Жерар Депардье иштирокидаги «Менинг ўзбекча орзуим» ҳужжатли фильмининг премьераси бўлиб ўтди

09:47 09 Октябр 2020 Маданият
859 0

Франциянинг миллионлаб томошабинларга эга етакчи телеканалларидан бири - «Paris Première»да Ўзбекистоннинг Франциядаги туризм элчиси ва таниқли актёр Жерар Депардье иштирокидаги «Менинг ўзбекча орзуим» ҳужжатли фильмининг премьераси намойиш этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ҳужжатли фильм Франциянинг «B-Tween» продюсерлик компанияси томонидан Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси, мамлакатимиз Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ҳамда «Uzbekistan Airways» АЖ ва «Ўзбеккино» агентлиги кўмагида суратга олинган.

Фильмни тайёрлаш жараёнида элчихона томонидан Туризм давлат қўмитаси кўмагида 2019 йил француз ижодий гуруҳининг Ўзбекистонга икки маротаба сафари уюштирилди. «B-Tween» компанияси, «Paris Première» телеканали, шунингдек, ўз олдига «француз телетомошабинлари учун Ўзбекистоннинг ўрганилмаган янги қирраларини очиб бериш» вазифасини қўйган Жерар Депардье билан қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.

«Менинг ўзбекча орзуим» Жерар Депардьенинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Нукус, Мўйноқ ва Тошкент шаҳарларида ёрқин из қолдирган тарихий цивилизациялар сари амалга оширган саёҳатига бағишланган. Фильмнинг бош қаҳрамони ўзининг қизиқарли саёҳати давомида Ўзбекистонни «турли динларга эътиқод қиладиган халқлар тинч-тотув яшаб, бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлаётган, Ватан фаровонлиги йўлида ёнма-ён меҳнат қилаётган бағрикенг мамлакат» сифатида кашф этган.

Жерар Депардье фильм давомида мамлакатимизнинг турли минтақаларига ташриф буюради, ўзбек ҳунармандлари маҳсулотлари билан танишади, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашади, миллий таомлардан татиб кўради.

Ҳужжатли фильм таниқли актёрнинг қуриб қолган ва йўқолган денгиз тушига киргани ҳақидаги ҳикояси билан бошланади. Бу Ўзбекистондаги Орол денгизи - Марказий Осиёнинг юраги эди. Фильм қаҳрамони бу сирли жойни ўз кўзлари билан кўриш иштиёқида ёнар эди.

Француз актёри Ўзбекистон тарихи ҳақида ҳикоя қилар экан, мазкур маскан асрлар давомида турли цивилизациялар чорраҳаси бўлганини таъкидлайди. Замонавий Ўзбекистон дунёга очилаётгани, бу ерда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва қирқ бешта конфессия вакиллари тинч-тотув яшаётгани қайд этилади.

Регистон майдонига ташриф буюрар экан, актёр Шарқнинг энг буюк ва машҳур меъморий ансамбли ҳисобланадиган бу тарихий жойни ер юзидаги етти мўъжизадан бири, деб атайди. «Карвонлар йўлидаги воҳа - Самарқанд «Минг бир кеча» эртакларидан олган тасаввурларимни хаёлимда яна бир бор гавдалантирди», — дейди Ж.Депардье. Фильмда машҳур саркарда ва давлат арбоби Амир Темур шахсининг мамлакат тарихидаги аҳамияти ва ролига алоҳида эътибор қаратилган. «Ўзбекистонда аждодларга алоҳида ҳурмат-эътибор қаратилади. Бу ерда боболар тажрибасини ўрганишни яхши кўришади. Айнан шу жиҳат билан маҳаллий маданият Ғарб маданиятдан фарқ қилади», - дея фильм қаҳрамони ишонч ҳосил қилади.

Ўзбекистонда истиқомат қиладиган халқлар ҳақида сўз кетар экан, бу ерда асрлар давомида кўплаб миллат вакиллари тинч-тотувликда яшаб келаётгани таъкидланган. «Бугун уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари, уларнинг ҳар бири кўплаб ўзбеклар сингари тўртта тильда гаплаша олади. Бу ерда кўпчилик, жумладан, французчада ҳам сўзлашади», — деб таъкидлайди у.

Ж.Депардье Х асрдан буён катта таъсирга эга Бухорони «Шарқ цивилизациясининг маънавий пойтахти ва маркази», деб атайди. Фильмда ушбу заминда келиб чиқиши туркий ва форсий бўлган кўплаб халқлар, шунингдек, яҳудийлар ва араблар яшаганлиги ҳақида ҳикоя қилинади. «Шаҳар энг муҳим савдо йўллари чорраҳасида бунёд этилган, бу ерда халқларнинг тинч-тотув ҳаёт кечириши фаровонликнинг асосий шарти эди. Бундай сокин турмуш кечириш бугунги кунгача сақланиб қолган».

Фильмда Бухоронинг тарихий қисмидаги маҳобатли меъморчилик намуналари ва унинг тарихий аҳамияти батафсил баён этилган. Алоҳида ҳикоя анъанавий тўй маросими ва «Мавриги» мусиқий меросига бағишланган.

Ж.Депардье Ўзбекистонда тинчликсевар ислом динига эътиқод қилиниши ҳақида гапирар экан, тасаввуф фалсафасига алоҳида тўхталади. «Бу оқим универсалдир, чунки у инсон ирқи, миллати, тили ва маданиятидан ташқарида яшайди. Бу - ислом динининг тасаввуфий таълимотидир, илоҳийликка интилиш жараёнида ички мукаммаллашув, ўзликни излаш йўлларидан биридир. Бу – донолик, чин инсонийлик йўли ва тажрибадир. Бу имон юракдан юракка ўтади, бу илоҳий кучга бўлган муҳаббат йўли», — деб таъкидлайди фильм бош қаҳрамони.

«Мен Бухоро ҳақидаги биронта матнда этник ёки диний асосдаги зиддиятларга заррача ишора ҳам топмаганман. Бухоро бугунги кунда ёнма-ён яшашда муаммолар қайнаб ётган жойлар учун катта ўрнак бўла олади. Бу ерда мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар, ўзбеклар, тожиклар, руслар елкама елка истиқомат қилади ва бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлади. Улар қадим замонлардан буён тинч-тотув яшаб келмоқда», - деб таъкидлайди Ж. Депардье.

Фильмда деворлар билан ўралган Хива ҳақидаги лавҳаларда «шаҳар Буюк ипак йўли орқали Эронга кетаётган карвонлар тўхтаб ўтган қадимий воҳанинг бир қисми» бўлгани акс эттирилган. Бундан икки минг йилдан кўпроқ вақт олдин зардуштийлик даврида пайдо бўлган Хива қўғирчоқ санъатига алоҳида эътибор қаратилган. Қўғирчоқлар томошаси бугун ҳам яшаб, ушбу санъат тури мухлисларини хурсанд қилиб келмоқда.

Қорақалпоғистон чўлларига ҳам ижодий гуруҳнинг алоҳида ҳикояси бағишланган. Француз актёри таниқли ёзувчи Антуан Сент-Экзюперининг чўлни доимо хуш кўргани ҳақидаги сўзларини эслайди. Атоқли адибнинг чўл шароитини тасвирлаб ёзган бетакрор сатрларини келтирар экан, фильм қаҳрамони «чўл сукунатини эшитмаган киши ҳақиқий сукунатни билмайди», деган фикрларига қўшилади. Шунингдек, ҳужжатли картинада хорижлик сайёҳлар эътиборини доимо ўзига тортадиган кўчманчиларнинг анъанавий уйлари ҳақида катта қизиқиш билан ҳикоя қилинади.

Картинанинг қизиқарли мавзуларидан яна бири – бу «чўлдаги Лувр» деб ном олган Игор Савицкий номидаги Нукус давлат санъат музейи билан танишув саҳнасидир. Бу ерда сақланаётган рус авангарди асарлари коллекцияси аҳамияти ва ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. «Мен саёҳатимнинг ушбу қисмини интиқлик билан кутдим», — дея таъкидлайди Ж. Депардье.

Орол денгизи экологик офатига бағишланган саҳифаларда бу фожеа минтақа фаровонлигига тикланмас зарар етказгани қайд этилган. Орол денгизининг яланғоч тубидан шамол олиб келаётган туз касридан қадимги воҳалар, дарёлар, кўллар, ботқоқликлар ва ўрмонлар ўз ҳусн-таровати, ҳосилдорлигини йўқотган.

«Мен Ўзбекистон йўлларида кездим, унинг бир юз ўттиздан ортиқ миллати ҳаётини кузатдим, уларнинг бағрикенглиги ва донолигини ҳис қилдим, санъат дурдоналари бир киши хизмати билан сақлаб қолинган Нукусда бўлдим. Бу ўлка Осиёнинг бир бурчаги эмас, балки цивилизациянинг энг муҳим чорраҳаларидан биридир. Тошкент - замонавий пойтахт, Ўзбекистоннинг энг йирик шаҳри. Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисми йигирма беш ёшга тўлмаган йигит-қизлар ҳисобланади», - дея хулоса қилади Ж.Депардье.

Фильм сценарий муаллифи ва режиссёри Ароно Фрилленинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатли картина Ўзбекистоннинг ёрқин ифодалайдиган воситага айланади, у мамлакатни узоқ тарих ва бой анъаналарга эга мафтункор сайёҳлик маскани сифатида намойиш этади.

«B-Tween» кинокомпанияси Парижда ташкил этилган бўлиб, Франция ва хорижий мамлакатларда кино ва аудиовизуал маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Сўнгги 10 йил ичида у маданий телевизион лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда ва француз аудиовизуал холдинги таркибига киради. «France Télévisions», «ARTE», «EuropaCorp» ва бошқа етакчи компаниялар билан ҳамкорлик қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?