Жорий йилда аҳолининг гуруч маҳсулотига бўлган талаби юзасидан 111,2 минг гектар шоли экилиб, парваришланмоқда

14:47 03 Сентябр 2022 Иқтисодиёт
1240 0

Жорий йилда республика аҳолисини гуруч маҳсулотига бўлган талабини ички ишлаб чиқариш ҳисобига қоплаш учун жами 111,2 минг гектар, шундан асосий майдонларга 40,3 минг гектар ва такрорий экин сифатида 70,9 минг гектарга шоли экилиб, парваришланмоқда.

Қишлоқ хўжалигидаги бошқа йўналишлар каби шоличиликни ҳам замонавий технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Жумладан, шоли майдонларида ресурс ва сув тежамкор технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Шоли экишга мўлжалланган умумий майдоннинг 25,2 минг гектари лазерли текисланди, 38,2 минг гектар майдонга кўчат усулида ва 15,3 минг гектарга замонавий сеялкалар билан шоли уруғи қадалди.

Шоличиликдаги яна бир ўзгаришлардан бири шуки, ушбу йил ҳосили учун илк маротаба тегишли ҳудудларда уруғлик шоли етиштирувчилар бўйича тендер танловлар ўтказилди. Бунда уруғлик шоли етиштирувчи 356 та субъектлар танлаб олиниб, 6 минг 203 гектар майдонларга экиш учун юқори авлодли маҳаллий шоли навларининг уруғликлари етказиб берилди.

Шоли ҳосилдорлигини ошириш, янги ресурс тежамкор, юқори ҳосилли навлар яратиш бўйича Ветнам Қишлоқ хўжалиги Илмий Академиясидан 2 та мутахассис (Pham Van Nghia, Nguyen Phu Thanh) таклиф этилди ва 6 та шолининг эртапишар навлари олиб келиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида дастлабки тажриба синовлари олиб борилмоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2022 йилда республикада 485 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 55 минг тонна кўп шоли ҳосили етиштириш, бундан 347 минг тонна гуруч маҳсулот ишлаб чиқариш кутилмоқда.

Энг муҳими, ресурс тежамкор технологиялар жорий қилинган майдонларнинг ҳар бир гектаридан олинадиган шоли ҳосилдорлиги ўртача 65-70 центнерга етказилади ҳамда республика аҳолисини гуручга бўлган талабини ички ишлаб чиқариш ҳисобига тўлиқ таъминлаш ва импортни тўхтатиш имкони яратилади.

Эътиборлиси, ушбу йилда етиштириладиган юқори авлодли шоли уруғликлари ҳисобидан 2023 йилдан бошлаб республика бўйича тўлиғича сертификатланган уруғлик билан таъминлаш йўлга қўйилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?