ЖССТ: Ўтган ҳафтада коронавирусни юқтирган беморлар сони 3 фоизга кўпайди

19:59 11 Август 2022 Дунё
722 0

Фото: Архив сурат

Жорий йилнинг 1-7 август кунлари дунё бўйича 6,9 миллион нафардан зиёд кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Улардан 14,5 минг нафари касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Хўш, бу аввалги ҳафтага нисбатан кўпми ёки кам? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботи шунга доир маълумотлар таҳлилига бағишланди.

Қайд этилишича, 1-7 август кунлари Ер юзида COVID-19ни юқтириш ҳолатлари 25-31 июль саналарига нисбатан 3 фоизга ортган. Асосий ўсиш динамикаси Ғарбий Тинч океани минтақаси мамлакатларига тўғри келди — 29 фоиз.

Қолган ҳудудларда эса бунинг акси кузатилди. Хусусан, касалланишлар сони Африкада 46 фоиз, Шарқий Ўрта ер денгизи минтақаси ҳамда Шимолий ва Жанубий Америкада 22 фоизга пасайди.

Инфекцияни энг кўп юқтирган беморлар Японияда рўйхатга олинди — қарийб ярим миллион нафар. Кейинги ўринни 760 мингга яқин кўрсаткич билан АҚШ банд этди. Жанубий Корея эса 713 мингдан зиёд ҳолат билан учинчи поғонага кўтарилди.

Бироз таскин берувчи хабар коронавирусдан ўлим даражаси 9 фоизга камайиши бўлди. Яъни Шарқий Ўрта ер денгизи ва Ғарбий Тинч океани минтақаси мамлакатларидан бошқа ҳудудларда сезиларли пасайиш тенденцияси қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер