ЖССТ вакили: “Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртасини жорий этиш учун илғор модел танланган”

17:39 24 Июль 2022 Жамият
692 0

Illyustrativ foto

Ҳозирги кунда Сирдарё вилоятида синов тариқасида жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси тизими дастлабки натижаларини бермоқда.

Ҳусусан, лойиҳа доирасида ҳудудда профилактик кўриклар ўрнига, вилоятнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб мақсадли скрининг текширувлари олиб бориляпти.

Мутахассисларнинг изоҳ беришича, профилактика ишлари яхши йўлга қўйилса, касалликлар кескин камаяди ва унга сарфланадиган маблағ ҳам тежалади. Қолаверса, касалликларни эрта аниқлаш орқали аҳолининг саломатлик даражаси, ўртача умр кўриш давомийлигини оширишга эришилади.

Хўш, мазкур жараённи яқиндан кузатиб бораётган хорижий эксперт, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистон бўйича маслаҳатчиси Кристофер Фицпатрик Сирдарё тажрибасини қандай баҳолайди?

— Ўзбекистон аҳоли саломатлигини сақлашнинг сифатли моделини жорий этмоқда, — дейди ЖССТ вакили. — Бу ривожланган давлатларда синовдан муваффақиятли ўтган илғор тажрибадир.

Биз жараёнларни бевосита кузатиб боряпмиз ва эксперт сифатида айтишим мумкинки, касалликка чалинган инсоннинг уйига бепул дори-дармон етказиб бериш унга имкон қадар тезроқ ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

Ҳар бир соғлиқни сақлаш тизимининг ўзига хос жиҳатлари бор. Касалликларни даволашдан кўра олдини олган яхши, шу билан бирга, касалликларни эрта аниқлаш ҳам даволашда катта самара беради.

Ўзбекистонда илк бор давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида ҳаётга татбиқ этиш, беморларга қулайлик яратиш мақсадида шифохоналарни бирлаштириш, уларнинг негизида тиббиёт кластерини ташкил этиш, у ерда илм-фан ва амалиётни уйғунлаштириш ишлари бажарилмоқда.

Соҳада мураккаб ва юқори технологик амалиётлар йўлга қўйиляпти. Бу борада ҳам халқаро тажрибадан келиб чиқиб тавсия ва маслаҳатлар бериш, ушбу мураккаб жараёнларнинг амалиётга тезроқ татбиқ этилишига кўмаклашишга доим тайёрмиз.

Давлат тиббий суғуртаси механизмлари доирасида сурункали касалликларга чалинган беморларга кўпроқ эътибор берила бошлагани ҳам ибратли жиҳат. Ваҳоланки, илгари улар рўйхатга олиниб, даволаниш буюрилган ва кузатувга олинган.

Афсуски, ҳамма ҳам дори-дармонни ўз вақтида харид қилиб, муолажаларни белгиланган муддатларда бошлай олмайди. Оқибатда беморларда асоратлар пайдо бўлади. Давлат тиббий суғуртаси тизими асосида беморларга дориларнинг бир қисми бепул берилмоқда. Дорихона эса поликлиниканинг ўзида жойлашган…

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер