Жонажон Ватанимиз жавоҳирлари

15:42 23 Июль 2020 Жамият
443 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

«Бу бизнинг вазифамиз, бурчимиз!»

Дунёда инсондан азиз хилқат йўқ. Тарих шоҳид: бу мукаррам зот ўз ибтидосидан буён не-не суронларни, офатларни, фожиаларни бошдан ўтказмади дейсиз?! Аммо уларнинг ҳеч бири банибашарнинг ҳаётга бўлган муҳаббатини, қалбида тутган тириклик оловини сўндира олмади. Одамлар ўртасидаги ўзаро оқибат ва инсонпарварлик эса уни тубсиз ҳалокат жарликларидан, охири йўқ талатўплардан эсон-омон олиб ўтди. Бугун эса унинг бошига яна бир оғир кулфат тушди. Бу — кўзга кўринмас, аммо қаттоллик бобида ҳар қандай офатлардан бадтар коронавирус.

Янада аниқроқ айтганда, аждодларимиз бу каби балою офатларни улкан тажриба, ақл-идрок, сабр-тоқат, юксак маънавият ва илму маърифат билан собитқадамлик билан енгиб ўтган...

Инсоният бошига тушган бугунги оғир кулфатнинг бошқаларидан фарқли жиҳати, у кўринмас, бироқ қаттоллик борасида ҳар қандай урушдан бадтар. Ҳозир дунёнинг етти ярим миллиарддан ортиқ аҳолисини битта мусибат бирлаштириб турибди — коронавирус! Шу боис бугун каттаю кичик барчанинг тилида, дилида бир гап: номинг ўчсин, коронавирус!

Айнан мана шундай оғир пайтда одамзод яна қўлига нажот қуролларини олди. Уларнинг номи — меҳр, ғамхўрлик, сабр-қаноат, ирода, қатъият, саховат, некбинлик ва албатта, ишонч. Бу, ҳар қандай ўқу снаряд отадиган, порох сочадиган аслаҳадан, ҳўлу қуруқни бирдек йўқ қиладиган бомбадан ҳам қудратлидир.

Афсуски, “тождор ёв” юксак марралар йўлига чиқиб олган она Ватанимиз сарҳадларидан ҳам кириб келди. Пана-пасқамларда пусиб ётибди, бефарқ ва бепарво таналар, боқибеғам, пуч онглар орқали ҳужумга ўтяпти. Аммо ваҳимага ўрин йўқ, саросимага тушмаслик керак. Фақат ҳушёрлик қўлдан берилмаса бўлгани!

Бугун юртимизда барча фидойи инсонлар ана шу офатга қарши аёвсиз кураш олиб бормоқда. Уларнинг орасида тиббиёт ходимларининг ўрни алоҳида. Ушбу касб эгалари шафқатсиз “фронт”да энг олдинги сафларда биринчи бўлиб “жанг”га кирдилар. Ва ҳамон кечани кеча, кундузни кундуз демай, жонини жабборга бериб, COVID-19 “қўшини” билан курашаётир. Халқнинг, миллатнинг мана шундай ҳақиқий фидокорлари эса юртимизда жуда кўп. Шаҳарлар дейсизми ёки қишлоқ ва овуллар, улар ҳар жойда ҳозиру нозир, вируснинг тожини қирқиш билан банд.

...Кўпчилигимиз Жанубий кореялик киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Сарой жавоҳири” сериалини севиб томоша қилганмиз.

Нима учун шундай, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Сабаби аниқки, у ўз Тангеми билан, вабо ўлатига қарши юракдан курашган, касбига чиндан-да содиқ ва фидойи қаҳрамони, табиб аёли билан қалбимиздан жой олган.

Сериал бош қаҳрамони Тангем меҳрибон, мард ва матонатли аёл сифатида кўнгилларни забт этган, десак, адашмаймиз.

Ушбу картинада бир ибратли эпизод бор: қишлоқда даҳшатли юқумли касаллик тарқалади. Ҳамма ваҳимага, қўрқувга тушган. Тангем эса ана шундай пайтда ҳам саросимага берилмайди. Вабога чалинишдан ҳайиқмай, одамларга ёрдамга ошиқади. Касалликнинг илдизини аниқлаб, унинг давосини топади ва халқини кулфатдан асраб қолиб, меҳр қозонади. Билим ва салоҳияти, жасорати, ўзгаларга меҳр-муҳаббати, ватанпарварлиги билан чин маънода сарой жавоҳирига айланади. Унинг касбига бўлган садоқати одам танламайди. Шоҳ ҳам, гадо ҳам бемор бўлса, ҳамиша даволашга тайёр Тангемга айланиш бугун, айниқса, муҳимдир.

Бежиз ушбу сериални ёдга олмадик. Бугунги мураккаб шароитда машаққатли меҳнат қилаётган, кўринмас “ёв”га қалқон бўлаётган юртимиздаги жамики аёл шифокорлар ва ҳамшираларни жонажон Ватанимизнинг жавоҳирлари, деб атасак арзийди.

Бинобарин, ўз ҳою ҳавасини унутиб, одамлар саломатлиги йўлида кураш олиб бораётган ана шундай аёлларимиз Тангемдан устун бўлса устундирки, асло кам эмас. Албатта, кинода ҳамма ҳам қаҳрамонлик қила олади, аммо ҳаётда эмас. Боз устига, дунёда кузатилаётган ҳодисалардан сўнг “тождор” вирус билан бевосита кураш олиб боришга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермаслиги рост.

Чунончи, оммавий ахборот воситалари орқали кузатяпмиз: баъзи чет мамлакатларда тиббиёт ходимлари “Мен ҳаётимни хавфга қўя олмайман”, деб ишдан бўшаб кетмоқда. Ўзига бошқа касб тутяпти. Лекин бизнинг шифокорларимиз ўз роҳатидан кечиб, биринчи навбатда, “беморларга ёрдам бериш керак, одамларни соғу омон сақласак, менинг оиламга ҳам, фарзандларимга ҳам шунинг яхшилиги, баракаси келади”, деган ўй, мақсад, туйғу билан хавфли инфекцияга қарши курашга отланмоқдалар. Уларни онг ва қалб бошқармоқда, Ватан, миллат туйғуси олдинга ундамоқда.

Қаҳрамонларни ҳаётнинг ўзи тарих саҳнасига чиқаради, дейдилар. Бугун шифохоналарда, стационарларда, жонлантириш бўлимларида, тез тиббий ёрдам машиналарида, хонадонлардабеморлардан, юртимиздан, умуман, бутун дунёдан COVID-19ни ҳайдаб чиқариш йўлида меҳнат қилаётган опа-сингилларимизни ана шундай қаҳрамонлар, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зеро, улар оилаларидан, фарзандларидан, ота-онасидан узоқда, боз устига, шундай иссиқ об-ҳаво шароитида астронавтларникига ўхшаш кийимларда мардонавор “жанг” олиб боряпти. Атрофида кўринмас қотил зарралар учиб юрганига ҳам парво қилмай, ўзгаларнинг ҳаётини асраб қолишга уринмоқда. Йўқотишлар, йиқилишлар, уйқусизликлар, чарчоқ ва асаббузарликлар, стресслар, инжиқликлар, кимларнингдир норозиликлари уларни тўхтатиб қола олаётгани йўқ. Чунки улар ўз қасамёдига ҳамиша содиқ, буюк аждодимиз Ибн Синонинг муносиб ворисларидир.

Буни қарангки, уларнинг кўпчилиги, ҳатто ҳақиқий қаҳрамон эканликларини билишмайди ҳам. Сўрасангиз, “Бу бизнинг вазифамиз, бурчимиз. Шунчаки ишимизни қиляпмиз”, дея жавоб қайтаришади. Аслида Юртбошимиз таъкидлаганидек, шифокорларимиз қаҳрамонлик, фидойилик кўрсатяпти...

Келинг, яхшиси, буни уларнинг ўзларидан эшитайлик.

Сўз ҳам малҳам...

Зарафшон шаҳрилик юқумли касалликлар шифокори Галия Тоимбетованинг тиббиётдаги умумий стажи 36 йилни ташкил этади. Конимех туманида меҳнат фаолиятини бошлаган кезлари гепатит ва диарея каби эпидемияларга рўбарў келганлигини инобатга олмасак, экстремал ҳолатларда муолажа чораларини илк бор кўриши.

— Биласизми, COVID-19 ўта айёр, хавфи тез кучаядиган, деярли ўрганилмаган инфекция, — дейди Г. Тоимбетова. — Яқинда касаллик аниқланган мактаб ўқувчисини олиб келишди. Ўз оёғи билан юриб келган бемор шифохона тартибини тушунтиришимизга улгурмасдан йиқилиб тушди. Аппаратга уладик, овқатланиши, жисмоний фаоллиги, тиббий муолажалар индивидуал тарзда назоратга олинди. У шифо топиб, тузалиб кетди. Демоқчиманки, ушбу инфекцияни даволашда бутун дунё шифокорлари йўл-йўлакай тажриба орттиришига тўғри келмоқда.

Шаҳримизда 7 май куни илк бемор аниқланган бўлса, ўша кундан 1 июнга қадар уйга бормай ишлашимизга тўғри келди. Тўғрисини айтсам, ҳеч ким мажбурлагани йўқ. Беморни, унинг умидвор нигоҳини унутиш қийин. Бўлди, шу касални реанимациядан чиқарайлик, уйга бораман, дейсан, навбатдагиси тушади. Уларнинг оғир аҳволини кўриб, йиғлаган пайтларим ҳам бўлди. Албатта, бундай дамларда ўз ҳаётингдан хавотир, уйқу ва қўрқув ҳам ортга чекинар экан.

Тиббиёт техник тараққиётда бугун нақадар илгарилаб кетганлиги ҳақида кўп гапирганмиз ва эшитганмиз. Бироқ коронавирусни даволашда технологик жиҳатдан қанчалик ривожланиш бўлмасин, инсон омили, куюнчаклик, бировнинг соғлиғи учун ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, фидокорлик кўрсатиш ҳал қилувчи муҳим мезон эканлиги ойдинлашмоқда.

— Шифохонамизда 79 ёшли кампир ва 13 ёшли ўсмир бир пайтда ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига олинишига тўғри келди, — дейди Г. Тоимбетова. — Бўш аппарат эса битта. Уни кекса инсонга уладик, бир қатор йўлдош касалликлари бор эди. Ўсмирнинг ёнидан эса бир лаҳза бўлсин жилганимиз йўқ. Гуруҳимиз ҳам ёнимда турди. Яратганга шукр, иккаласи ҳам тузалиб кетишди. Лекин бугун эсласам, қилган таваккалимдан юрагим орқага тортиб кетади.

Галия Колобоевна — олий тоифали шифокор. Икки фарзанднинг онаси. Бугунги синовли кунларда унга елкадош бўлган фарзандлари ва умр йўлдошининг кўмагини алоҳида таъкидлайди.

“Сўз ҳам малҳам, — дейди у, — биргина миннатдорлик каломини эшитиш, гўё бутун чарчоғингизни чиқариб юборади!”

Касбидан фахрланиш ҳиссининг биллур томчиларга эврилиши

— Шу йилнинг 20 мартидан бошлаб, муассасамиз госпиталга айлантирилди ва бу ерга COVID-19 билан касалланганларни ётқизиш режалаштирилди, — дейди Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бўлим мудири Дилфуза Орзиқулова. — Фаолиятимизда бундай ҳолатга биринчи марта дуч келаётгандик. ОАВ орқали ушбу мавзу кенг ёритилса-да, очиғи, янги инфекция ҳақида ҳеч нарса билмасдик. Тўғри, шифокормиз, лекин биз ҳам инсонмиз. Бизда ҳам қўрқув бор эди. Ростини айтганда, бу ҳадик ўзимиз учун эмас, оиламиз, яқинларимиз учун...

Лекин госпиталда ишлайдиганлар рўйхати тузилаётганда, ҳеч иккиланмасдан ўзимни унга киритишларини сўрадим. Тўғри, оилам, яқинларим мен ҳақимда кўп қайғуришди. Зотан, бунга асос ҳам бор эди: кейинги тақдирим қандай кечади, бу касаллик менга бўйсунадими ёки... Ҳаммаси қоронғи эди. Кўп ўтмай, оила ва яқинларимиздан айрилган ҳолатда ишни бошладик. Биласизми, Яратганнинг ўзи инсонга савоб ишлар учун куч ва қувват бахш этар экан. Саккиз — ўн икки соатни ичига ҳаво ўтқазмайдиган махсус кийимда ўтказишга ҳам кўникдик. Тилимизда бир гапни қайта ва қайта такрорлаймиз: “Худойим куч-қувват бер, сабру тоқат бер”.

Ажал исканжасида соатлар, кунларни ўтказишимизга нима ёрдам берди? Палаталарда кўзи қўрқувдан милтиллаётган беморлар. Улар сизга умид ва нажот кўзи билан қарайди. Сиз уларга далда бўлишингиз керак. Бундан ташқари, ҳамширалар, санитаркаларнинг иши ҳам ўта оғир. Бир нечтаси ҳушидан кетиб қолади. Ўзига келганда уларнинг шашқатор кўз ёшлари ва дардини эшитишнинг ўзи бўлмайди. Уларга ҳам далда бўлиш лозим.

Шу ерда бир чекиниш қилмоқчиман. Албатта, бу ерга ҳамма ватанпарварлик ҳисси билан кирмайди. Айримлар пул учун. Баъзилар ўз касби ва қасамига садоқати учун. Умуман олганда, 14 кунлик касаллик билан кураш ҳаммани бир тан, бир кучга айлантирди. Аёл учун энг оғир иш бу, ҳафталаб оиласидан айри ҳолда меҳнат қилиш. Кичик фарзандларини уйига ташлаб чиққан онаизорни, жонидан азиз невараларидан вақтинчалик бўлса-да айрилган улуғ ёшдаги шифокорларни тасаввур қилинг!

Ўтган вақт мобайнида икки марта 14 кундан касалларни даволаш жараёнида бевосита қатнашдим. Шу даврда 200 дан зиёд беморларнинг шифо топишида ўз ҳиссамни қўшганимдан мамнунман.

Сабру қаноат ила ҳар 14-кунни ҳаммамиз кўзимизда ёш билан кутиб оламиз. Бу кўзёшлар — қувонч ёшлари. Таъбир жоиз бўлса, касб-коримиздан фахрланиш ҳиссининг биллур томчиларга эврилишидир.

«Онажон, мен ҳам сиз каби шифокорлик касбига содиқ бўламан»

— Бугун ҳар қачонгидан кўра халқимизга кўпроқ керакмиз, — дейди Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонаси қабул бўлими мудири, олий тоифали шифокор Азима Ғаниева. — Шуни ҳис этган ҳолда биз ҳаммадан кўра оғир ва босиқ, айни чоғда, шижоатли бўлишимиз шарт. Шунданми, дам олмасдан узлуксиз равишда 20 кун шифохонада ишладим. 14 кун карантинда ҳам бўлдим. Хуллас, бир ойдан зиёд вақт давомида оиламдан хабар ололмадим. Шундай бўлса-да уйимдагилар буни яхши тушунишади. Улардан ҳам миннатдорман. Мен кўпроқ шифохона қабул бўлимида хатарли вазиятда ишлаётган 15 нафар ходимимизнинг коронавирусга чалинмаслиги учун барча зарур чораларни кўриш ҳақида ўйладим, уларнинг ҳимоя воситаларидан нечоғли тўғри фойдаланишларини назорат қилдим.

Биласизми, энг муҳими, уйга борганимдан сўнг тиббиёт институтида ўқийдиган қизим Шаҳноза 34 кун мобайнида тиббий маскани ечмаганим учун юзимда қолган изларга боқиб, “Онажон, мен ҳам сиз каби шифокорлик касбига содиқ бўламан”, деганида қалбим қувонч ва ифтихор туйғуларига тўлиб-тошди...

Ушбу шифохона бўлим ҳамшираси Гулчеҳра Жумаеванинг айтишича, 60 га яқин шифокорлар, 300 дан зиёд ҳамширалар туну кун беморлар атрофида парвона бўлиб, уларнинг тезроқ соғайишлари учун ўзларининг бой билим ва тажрибаларини ишга солиб келмоқдалар.

— Амалиётимизда ҳеч қачон учрамаган касаллик билан курашишнинг ўзи бўлмайди, албатта, — дейди у. — Очиғи, мураккаб шароитда ишлаш ҳар қандай кишини ҳолдан тойдиради. Лекин ўнлаб беморларнинг соғайиб, оилалари бағрига қайтишганини кўрганимизда чарчоқни унутамиз, қушдек енгил тортамиз. Дарддан фориғ бўлган юртдошларимизнинг миннатдор нигоҳларини бир умр унутмайман.

Вақтдан ўзиб...

Сирдарё вилояти юқумли касалликлар шифохонаси лаборанти Ҳанифа Мамараҳимова эса 11 июлда ишга келганича, ҳали уйига боргани йўқ. Чунки вазият талаби ва тартиби шундай: 14 кун узлуксиз ишда бўлиши керак. Яна коронавирус билан боғлиқ барча таҳлилларни ўзи олиб, натижасини ўзи чиқариши лозим. Негаки, бу “кўринмас бало” билан энг тажрибали лаборант ҳамширалар шуғулланиши зарур бўлгани ҳолда, юқтириб олмасликлари учун ходимларга камроқ юзма-юз келгани маъқул. 

Ҳанифахон — малакали мутахассис. Сабаби 2005 йилдан буён таҳлил билан шуғулланади. Шу кунларда бир кеча-кундузда 55 тагача “анализ” унинг қўлидан ўтмоқда.

“Вақтдан ўзиб” деган ибора бор. Бир қарашда бу гап муболаға бўлиб туюлади. Аммо Ҳанифа Мамараҳимованинг ҳозирги меҳнат жараёнига ҳеч иккиланмай мана шу таърифни бериш мумкин. Қаранг, у ўша 50 дан зиёд таҳлилларнинг ҳар бирига бир ярим соат вақт сарфлайди. Хусусан, битта биохимия таҳлили устида еттита натижа бўйича текширув олиб боради. Энг муҳим бўлган, умумий, яъни умумий таҳлилда даволовчилар учун энг зарур маълумот — қоннинг қуюқлашув ҳолатини аниқлаб беради. Биохимияда эса коронавирусда хавф солувчи қон миқдорини текширади. Буларнинг ҳаммаси муҳим ва ҳаммаси шошилинч. Бунинг устига реанимациядаги беморлардан кунига таҳлил олиш ва унинг натижасини докторларга ўз вақтида тақдим қилиши керак. Дейлик, у тунги соат 24 да ишларини тугатди, аммо телефон жиринглайди, топшириқ бўлади: қайсидир беморнинг таҳлилини тезда чиқариш керак.

— Дастлабки биринчи, иккинчи кунларда, рости, қийналдим, — дейди у. — Кейин барчаси изга тушиб кетди. Фақат ўғлим Беҳрўз ва қизим Хуморани соғинганимни айтмаса, ҳаммаси жойида...

Карантинда тўйни орзу қилган ҳамшира

Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг 20 йиллик тажрибага эга ҳамшираси Малоҳат Расулова илк беморлар билан юзма-юз бўлган ҳолатни шундай хотирлайди:

— Фаолиятимиз давомида бу каби ҳолатларга дуч келмаганимиз учун барча ҳамширалар “шок”ка тушиб қолди. Аксига олиб руҳий тушкунликка учраган беморлар ҳаддан ташқари инжиқ бўлиб қолади. “Бу ердан бизни оқ целлофан пакетларга ўраб чиқарасизлар энди”, дея умидсизликка тушганлари бўлди. Беморлардаги депрессия ҳамшираларга ҳам таъсир қилмай қолмайди, албатта. Аммо иложи борича бундай ҳолатлардан ортиқча таъсирланмасликка ҳаракат қилдик. Бемордаги ваҳимани тушуниш ва тузатиш мумкин. Бироқ шифокор ва ҳамширадаги ваҳима кўп салбий оқибатларга олиб келади. Шу касбни танладикми, нафақат чидашимиз, балки меҳнатсевар ва фаол, айниқса, вирусга қарши шафқатсиз бўлишимиз шарт. Ҳиссиётларнинг эса ўз вақти-соати бор.

Унинг айтишича, бошида касалларнинг тузалиш жараёни жуда қийин кечган.

— ЖССТ томонидан белгиланган меъёрлар асосида олиб борилаётган даволаш ишларига қарамай, илк бемор тузалишини барча интиқлик билан кутди, — дея эслайди у. — Ниҳоят, малакали тиббий хизмат ва яратилган қулай шарт-шароитлар самара бериб, дардмандлар бирин-кетин оёққа турди. Тўғри, норози бўлаётган, ношукрлик қилаётган беморлар ҳам йўқ эмас. Буниям тўғри тушуниш керак. Биз эса уларни хотиржам қилишимиз шарт. Шунинг учун зарурат туғилса, ҳамшираларимиз беморларнинг боши, қўл-оёқларини уқалаб қўяди, шахсий гигиена воситаларигача ўзлари олиб келиб беришади.

Беш-олти соатлаб махсус қўлқоп, кийим-кечакларда иссиқда ишлаймиз. Юз-қўлларимиз терилари шилиниб, оғриқ беради. Аммо беморнинг олдига кирганда, фақат табассум, яхши кайфиятда бўлиш зарур. Фидойи ҳамширалар ширин сўз, самимий кулги ҳам бемор учун ярим даво эканлигини яхши билишади.

...Малоҳат опа қарийб 1 ой уйига бормай ишлади. Кейин 14 кун санаторийда карантинда бўлди. Яхшиямки, телефон бор. Ҳар куни оила аъзолари билан телефон орқали дийдорлашиб турди.

Албатта, фидойилик рағбатсиз қолиб кетмаяпти. Масалан, меҳнатлари самараси сифатида икки муддат карантинда ишлаган тажрибали ҳамшира ойлик иш ҳақига қўшимча рағбатлантириш тариқасида 30 миллион сўм миқдорида мукофот пули олди.

— Бу йил иккинчи ўғлим Собиржон Алижонов Тошкент тиббиёт академиясини тамомлаб, Фарғона шаҳридаги 1-оилавий поликлиникада умумий амалиёт шифокори сифатида иш бошлади, — дейди у. — Худо хоҳласа, карантиндан қутулсак, ўғлимни уйлантирмоқчимиз. Мукофот пулининг бир қисмини ана шу тўйга атаб қўйдик. Бир қисмини ота касбини танлаб, Фарғона политехника институтининг энергетика йўналишида ўқиётган ўғлимнинг контракт пули учун тўлаймиз. Катта ўғлим иқтисодчи, кенжатойимиз Нозимжон Фарғона шаҳридаги 2-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси. Мана шундай қанотларим бор экан, улар менга бу ҳаётда туганмас куч-қувват, ирода бераверади.

Ватаннинг матонатли фарзандлари бор экан, ҳадигу хавотирга ўрин йўқ

Ҳукуматимиз халқни бу офатдан асраш учун барча чораларни кўрмоқда. Кўп минг кишилик карантин марказлари, шифохоналар бунёд этилди. Тиббиёт ходимлари, фидойи инсонлар кечаю кундуз сергак. Ҳар куни касалликдан фориғ бўлаётган ҳамюртларимиз сони ортмоқда.

Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида ҳам тиббиёт соҳаси вакиллари коронавирус инфекциясига қарши курашишда жонбозлик кўрсатмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Камолиддин Раҳимовнинг айтишича, ушбу муассаса жорий йил март ойидан эътиборан COVID-19га гумон қилинган беморларни даволовчи провизор шифохона сифатида фаолият юритаётганди. Орадан тўрт ой ўтгач, яъни 8 июлдан бошлаб, коронавирус билан оғриганларни даволашга мўлжалланган госпиталга айлантирилди.

Пандемия даврида шифокорлар 1400 нафардан ортиқ кишиларнинг саломатлигини тиклашга эришишди. Уларнинг 142 нафари эса айнан коронавирусга чалинган фуқаролар эди.

Кўз илғамас “ёв”га қарши курашнинг олдинги сафларида жасорат кўрсатаётган шифокорлардан бири — Раъно Қодирова. Ушбу шифохонанинг бош врачи, 69 ёшли бу аёлдаги ғайрат-шижоат ёшларга ўрнак бўларли даражада.

— Оиланг ва яқинларингдан маълум муддат узоқда бўлиш, албатта, осонмас, — дейди у. — Лекин ҳозир ҳиссиётларга бериладиган пайт ҳам эмас. Биз бу ерда кўпроқ керакмиз. Беморлар дарддан тезроқ халос бўлса, улар ҳам уйига эсон-омон қайтса, шу жараёнларни кўрсак, ҳар қандай машаққатни, ҳар қандай қийинчиликни зумда унутамиз.

Жамоамизда фидойилар кўп. Мен шу ўринда юқумли касалликлар шифокори Юлдуз Тўхтаева, ҳамширалар Дилором Аҳмедова, Сапура Икромова, тиббиёт ходимаси Шоҳида Салимова, Хабира Гуляева, Дилором Жабборова, Назира Абиддинова, Барно Ҳожиматова, Ақида Алихўжаева, шунингдек, Аброр Турғуновни алоҳида эътироф этган бўлардим. Улар юқумли касалликлар шифохонаси Тошкент вилояти карантин ҳудудига айлантирилганидан сўнг ҳам бу ерни тарк этишмади. Одамлар соғлиғини ўз соғлиқларидан устун қўйишди. Чинакам матонат кўрсатишди. Шундай инсонлар бор экан, ҳар қандай хавф, ҳар қандай касалликни, албатта, енгамиз!

Ўзи ва ўзгалар ҳаётига масъуллик онгу қалбда илдиз отса...

— Юртимизда коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини бошлангани, касаллик эса кўпинча аҳоли орасида учраётгани ҳақида бот-бот гапирилмоқда, — дейди Тўрткўл тумани тиббиёт бирлашмаси инфекционисти Юлдуз Сапаева. — Масалан, июль ойидан бошлаб туманимиз тиббиёт бирлашмасига мазкур касаллик бўйича мурожаатлар кела бошлади. Бугунги кунда касалланиш ҳолатлари ҳар хил. Хусусан, у ўпка фаолиятига ёмон таъсир кўрсатиши сабабли енгил, ўртача ва оғир ҳолатларни бошдан кечираётганлар бор. Уларни назорат қилиш ва даволаш учун ҳар бир ҳудуднинг ўз шифокорлари масъул қилиб бириктирилган. Йил аввалида бирлашма шошилинч тиббий ёрдам бўлимига учта сунъий нафас олдирувчи ускуна келтирилган эди. Бугун уларнинг сони тўққизтага етди. Шуларнинг ёрдамида 240 нафар шифокор ва 680 нафар ҳамшира касалликка қарши кураш олиб боряпти.

Жамоамизда ўз касбига сидқидилдан ёндашиб ишлаётган мутахассислар етарли. Улар беморлар дардига малҳам бўлиб, касалликни енгишларида кўмак бермоқда.

Ўзим инфекционист шифокор сифатида фаолият юритаётганимга уч йил бўлди. Лекин кучли ва аҳил жамоада тез тажриба тўплаб, коронавирусдан беморларни муваффақиятли даволаяпмиз. Бу борада зарур муолажаларни ўз вақтида ва тезкор бажариш ўта муҳимдир.

Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино юқумли касалликнинг олдини олишда, аввало, хотиржамликни сақлаш зарурлигига эътибор қаратган. Шундай экан, ваҳимага тушмаслигимиз керак! Қувонарлиси, шундай даволанувчилар борки, улар шўх мусиқа тинглаб, нафақат ўзларини, балки атрофидагиларнинг ҳам кайфиятини кўтаради. Уларни даволаш ҳам енгил кечади. Баъзиларда эса тушкун кайфият ҳукм суради. Уларни яхши сўз билан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз. Касб тақозоси юзасидан бўладиган қўнғироқлар орқали ҳам одамларга биринчи навбатда хотиржамлик зарурлигини, зеро, ваҳима инсон иммунитетини пасайтириб юборишини тушунтирамиз.

...Дарҳақиқат, пандемиянинг чўзилиши ҳам, уни қисқартириш ҳам ўз қўлимизда. Бугун таҳдид солаётган коронавирус халқимизга келган бир синов. Ана шу синовдан қандай чиқиб кетиш ҳар бир кишининг азму қарори, шижоатига боғлиқ. Зеро, киши қанчалик мукаммалликка интилса, ўзида камоллик сифатларини шакллантирса, шунча кўп ён-атрофига нисбатан бефарқлик, лоқайдликни бартараф этади. Инсон риёзат чекмаса, ўзлигини ёниб изламаса, ҳақиқат сари фақат онги эмас, борлиқ вужуди билан интилмаса, унинг кўнгил кўзгуси сайқалланиши ҳам мушкул. Шу маънода, кўринмас “ёв”нинг тезроқ юртимиздан даф бўлишини истасак, ўзимиз, оиламиз, яқинларимизнинг соғ-саломат юришини хоҳласак, ҳозирги карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт!

Президентимиз таъбири билан айтганда, биз пандемияни қачон енгамиз? Қачонки, ҳар бир одам ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи, оиласи ва фарзандлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса.

Биз шунга қодирмизми? Албатта, қодирмиз. Ишончимиз комил, бугунги вазиятнинг ўзи тақозо этаётган мана шундай ҳиссиёт ва қарашлар ҳар бир юртдошимизнинг қалби ҳамда онгига чуқур кириб боради. Ва биз бу синовдан, албатта, муносиб ўтамиз.

Бу йўлда туну кун меҳнат қилаётган шифокор ва ҳамшираларимиз — оқ халатли нажоткор фаришталаримиз ўзининг фидойилиги, жасорат ҳамда матонати билан ҳар биримизга кўтаринки руҳ бахш этади, ўрнак ва ибрат бўлади.

Қаҳрамонларимиз қаршисида биз ҳамиша таъзимдамиз!

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?