ЖССТ: Ўтган ҳафтада маймун чечагига чалиниш ҳолатлари 21 фоизга камайди

11:10 26 Август 2022 Дунё
741 0

Фото: Иллюстратив фото

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботига кўра, ўтган ҳафтада дунё бўйича маймун чечагини юқтирганлар сафига яна 5907 нафар бемор қўшилди.

Оқибатда апрель ойидан шу кунгача мазкур хавфли инфекция аниқланган мамлакатлар сони 98 тага етди. Касалликдан азият чекаётган беморлар сони эса 45 минг нафардан ошди.

Хусусан, янги эпидемия ўтган ҳафтада Эрон ва Индонезия давлатларига ҳам кириб борган. Шунга қарамай, 15-21 август саналарида маймун чечаги билан хасталаниш ҳолатлари ундан аввалги ҳафтага нисбатан 21 фоизга камайди.

Таҳлилларга кўра, инфекцияни юқтирганларнинг 98 фоиздан ортиғи эркаклар бўлиб, уларнинг ўртача ёши 36 га тенг. Жами беморларнинг 60 фоизи АҚШда, 38 фоизи Европа мамлакатларида рўйхатга олинган.

Ҳафталик ўсиш динамикаси асосан Африка давлатлари, хусусан, Нигерия ва Конго аҳолиси ҳиссасига тўғри келмоқда. 15-21 август кунлари мазкур қитъада 219 нафар бемор касалликка чалингани маълум бўлди. Бу 8-14 август саналарига қиёслаганда 54 фоиз юқори кўрсаткичдир.

Шундан келиб чиқиб, ЖССТ биринчи навбатда хавф гуруҳига мансуб аҳоли қатлами ҳамда тиббиёт ходимлари чечакка қарши эмланиши зарур, деган хулосада.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?