Жиззахда оптик толали кабеллар ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланди

18:35 06 Октябр 2020 Иқтисодиёт
300 0

«Жиззах» эркин иқтисодий зонасида «Оптик толали алоқа кабелларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш» лойиҳаси доирасида “Global Optical Communication Uzbekistan” (“GOC-UZ”) МЧЖ қўшма корхонаси қурилиши учун пойдевор қўйиш тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходимлари, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, «Жиззах» ЭИЗ вакиллари, “GOC-UZ” қўшма корхонасининг хорижий инвесторлари ва юртимиздаги вакиллари, «Ўзбектелеком» АК вакиллари, қурилиш ташкилоти раҳбарияти ва ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Оптик толали кабеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Global Optical Communication Uzbekistan” МЧЖ Қўшма корхонасига 2019 йил асос солинган. Ишлаб чиқарувчи корхона «Жиззах» ЭИЗда «Ўзбектелеком» АК ва Жанубий Кореянинг хорижий инвесторлари: “Global Optical Communication Co. Ltd.” ва “Uni Asset Global Co. Ltd.” компаниялари билан биргаликда ташкил этилган. Корхона йилига 50 минг километрлик оптик толали алоқа кабеллари ишлаб чиқариш қувватига эга.

— Қўшма корхонанинг устав капитали 11 миллион АҚШ долларини ташкил этади, бунда Жанубий Корея компаниялари (55%) – 6 050 000 АҚШ доллари ва Ўзбекистон тарафидан «Ўзбектелеком» АК (45%) – 4 950 000 АҚШ доллари ташкил этади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамол Махсудов. — Жорий йилда, корхонанинг биринчи босқичда “Global Optical Communication Uzbekistan” ҚКнинг «Жиззах» ЭИЗдаги ҳозиргача мавжуд биносида Корея, Япония ва Хитой компанияларининг замонавий ускуналари ўрнатилиб, айрим маҳсулотларнинг намуналари ишлаб чиқарилмоқда ҳамда кореялик мутахассислар билан бирга вилоят ёшлари иш ўрганишмоқда.

Корхонанинг янги қурилаётган иккинчи босқичи 4,5 гектар майдонни эгаллайди ва 2021 йилдан бошлаб 50 минг километрлик оптик кабелларни ишлаб чиқаради ва қўшимча 100 та янги иш ўринлари яратилади. 2022 йилга бориб ишчиларнинг сони 300 нафарни ташкил этади.

Толибжон ЭРГАШEВ
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?