Жиззахда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш логистикаси ривожланмоқда

12:27 13 Май 2020 Жамият
443 0

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаларини барча тармоқ ва соҳаларда эришилаётган ютуқлар ёки амалий ҳаракатларда кўришимиз мумкин. Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида экин майдонлари сезиларли даражада кенгайтирилди.

Ҳозирги амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, инсоният ҳар қандай шароитга тайёр туриши керак экан. Карантинда жаҳон мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бир қанча саноат ва ишлаб чиқариш тармоқлари иш фаолияти тўхтаган ёки секинлашган даврни бошдан кечирмоқда. Лекин озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳажми тўхтаган ёки секинлашгани йўқ, аксинча ошмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан охирги уч йилда қишлоқ хўжалиги тармоғида кескин ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу қанчалик тўғри эканини бугунги кун амалиёти кўрсатиб берди.

Инсон эҳтиёжлари ичида бирламчи эҳтиёж бу – озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади. Шунинг учун туманларни мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш, маҳсулот етиштирувчиларни мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларга бирлаштириш каби амалий чоралар кўрилмоқда.

Бу орқали биз нафақат маҳаллий бозорларимизни озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш, балки жаҳон бозорлари талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйишимиз зарур. Бунинг дастлабки ҳаракати сифатида республика бўйича 55 туман мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилди. Аммо амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ҳудудларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилмаган. Чунки, бизнинг қишлоқ хўжалиги тармоғимиз бунга тайёр эмас.

Президентимизнинг 2020 йил 11 майдаги “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори бу борадаги ишлар самарадолигини оширишга хизмат қилади.

Қарорда қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, туманлар ҳудудларини тупроқ-иқлим шароитларига мос боғдорчилик, узумчилик, сабзавот-полизчилик, картошкачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш орқали ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этиш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш йўллари кўрсатилган.

Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш, республика ҳудудларини босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қилиниши керак бўлган ишлар кўрсатиб ўтилган. Ҳудудлардаги ер майдонларида асосан пахта ва ғалла маҳсулотлари етиштирилган. Шунга мос равишда ҳалқимиз ҳам, умуман, қишлоқ хўжалиги тармоғидаги мутахассислар ҳам бу ҳолатга мослашиб қолган эди.

Қарорнинг афзаллик тарафларидан бири – рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этишга қаратилганлигидадир. Мамлакатимизда ер майдонлари суғориладиган, суғорилмайдиган (лалми, тоғли) ва чўл ҳудудларига ажратилади. Суғориладиган ер майдонларимизга нисбатан, суғорилмайдиган ва чўл ҳудудларимиз кўпроқ миқдорни ташкил этади. Суғориладиган ер майдонларимизда ҳам шу кунгача пахта ёки қисман ғалла маҳсулотлари етиштириб келинган.

Жиззах вилояти деганда кўз олдимизда фақат пахта майдонлари шаклланади. Янги қарорга кўра, вилоятнинг айрим ҳудудларини 2020-2022 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга, жумладан, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва доривор ўсимликлар ҳамда иссиқхона хўжаликларига ихтисослаштириш кўрсатилган.

Қарорга асосан, 2020-2022 йилларда боғдорчилик хўжаликларида ташкил қилинадиган ҳар 35 гектар интенсив боғ ва токзорларга сув чиқариш учун 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия маблағлари ажратилади. Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 6 миллиард сўм маблағи эвазига 6 дона бурғилаш машинаси харид қилиниб Жиззах вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига беғараз ажратилади.

Ушбу вазифалар ижроси таъминланиши ҳудудларда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш бўйича кенг имкониятлар яратади. Жумладан, Жиззах вилоятининг кўпгина туманларида қишлоқ хўжалиги соҳасида янги имконият пайдо бўлмоқда. Эндиликда бу ҳудудларда янги иш ўринлари яратилиб, ердан йилда бир марта эмас, балки икки-уч марта ҳосил олиш учун шароит бўлади. Қолаверса, Жиззах вилояти республикамизнинг марказида жойлашгани ҳам бу ерда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини бошқа ҳудудлар бўйлаб етказиб беришда яхши имконият, транспорт логистикаси учун эса қулай шароитдир.

Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?