Жорий йилнинг иккинчи ярмида Андижон вилоятида 392 та инвестицион лойиҳа ишга туширилади

14:51 16 Август 2022 Жамият
248 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун республикамизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга бўлган эътибор ҳар доимгидан ортган. Бунинг натижаси ўлароқ Андижон вилояти ҳам саноати тараққий этиб, ишлаб чиқариш қувватлари ортиб бораётган ҳудудлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Ҳудудий инвестициялар дастурлари доирасида 2022 йилнинг шу даврига қадар 693,3 млрд. сўмлик 133 та лойиҳа амалга оширилгани бунга ёрқин мисолдир. Асосийси, бу даврда 6200 нафардан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.

— Айни пайтда корхонамизда 1200 нафардан зиёд ишчи-ходим фаолият юритади, — дейди «Асакатекстил» МЧЖ маркетинг бўлими бошлиғи Луқмонжон Абдураҳмонов. — Корхонамизда инвестицияни тўғридан-тўғри йўналтириш орқали 2020-2021 йилларда амалга оширилган лойиҳаларимиз 30 млн. еврони ташкил этди. Маҳсулотларимиз Россия, Туркия ва Қирғизистон давлатларига экспорт бўляпти. Орттирилган даромад эвазига сочиқ ишлаб чиқариш технологиялари сотиб олинди. Янги лойиҳани ишга туширсак, яна 300 та иш ўрни яратилади.

Корхонада эришилаётган муваффақият, табиийки, ишчиларни ҳар томонлама муҳофаза қилиш кўламини кенгайтирмоқда. Яратилаётган шароит ва имкониятлардан хурсанд ҳар бир ишчи мана шу жамоа ютуғига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.

— Корхонада яратилган шарт-шароитдан мамнунмиз, албатта, — дейди «Асакатекстил» МЧЖ ишчиси Лутфия Фахриева. — Ишга махсус транспорт воситасида келамиз ва икки маҳал бепул иссиқ овқат билан таъминланганмиз. Ойлик маошларимиз ҳам яхши.

Вилоятда хорижий инвестицияларни ишлаб чиқаришга йўналтириш борасида ҳам салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш қиймати 81,2 млн. доллар ўрнига 155,4 АҚШ долларини ташкил этди. Бу билан режани 191 фоизга бажаришга эришилди. Шу билан бирга 301,7 млн. доллар ўрнига 373 млн. долларлик маҳсулот эскпорти амалга оширилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Инвестицион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари изчил давом этмоқда. Жорий йилнинг иккинчи ярмида Андижон вилоятида 11 трлн. сўмлик 392 та инвестицион лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада йилига 3,5 трлн. сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. 681 млн. долларлик эскпорт қилиш имконияти, 568 млрд. сўмлик бюджетга тушум захираси ва 20 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?