Жомашўй шаҳарчасида соғломлаштириш йўлаклари барпо этилмоқда

11:47 18 Октябр 2021 Жамият
239 0

Фото: Қудратилла Нажмиддинов / Халқ сўзи

Инсон саломатлигини мустаҳкамлашда жисмоний машқлар, жумладан, пиёда юриш ва велосипедда ҳаракатланишнинг аҳамияти беқиёс. Айниқса, бугун дунё миқёсида кам ҳаракатлилик туфайли оғир хасталикка чалиниш ва ўлим кўрсаткичлари ошиб бораётган бир пайтда барчани – ёшу кексани жисмоний фаолликка чорлаш мақсадга мувофиқ.

Шу маънода Мингбулоқ тумани маркази - Жомашўй шаҳарчасининг Мустақиллик маҳалласида соғломлаштириш йўлаклари барпо этилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Узунлиги 2,7 километрга тенг йўлак кенглиги 20 метр бўлган автомобиль йўлининг икки ёнидан жой олаётир.

-Соғломлаштириш йўлаги пиёдалар ва велосипед ҳайдовчиларга мўлжалланган, - дейди пудратчи ташкилот - “Бунёдкор Мубошер” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Шерзодбек Хайитов. - Ўзига хос дизайндаги бу йўлакларга юқори сифатли плиталар ётқизилмоқда. Ушбу лойиҳа учун 7,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Замонавий тунги ёритиш чироқлари билан янада нурафшон бўладиган ушбу йўлак бўйлаб волейбол, баскетбол ўйинлари учун иккита очиқ спорт майдончаси ва тренажёр зали ҳам қуриляпти. Қурувчилар ишни ноябрь ойи охиригача тугатиш ҳаракатида.

Маълумот учун, соғломлаштириш йўлакларининг дастлабкиси яқинда Наманган шаҳри кўчаларидан бирида фойдаланишга топширилган эди. Ҳозирда барча туманлар марказида қурилаётган шундай йўлаклар теза орада фойдаланишга топширилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?