарсангиз борми, ўқиб кўрайликчи». 

Журналист бўлишга қизиқиб таҳририятларга келган ёшларга устозларнинг дастлабки сўрови, бу. Одатда ишга кириш истагидагиларга ҳам аввало мана шу савол берилади. Тўғри, ОАВда ишлаб, танилган журналистлар, мухбирлар кўп ҳолларда ушбу шартдан мустасно, албатта.

Мазкур талаб неча ўн йилдирки, журналистика олий таълимига қабулда ҳам мавжуд эди. Дейлик, ўтган асрда, етмишинчи йилларнинг охирида ТошДу (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг мамлакатимизда ягона бўлган –журналистика факультетига  айни шартлар бўйича, яъни мақолаларимиз жамланган альбомни тақдим этгач ҳужжатларимиз қабул қилинганди. Кейин эса бешта мавзунинг  исталган биттаси бўйича мақола ёзиларди. Тўғри, ўшанда айни ижодий ишлар натижаси умумий кириш балига қўшилмасди. Аммо у   талабаларни танлашнинг ўзига хос ва ўта зарур фильтри вазифасини бажарар, яъни озми, кўпми қаламли эмас, дипломли «журналист кадр»ларнинг соҳага тасодифий ёки шунчаки ҳавас билан кириб қолмаслиги, касб танлашда адашмаслиги ва энг муҳими, қайсидир талантли ёшнинг ўрнини эгаллаб, ҳам ўзига, ҳам бировга зиён етказмаслиги учун хизмат қилар эди.

Журналистлик ҳам худди рассом ёки санъаткорники сингари, кишидан фавқулодда ноёб талантни талаб қиладиган касб. Таъбир жоиз бўлса, дейлик, ўргимчак зўр ижодкор, унинг ўз истеъдоди бор. Лекин унинг тўри толасидан мато тўқиб бўлмаганидек, журналистликни ҳам зўрма зўракилик билан эгаллаш мумкин эмас. Тўрт қатор гапни равон эмас, ҳатто имло хатосиз ёзолмайдиган, қайсидир телешоу бошловчисидек бўламан деб журналистика соҳасини танлаётганлар, афсуски, кўпайиб бормоқда. Ҳолбуки, бир вақтлар ОАВ имловий ва услубий талаблари бўйича ҳар қандай матннинг мукаммал ҳаётий эталони эди. Бирор сўзда савол туғилса, «Газетани кўрингчи, қандай ёзилган экан» деган гап юрарди, ўшанда. Эндичи, таассуфлар бўлсинки, баъзи оммавий ахборот воситалари, айниқса, айрим телеканалларда ва ўзларича «кўча тили»ни «янги ўзбек адабий тили»га айлантириб олган, юз минглаб обуначиларига эга  телеграм каналларида ғиж-ғиж хато, ғализ жумлалар... Буларнинг бари охир оқибат ахборот истеъмолчилари –миллионлаб кишиларнинг, ачинарлиси, ёшларнинг савод савиясига салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти.

Фикр шуки, журналистика фақат ахборот эмас, маърифат  улашиш воситаси ҳамдир. Ўқитувчи аудиториядаги 25-30 нафар, ОАВ эса миллатнинг миллионлаб  ўқувчиларига бир вақтда ва бир йўла дарс берувчи маънавият мураббийидир. Шундай экан, бу улкан мактаб муаллимлари –журналистлар ҳар жиҳатдан – ҳам касбий, ҳам дунёқараш, ҳам қобилият бобида профессионал даражада бўлмоқлари лозим. Ҳали мактаб ўқувчилиги чоғиданоқ энг аввало, соҳага бўлган катта қизиқиш ва истеъдод учқунлари шаклланган  ёшлар, ҳеч шубҳасиз ана шундай поғонага етишадилар. Ва мақсади қатъий  бундай ижодкор ёшлар журналистика олий таълимида  ўқишга тўлақонли ҳақлидирлар. Бунинг учун эса талабаликка қабулда, санъат, хусусан рассомчиликдаги каби асосий мезон -  ижодий имтиҳонлар бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.

Лекин  иккинчи йилдирки, журналистика олий ўқувига қабулда ижодий синовлар ўтказилмади ва сабаби очиқлангани ҳам йўқ.

Эшитишимизча, жорий йилда абитуриентларга бешта йўналишни танлаш имконияти берилганлиги туфайли тест синовлари бир хил бўлгани учун бошқа факультетларга тайёрланган йигит-қизларнинг бир қисми таваккал дея журналистикани ҳам танлашибди...?! Бу танлов замирида «Ўтган йили журналистика йўналишида кириш баллари пастроқ эди, кириб кетсам, кейин бир гап бўлар» деган фикр борлиги эса, кундек равшан. Хўш, ушбу  мақсад амалга ошди дейлик, унда нима бўлади. Журналистликка умуман қизиқиши ҳам, бу борада озгина бўлсада таланти ҳам йўқ талабадан фаыат олий таълим назарияси ва амалиёти билан ОАВ учун кадр тайёрлаб бўлармикан? Кузатишлардан аёнки, ҳар қандай ижодкор, жумладан маҳоратли журналист бўлиш учун аввало кишининг ўзида  ижодкорона руҳият бўлиши керак. Чунки, журналистлик мақоми ҳам  интеллект маҳсули, бу соҳада жамоавий  медиамаҳсулотлар бўлади, аммо у ҳам ҳар бир мухбир, муҳаррир  қўшадиган шахсий ижодий ҳисса орқали юзага келади.Шу боис ҳам мазкур соҳани «бир гап бўлар» дея танлаганлар, эрта бир кун ижодий жамоага ҳам, ўзига ҳам ноқулайликлар туғдиради. Ва пировардида аксарияти  соҳани тарк этади. Журналист бўлишни астойдил ўзига мақсад қилиб, тинмай ўқиб-ўрганиш билан амалиётни ўзининг асосий устози деб билганлар учун эса  журналистика йўлида ҳамиша яшил чироқ порлаб туради. Аммо яна ўша гап: шундай истеъдодларнинг тўплаган балига озгина етмай, ўрнига таваккалчилар журналистика олий ўқув юрти талабалигига қабул қилинишса –чи...

Шу ўринда бир неча  мулоҳаза:

Абитуриентнинг ёзган иншо ёки мақоласи унинг қанчалик она тили ва адабиётини билиш даражасини ҳам ошкор қилмайдими?

 Агар фикр равон ва кенг, матн имло, услубий ва бошқа хатолардан холи бўлса, мавзу чуқур очиб берилса абитуриентнинг кўп ўқигани аён бўлмайдими?

Энг муҳими, ёзма ижодий имтиҳон орқали талабаликка номзоднинг журналист бўлишга қанчалик лаёқатли эканлиги очиқ-ойдин кўринмайдими?

Ёки ижодий суҳбат орқали журналист учун энг зарур бўлган дунёқараш даражасини англаш мумкин эмасми?

Ўйлаймизки, юқоридаги жавоби ўзи билан келаётган саволлар  нафақат соҳа мутасаддилари ва вакиллари, балки  ахборот олами ҳаётининг муҳим бўғини бўлган барчани ўйлантиради, мулоҳазага чорлайди. Пировардида эса аниқ тўхтамга келинади. Ва бу синовларнинг ҳаққоний, шаффоф, адолатли ўтказилиши учун энг мақбул ва самарали механизмлари ишлаб чиқилади.

Акс ҳолда, мақола аввалида келтирилган «дипломли журналист»ларни ишга қабул қилиш тартибига  мақолагина  эмас... ҳатто диктант ёздириб кўриш талаби ҳам қўшилиш эҳтимоли пайдо бўлади.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?